1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳдан сўрамаса, унинг ғазаби келади

22:43 / 05.05.2017 8538 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

658. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», дедилар».

Шарҳ: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Аллоҳдан У Зотнинг фазлини сўранг, чунки Аллоҳ сўралишни хуш кўради», дейилган.

Демак, Аллоҳ таолодан сўрамаган кишидан Аллоҳ таоло ғазабланар экан, шунинг учун барча ҳожатларимизни Роббул оламийнга арз қилиб, мушкулларимизни осон қилишини сўраб дуо қилиш биз учун фарзу вожиб амаллардан экан.

Худди шу ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бошқа йўл билан ҳам ривоят қилинган.

Аллоҳ таолодан бирор нарсани сўрамайдиган одамнинг кимлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Албатта, Аллоҳ таоло ундай одамдан ғазабланиши турган гап. Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай бўлишдан сақласин.

659. Анасдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга дуо қилсангиз, дуода азму қарорли бўлинг. Зинҳор бирортангиз: «Хоҳласанг, бергин» демасин, чунки Аллоҳни мажбурловчи йўқ», дедилар».

Шарҳ: Аллоҳ таоло бандасининг сўрашидан безор бўлмайди. Банда сўраса бас. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча махлуқотларнинг сўраганларини тўплаб туриб, ҳар бирига сўраганидан юз баравар, миллион баравар ортиқ қилиб бериб юборса ҳам, мулкидан заррача камаймайди.

Шунинг учун кўп нарса сўраб юбормадимми, каби ноўрин андиша қилиб ўтирмасдан, азму қарор билан сўрайвериш керак. Дуоларим албатта қабул бўлади, деган ишонч билан сўраш лозим.

Бу ҳадиси шарифда келган маънога ҳаётда жуда кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Баъзилар: «Дуо қилганимда фалон нарсани ҳам сўрасам бўлар экан» қабилидаги гапларни кўп гапиришади. Бундай афсуслар такрорланмаслиги учун дуода ушбу ҳадиси шарифга доимо амал қилишимиз лозим бўлади.

660. Абон ибн Усмондан ривоят қилинади:

«Усмоннинг бундай деганларини эшитганман: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ҳар куни эрталаб ва кечқурун уч марта «Бисмиллаҳил-лазий лаа ядурру маъа исмиҳи шайун фил арди ва лаа фис-самаа ва ҳувас-самийъул ъалийм»  деса, унга ҳеч нарса зарар қила олмайди», деганларини эшитдим».

Унга фалажнинг бир тури етган эди. (Ундан ҳадис эшитаётган киши ажабланиб) унга қарай бошлади. У буни фаҳмлади-да, «Ҳадис сенга айтганимдек. Лекин ўша куни Аллоҳнинг қадари жорий бўлиши учун мен уни айтмабман», деди».

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг исми билан ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса зарар етказа олмайди. У Зот ўта эшитувчи ва ўта билувчидир».

Ушбу ҳадисда зикр қилинган дуони чин ихлос билан эрталаб айтган одамга кечгача, кечки пайт айтган одамга тонггача ҳеч нарса зарар етказа олмас экан. Бу жуда осон нарса. Фақат эртаю кеч ихлос билан айтиб юриш керак.

Бу ҳадисни ривоят қилган ровий – Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу бир куни тўсатдан хасталаниб, бир томонлари ишламай, фалаж бўлиб қолибдилар.

У кишини кўргани кирганлар ажабланиб: «Ана шу дуони айтган одамга ҳеч нарса қилмайди, дер эдингиз, ўзингиз бу аҳволга тушиб қолибсиз-ку?» деган маънода у кишига қарашибди.

Шунда у киши: «Йўқ, ҳадис ўзгармайди, мен бугун эсимдан чиқиб қолиб, ўша калимани айтмаган эканман. Аллоҳнинг қазоси шундай экан. Шунинг учун ушбу мусибатга учраган бўлсам керак», дебдилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамлар билан бўладиган муомалада ўзимизни қандай тутишни белгилаб берувчи қоида Аллоҳ азза ва жалланинг .Одамларга яхши сўз айтинг, Бақара сураси, 83оят деган давоми...

2780 10:05 / 12.12.2019
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган маъно келиб давоми...

2559 09:14 / 13.08.2019
Абдуллоҳ ибн Робиъадан ривоят қилинади .Атаба ибн Фарқад Абдуллоҳга .Эй Абдуллоҳ, биродарингнинг ўғлига гапириб қўймайсанми, менинг ишимга ёрдам берсин,, деди ўз давоми...

2841 08:04 / 29.03.2020
Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад алайҳиссалом Мадина шаҳрига кўчиб келганларидан сўнг, у ерда масжид барпо этишни ирода қилдилар. Дастлаб масжид қурилганда давоми...

7494 14:10 / 16.04.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021