1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Тавба сураси 71 оят

03:12 / 08.06.2017 9299 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ 

Тавба 71. Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Маъруфга буюрурлар, мункардан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ албатта раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир.

Бу васфлар мунофиқлар ҳақида келган васфга тамоман зид экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Аввалги оятларда мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, ушбу оятда мўминларнинг ўзаро дўст – валий эканликлари айтилмоқда.

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар».

Яъни мунофиқлар бир-бирларига қанчалик ўхшасалар ҳам, ҳеч қачон ўзаро валий – дўст бўла олмайдилар. Чунки валийлик – дўстликнинг ўзига яраша вазифалари бўлади. Валий одам дўстига ёрдам бериши, оғир ҳолларда қутқариши, уни деб ўзини ўтга-чўққа уриши ва кўпгина машаққатлар чекиши лозим. Мунофиқ ҳеч қачон бу ишларни қила олмайди. У доимо ўзини ўйлайди, қўрқоқ бўлади, қийинчиликлардан қочади.

Мунофиқлар ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаришар эди. Ўзларининг ёмонлик ва қабоҳатлари етмагандек, бошқаларни ҳам ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаришарди.

Мўминлар эса бир-бирларига дўст бўлиш билан бирга,

«Маъруфга буюрурлар, мункардан қайтарурлар...»

Яъни жамоат шаклида яхшилик қилишга уринадилар, кўплашиб ёмонликка қарши курашадилар. Аллоҳ таоло уларга яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни фарз қилиб қўйган.

Мунофиқлар намозга доимо дангасалик билан келадилар, рағбат ва ихлос билан ўқимайдилар. Мўминлар эса

«...намозни тўкис адо этурлар...»

Ихлос билан, хушуъ-хузуъ билан намоз ўқийдилар. Бу ҳам уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири. Намозни дангасалик билан ўқиш эса мунофиқларнинг сифатидир.

Мунофиқларнинг «Қўллари маҳкам юмилган» эди. Улар молу мулкларидан бошқаларга беришни истамас эдилар. Мўминлар эса

«...закотни берурлар…»

Бу уларга Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Молларидан маълум миқдорини биродарларига беришни ибодат деб биладилар.

Мунофиқлар «Аллоҳни унутган», Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилмас эдилар. Мўминлар эса

«...ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар».

Улар Аллоҳ ва Пайғамбарнинг амридан бошқанинг амрига бўйсунмайдилар. Аллоҳ ва Расулининг шариатидан бошқа дастурлари йўқ. Ислом таълимотидан бошқа таълимотлари ҳам йўқ.

«Ана ўшаларга Аллоҳ албатта раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».

Бу ҳам мунофиқларга бериладиган жазога қарама-қарши бир ҳолдир. Мунофиқлирнинг жаҳаннам оташига киритилиб, Аллоҳ томонидан лаънатланиб, доимий азобда қолишлари айтилган эди. Мўминларни эса Аллоҳ таоло тезда раҳм қилиши таъкидланмоқда.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми Бақара 107..Насх, сўзи давоми...

4680 09:00 / 03.11.2017
Диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан мингларча кишиларни билмадингми Бас, Аллоҳ уларга .Ўлингиз,, ndash деди. Сўнгра уларни тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазлу давоми...

4107 16:48 / 26.03.2018
Эй одамлар Ер юзидаги нарсалардан ҳалолпокларини енглар. Ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқойдин душмандир. Бақара 168. Ушбу ояти каримада давоми...

4231 08:10 / 04.01.2018
Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингиздай келинг. Ўзингиз учун яхшилик тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, давоми...

9369 09:05 / 02.03.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021