1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Мусулмон савдогар одоблари (биринчи қисм)

11:04 / 11.10.2020 7963 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яхши ният ва Аллоҳнинг зикри

– Савдо одобларидан бири ниятни яхшилаш ва Аллоҳ таолони зикр қилишдир. 

Исломда ҳар бир нарса ниятга боғлиқ экани маълум ва машҳур. Шунинг учун ҳам ҳаётнинг барча соҳаларида бўлгани каби тижоратда ҳам яхши ният шартдир. Ҳалол касб қилиш, топгани ўзига насиб қилиши, топганини яхшиликка сарфлаш, хайр-эҳсон қилиш каби яхши ниятлар қилинса, ишда ва молда барака бўлади.

Аллоҳ таолонинг зикри ибодатдир, шу билан бирга, ёмонликдан тўсувчи ва яхшиликка ундовчи кучли омилдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг баъзи ҳадисларида бозорга кирганда Аллоҳ таолонинг зикрини қилишга ундаганлар.

Савдогар ўзига ва оиласига ҳалол ризқ топиш ниятида бўлиши керак. Шу билан бирга, ўзидан ортиб қолганини муҳтожларга эҳсон қилиш, савобли ишларга сарфлашни мақсад қилиши лозим. Афсуски, баъзи ҳолатларда ана шундай яхши ниятлар қилиш ҳақида мулоҳаза қилинмайди. Янги иш бошлаб, дўкони олдида турган савдогарни танишлари табриклаб, «Муборак бўлсин, янги иш бошлабсиз-да», дейилса, «Ҳа, бир-иккитаси жиғимга теккан эди, ўшаларни синдиришни ният қилиб турибман», дейдиганлар ҳам йўқ эмас.

Саҳархезлик – фазилат

– Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири саҳархезлик ва ишни эрта бошлашдир.

Сохр Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, умматимга саҳарини баракали қилгин!» дедилар. У зот лашкар ёки сарийя юборадиган бўлсалар, эрта тонгда юборар эдилар».

Сохр тожир одам эди. Қачон тижорат (карвони) юборадиган бўлса, эрта тонгда юборар эди. У бой бўлиб, моли кўпайиб кетди». 

Термизий ривоят қилди ва ҳасан деди.

Ҳар бир нарсада эрта саҳардан ҳаракат қилиш жуда ҳам фойдали ва баракотлидир. Чунки бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетган. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Нима иш қиладиган бўлсак, эрта саҳардан бошлашга одатланишимиз керак. Ўз меҳнати билан ризқу рўз топиш Ислом умматининг энг яхши авлоди – саҳобаи киромларнинг, энг кўзга кўринган сиймоларнинг одатлари эди. Аммо кейинги пайтларда одамлар, хусусан савдогалар саҳархезликка эътибор бермай қўйдилар. Кечалари турли бўлган-бўлмаган нарсалар билан машғул бўлиб, саҳар чоғида ухлайдиган бўлдилар. Бу бараканинг йўқолишига сабаб бўлувчи кабиҳ одатлардандир. Шунинг учун барча мўминлар, хусусан савдогарлар саҳархез бўлиш пайидан бўлишлари лозим.

Савдогар маданиятли бўлиши керак

– Савдогарларнинг одобларидан бири бақир-чақир қилмаслик ва одобларга риоя қилишга интилишдир. 

Мусулмон киши бозорга кириб келар экан, сокинликни ўзига лозим тутиши керак. Турли баҳоналар билан овозни баланд кўтариш, бақир-чақир қилиш одобга мутлақо тўғри келмайди. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари зикрида «Бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмас» деган сўзлар келган. Мусулмон киши бозорда ва олди-сотди муносабатларида барча одобларга риоя қилишга уринади, ҳалоллик ва тозаликка риоя этади.

Савдогарнинг одоби гўзал бўлиши савдосининг баракали бўлишига ҳам сабаб бўлади. Харидорларни очиқ чеҳра билан кутиб олиш, уларга «Хуш келибсиз», дейиш ва гўзал муомала қилиш жуда ҳам яхши одатдир. Қовоқни солиб туриш, келган харидорларга эътиборсиз бўлиш, уларга ширин муомала қилмаслик савдогарнинг ўзига зарар бўлади. Бундай кишининг дўконига бир кирган одам қайта кирмай қўяди.

Савдогар бағрикенг инсондир

– Мусулмон савдогар бағрикенг, осонликни истайдиган, баъзи нарсаларни ўтиб юборадиган бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Бундай пайтда мумсиклик қилиб, тийиннинг устида етти думалаб туриб олиш барака келтирмайди. Балки сахийлик, очиқлик, бир оз ўтиб бериш Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракага сабаб бўлади.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳнинг раҳмати икки дунёга ҳам хосдир. Мазкур ишларда карамли, саховатли бўлган кишиларга Аллоҳ таолонинг бу дунёдаги раҳмати – молу мулкига, ризқу рўзига барака, ўзига соғлик-саломатлик, фаровон турмуш ва тинчлик-омонлик беришида кўринса, охиратда эса жаннатга киришга сабаб бўлади.

Демак, сотувчи ҳам, олувчи ҳам карамли, саховатли ва хушмуомала бўлишлари керак. Шунингдек, бировдан ҳаққини сўровчи ҳам яхшилик, хушмуомалалик билан сўраши лозим.


"Бозор ва унга боғлиқ масалалар" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни давоми...

4305 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳ таоло .Сулҳ яхшидир,, деган Нисо 128. Шарҳ Сулҳ нафақат мусулмонлар учун, балки барча инсоният учун яхши нарсадир. Ҳамма нарсани уруш жанжалсиз, келишув, сулҳ давоми...

3933 05:00 / 17.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар миржалларга ўхшатиб бинолар қилмагунча қиёмат қойим бўлмайди,, давоми...

4115 05:00 / 17.02.2017
ШиркатМубоҳ шерикчилик, мулк шерикчилиги, шартнома шерикчилигиМубоҳ шерикчилик деб кишиларнинг сув, ўтўлан ва оловдаги умумий шерикчиликларига айтилади. Барча давоми...

10379 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021