1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Орзу қилиш

20:37 / 14.07.2017 8381 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

878. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир кеча уйқулари қочди. Шунда у зот:

«Саҳобаларимдан бир солиҳ киши келиб, мени кечаси қўриқлаб турса эди», дедилар.

Бироздан сўнг ташқаридан қуролнинг овози эшитилди. Шунда у зот:

«Ким у?» дедилар.

«Саъд», дейилди.

«Саъд: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни қўриқлагани келдим», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга кетдилар. Ҳаттоки у зотнинг хурракларини эшитдик».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани истаган эканлар, Аллоҳ таоло дарҳол умидларини рўёбга чиқариб, бу ишни улуғ саҳобалардан бири – Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг кўнгилларига солибди. У киши ҳеч ким айтмаса ҳам, ярим тунда тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдига келиб, қўриқчилик қила бошлабдилар.

Демак, бирор яхши ишни орзу қилиш, буни фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзидан сўраш жоиз экан. Аллоҳ таоло Ўз изни билан бу орзуни рўёбга чиқарар экан.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орзу-истаклари Роббул оламинга тезда етиб бориши ва тезда рўёбга чиқишининг намунасини кўриб турибмиз.

Айни пайтда қўриқчиликка келган буюк саҳобий – Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазлларини ҳам кўриб турибмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бир солиҳ киши келса эди», деганларида, бу шарафга айнан шу саҳоба сазовор бўлдилар.

Бу ҳадис Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақидаги китобларда ҳам албатта келтирилади.

Ушбу ривоятда зикр қилинган ҳодисадан кейин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Моида сурасидаги қуйидаги ояти каримани нозил қилган:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».

Бу ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло у зотга ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул этиши-этмаслигига қарамай, даъват қилавериш лозимлигини буюрмоқда:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ».

Зотан, расуллик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳ таолодан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган. Жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълими. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд.

«Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан».

Яъни, агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг Расули (элчиси) вазифасини адо этмаган бўласан. Аммо етказиш осон иш эмас.

«Аллоҳ сени одамлардан сақлар».

Уларнинг ёмонликларидан асрайди. Ривоятларда келишича, ушбу ояти карима нозил бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турар жойларини саҳобалардан баъзилари қўриқлаб туришар эди.

Уламоларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобалар ҳам қўриқлаганлари, жумладан, уларнинг ичида Саъд ибн Муъоз, Муҳаммад ибн Маслама, Зубайр ибн Авом, Абу Айюб Ансорий, Заквон ибн Абдул Қайс каби саҳобалар ҳам бўлганини таъкидлайдилар.

Ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқиб:

«Сизлар бораверинглар, Аллоҳ Ўзи мени сақлайдиган бўлди», деганлар.

Қуръоннинг мўъжизалигининг тасдиғига қаранг­ки, шундан сўнг у зотга ҳеч ким катта зарар етказа олмаган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Насиҳат. Тобеъинлардан бири айтади .Биз кўрган салафи солиҳлар, яъни саҳобалар ибодатни намозу рўзадагина эмас, балки одамларнинг обрўсидан тийилишда деб билар давоми...

4287 22:25 / 03.04.2018
.Тақво, луғатда .Аллоҳдан қўрқиш,, .буйруқларига бўйсуниш, ва .қайтариқларидан сақланиш, дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Албатта, Аллоҳ ҳузурида энг давоми...

4459 12:46 / 13.02.2018
4. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан.Бу дунё ўткинчидир. Қачондир бу ердан сафар қилишимиз аниқ. Бир шаҳардан яқин кунда кетишини билган киши сафар давоми...

4631 15:10 / 23.03.2018
Ана у Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми давоми...

4990 19:22 / 22.01.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021