1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Агар етим болани ўз фарзанди сифатида асраб олмоқчи бўлса унинг қонун-қоидалари...

16:40 / 27.04.2016 4045 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Динимизда етим болага қилинган яхши муносабат кўплаб савоблар келтириши айтилади. Агар етим болани ўз фарзанди сифатида асраб олмоқчи бўлса унинг қонун-қоидалари қандай бўлади? Шунингдек ота-она ва асраб олинган бола ўртасидаги муносабатлар қандай бўлиши лозимлиги ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу савол кўп такрорланадиган саволлардан. Фарзандни асраб олгандан кейингина маслаҳат қилишга ўтишади. Чунки аввал бу ишнинг тафсилотини билишмаган.
Баъзи ишлар фарзанд асраб олишдан олдин бу масалани шаръий жиҳатдан ўрганишга ҳаракат қилишади.
Нима бўлганда ҳам халқ ичида мана шу саволга қизиқиш катта, билишга уринаётган кишилар кўп.
Динимиз таълимотларида қаровсиз қолган фарзандларни асраб олиш, етимпарварлик қилиш, уларни ювиб-тараб, тарбиялаш, етук бир инсон бўлиб етишиши учун ёрдам бериш улкан савобли ишлардан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатгич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатиб:
«Мен ва етимга кафил бўлган кишилар жаннатда худди мана шундай бирга турамиз» деб айтганлар.
Шунинг учун етимпарварлик, қаровсиз қолган болаларни боқиб-тарбиялаб ўстиришга жуда кўп ҳадисларда тарғиб қилинган. Бу ниҳоятда катта савоб касб қилишга сабаб бўладиган хайрия ишларидан ҳисобланади.
Ҳозирги кунда бизда ва бошқаларда ҳам бир фарзандни олиб, эр-хотин ўзларининг номларига ўтказадилар ва «менинг ўғлим, менинг қизим» деган даъво билан катта қилиш ҳаракатида бўладилар.
Мана шу ерда шаръий нуқтаи назардан муҳим ҳолатлар бор. Аввало етим болани асраб олишда, бировнинг боласини тарбияга олишда «насл-насаби аниқ бўлсин» деган маъно икки тарафдан қаралади.
Насл-насаби аниқ бўлса жуда яхши, ўша наслига болани нисбат бериш керак. Бировнинг боласини меники, дейишга шариатда рухсат йўқ. Бола фалончиники, отаси фалончи, онаси пистончи, лекин биз бо-қиб, тарбиялаганмиз», маъносида бўлиши мумкин.
Лекин наслини била туриб уларни инкор қилиб, болага эслатмасдан, қариндошлар ва қўни-қўшнига ҳам билдирмасдан «бу менинг болам» деб айтиш шариатда мумкин эмас.
Насл-насаби аниқ бўлмаса ҳам боқиб, катта қилса савобини олаверади. Лекин уни ҳам «менинг болам» дейишга рухсат йўқ.
Асраб олинаётган болани қариндошлардан ёки бегоналардан олишнинг фарқи йўқ. Муҳими, болани меники демасдан кимники эканлигини аниқ айтиб тарбиялаб борса, иншааллоҳ савобларга эришаверади.
Агар бошқа бировнинг фарзандини катта қилиб «бу менинг фарзандим» деса, гап ёлғон бўлади ва насл аралаш-қуралаш бўлиб кетади.
Бу эса инсониятни ҳалокатга олиб борадиган омиллардан биридир. Оила, никоҳ, шунга ўхшаш ишлардан содир бўладиган асосий мақсад ҳам инсоният наслини ҳалол, пок, тўғри равишда сақлаб қолиш эканини яхши билишимиз керак.
Бундан кейин бир бегона кишининг фарзандини меники деб атаса, у катта бўлгандан кейин ўғил бўлсин, қиз бўлсин, номаҳрамга айланади-ку. Бола катта бўлса ўзини боққан аёлга номаҳрам бўлади. Қиз бўлса оилани боққан эркакка номаҳрам бўлади.
Агар оилада бошқа болалар ҳам бўлса, улар сиртдан ака-ука дейилса ҳам катта бўлганда иккиси барибир бегона кишилар. Ундан сўнг мерос масаласи чиқади.
Шунга ўхшаш нозик, ҳалол-покликни сақлашга хилоф бўладиган ҳолатлар юзага чиқиб қолади. Ана шу эътибордан Ислом шариатида фарзанд асраб олганга ўз нисбатини бериш бу меники деб даъво қилишга рухсат бермаслик жорий қилинган.
Кўпчилик билиши керак масалалардан бири, асраб олаётган тарафдаги аёл кишининг сути бўлса, асраб олаётган болани эмизиб қўйса, бир марта эмган бўлса ҳам қорнига сут кирса, эмизикли ўғил ёки қизга ота ва она бўлиб қолишади.
Бу мутлақо эмизмагандан кўра жуда ҳам қулай бир ҳолат ҳисобланади. Ўзининг эмизикли фарзандига айланади, номаҳрамлик масалалари йўқолади.
Яна қайтариб айтамиз, қаровсиз қолган, етим болаларни фарзанд тарбиялашда қи-йин ҳолга тушиб қолган оилаларга ёрдам тариқасида қарамоғига олиб, вояга етказиб тарбиялаш жуда ҳам улуғ иш. Ўта савобли ва қилиниши лозим бўлган иш.
Лекин бунда ёлғондан, ўзининг боласи бўлмаган болани «мени болам» дейиш мутлақо мумкин эмас. Бунга алоҳида аҳамият бериш керак. Валлоµу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Аёл киши уйда ўзи рақс тушиши гуноҳ эмасми Муҳим вазифалар, ибодат, уйишлари кабиларга ҳалақит бермаган ҳолда. .Зикр аҳлидан сўранг, ҳайъати Ва давоми...

12922 08:52 / 01.10.2019
Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх ҳазратлари, ҳозирги пайтда сеҳр ва унинг зарарлари ҳақида турли гапсўзлар, бўлмағур ваҳималар кўпайиб кетди. Сеҳрнинг қандай давоми...

5265 14:30 / 24.04.2016
Ассалому алайкум Мен кўп қўшиқ эшитаман. Қўшиқ эшитсам рўзам очилиб кетмайдими Қўшиқ эшитса бўлади, рўза очилмайди, лекин савоби камаяди деган гап эшитдим шу гап давоми...

4510 08:53 / 03.10.2019
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари Саволим қуйидагича .Маънавият, ва .Маърифат, сўзларига ҳар қадамда дуч келамиз. .Маърифат, сўзи тўғрисида бироз давоми...

47158 21:11 / 25.04.2016
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021