1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Васваса (3-қисм)

17:52 / 08.07.2017 7237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини кўрсатади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шайтон биринчи келиб:

«Осмонни ким яратган? Ерни ким яратган?» дейди.

У: «Аллоҳ», дейди. Ким шунга ўхшаш бирор нарсани сезса, дарҳол «Аманту биллаҳи ва Русулиҳи» – ­«Аллоҳга ва Унинг Расулларига иймон келтирдим», десин», дедилар».

Бу ҳадиси шариф аввалроқ ўтган ҳадисни тафсир қилиб келмоқда. Васвасанинг аввалги босқичидаёқ ­Аллоҳ таолога ва У Зотнинг набийларига бўлган иймонни ­эълон қилиб, шайтонни қувиш маслаҳат берилмоқда.

1285. Шаҳр ибн Хувшабдан ривоят қилинади:

«Мен тоғам билан Оишанинг ҳузурига кирдим. Шунда у:

«Биримизнинг кўнглида, агар уни гапирса, охирати куядиган нарса пайдо бўлади. Агар юзага чиқса, у сабабли қатл қилинади», деди.

У (Оиша) уч марта такбир айтди. Сўнг:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша нарса ҳақида сўралган эди. Шунда у зот: «Агар бирортангизда ўша нарса бўлса, уч марта такбир айтсин. Зотан, буни фақат мўмингина ҳис қилади», дедилар».

Шарҳ: Яъни кўнгилга келаётган васвасанинг ёмонлигини ва уни айтса, охирати куйишини ҳис қилиш ҳақиқий мўминга хос ҳолатдир.

Ўша пайтда мўмин кишини шайтон васваса қилаётган бўлади. Агар у дадил бўлиб, уч марта «Аллоҳу Акбар!» деса, шайтон орқа-олдига қарамай қочади.

 

1286. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бўлмаган нарсаларни сўрайверадилар. Ҳаттоки «Аллоҳ ҳамма нарсани яратувчи. Бас, ­Аллоҳни ким яратган?» дейишади», дедилар».

Шарҳ: Шунинг учун бизда воқеликда йўқ нарсани сўраш мумкин эмас. Воқеликда йўқ нарсани сўрайвериш ўша нарсанинг воқе бўлишини сўраш, исташ бўлиб қолади.

Тарихдан маълумки, шундай бўлди ҳам. Инсон ўзига ана шу кулфатни тили билан сотиб олди. Шунинг учун бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Бу ҳам шайтоннинг катта ва кучли васвасаси доирасига киради. Бундай ҳолатдан мўмин банда эҳтиёт бўлиши керак.

Ибн Касир ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилади. У киши Аллоҳ таолонинг Наас сурасидаги «Ал-васвас ал-хоннас» деган қавлини тафсир қилиб: «Шайтон одам боласининг қалбида чўккалаб ўтирган бўлади. Қачон у унутса ва ғофил бўлса, васваса қилади. Қачон зикр қилса, беркинади», деган.

Васвасанинг зарарларидан:

1. Васваса шакка йўлдир. Аллоҳ таоло ҳақидаги шак куфрдир.

2. Васваса инсоннинг ўзига ва ўзгаларга бўлган ишончини йўққа чиқаради.

3. Васваса унга чалингандан одамларнинг нафратини қўзитади ва улардан уни узоқлаштиради.

4. Васвасага чалинганнинг ибодати мукаммал ва фикри барқарор бўлмайди.

5. Васвасага чалинган ўзига ўзи шиддатли ишларни танлаб, охири ман қилинган нарсаларга ҳам ўтади.

6. Васвасага чалинган охири ваҳимачи ва жинни бўлиб қолиши ҳам бор.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Абу Ҳомид Ғаззолий Меъзонул иътидолrdquo китобида инсоннинг ёмон хулқлари тарбия орқали гўзал ахлоққа айланиши ҳамда ҳеч бир инсон ўзгартириб бўлмайдиган давоми...

6928 17:13 / 21.08.2017
Мазкур сабаблар ўнтадир1. Қуръони Каримни тадаббур ила, маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш.2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ давоми...

4410 22:09 / 20.04.2018
Нурнинг иши кашф қилишдир. Басийратнинг иши ҳукм қилишдир. Қалбнинг иши олға юриш ёки ортга чекинишдир.ndash Нур ndash инсоннинг миясига урадиган, Аллоҳ таоло давоми...

5043 17:48 / 29.07.2017
Қалб учун фикр майдонига киритадиган узлатга ўхшаш манфаат йўқ.ndash Манфаат ndash фойда етказиш.ndash .Қалб, лафзи икки хил маънода ишлатиладиБиринчиси ndash инсоннинг чап давоми...

5770 19:06 / 02.10.2017
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021