1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Садақа қилувчи ва бахилнинг мисоли ҳақидаги боб

21:13 / 02.05.2017 6639 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

243. (290). Товусдан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайрадан эшитдим: «Садақа қилувчи ва бахил мисоли темир тўн кийган икки киши кабидир. Иккисининг баданлари ёки қўллари (шак Ҳусайндан) кўксига ёки томоғигача чирмашган. (Садақа қилувчи) нафақа қилса, (темир тўн) кенгаяди. Ҳатто бармоқларини ёпади ва (қадамининг) изини ўчиради. Агар бахил садақа қилмоқчи бўлса, ҳалқалари торайиб, уни бўға бошлайди».

Абу Ҳурайранинг яна «Абу Ҳурайра ўз кўзлари билан кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки бармоқларини томоқларига қўйиб: «У уни бўғади. У бўшаштиришга уринади. Аммо бўшашмайди»дедилар», деганини эшитдим».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда садақа қилувчи сахий инсон билан садақа қилмайдиган бахил инсоннинг ҳолати жонли тасвирда баён қилиб берилмоқда.

«Садақа қилувчи ва бахил мисоли темир тўн кийган икки киши кабидир».

Икки киши темирдан ясалган тўнни кийиб олиб туришибди. Сиртдан қаралганда бир хилга ўхшашади.

«Иккисининг баданлари ёки қўллари (шак Ҳусайндан) кўксига ёки томоғигача чирмашган».

Темир тўн кийган икки кишининг қўллари йиғилиб, кўксига ёки томоғига чирмашган. Улардан бири

«(Садақа қилувчи) нафақа қилса, (темир тўн) кенгаяди. Ҳатто бармоқларини ёпади ва (қадамининг) изини ўчиради».

Сахий инсон садақа қилса, уни сиқиб турган темир тўн кенгаяди. У садақа қилгани сари темир тўн кенгайиб бораверади ва ниҳоят темир тўннинг енглари узайиб, бармоқларини ёпади, этаги эса ерга судралиб, оёқ изларини ўчиради.

Сахий одам хайру эҳсон қилгани сари эгнидаги совути кенгайиб, узайиб бориб, бутун танасини ҳимоя қилган киши каби бало-офатлардан сақланиб, натижада кўнгли ёзилиб боради.

«Агар бахил садақа қилмоқчи бўлса, ҳалқалари торайиб, уни бўға бошлайди».

Бахил эса совутининг ҳалқалари зичлашиб, бир-бирига киришиб бориб, бўғзига ёпишиб қолган одам каби ҳимоясиз бўлиб, борган сари зиқналашиб, қалби торайиб боради. У турли йўллар билан ўзига таскин истайди, аммо иложини топа олмайди.

«У уни бўғади. У бўшаштиришга уринади. Аммо бўшашмайди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапларни айтаётиб, бармоқлари билан томоқларини бўғиб кўрсатганлар.

Бахилликнинг оқибати ана шундай оғир бўлади. Бахилликдан қутулиш учун кўп садақа қилиш лозим бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя қилинишича, араб чавандози саҳрода от устида борар эди. Йўлда ташналикдан қийналаётган бир кишини кўриб қолди. Бояги одам чавандоздан сув сўради. Чавандоз давоми...

4567 14:00 / 19.08.2022
Милоддан аввалги учинчи асрда яшаб ўтган Хитойлик файласуф Хан Фей Цзи айтади.Сонгда бир деҳқон бўлиб, у ўзининг даласида ер ҳайдаб деҳқончилик қилар эди. Унинг давоми...

3517 09:00 / 28.05.2022
525. Оишадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, Абу Бакр ва Билолни қаттиқ иситма тутди. Икковининг олдига кириб .Эй давоми...

8082 20:26 / 02.07.2017
Холисона фикр, адолатли объектив таҳлил ndash киши шахсиятини юксалтиради. Зеро, бу нарсалар атрофни англаш аппаратини, яъни онгини ривожлантиришни тақозо этади. Бу давоми...

5440 17:23 / 22.11.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021