1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Меҳмондорчилик

12:00 / 23.05.2021 5610 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Шурайҳ ал-Каъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Унинг мукофоти бир кечаю бир кундуз. Меҳмонлик уч кун. Ундан кейингиси садақадир. Унга токи уни (мезбонни) тангликка солгунча турмоғи ҳалол бўлмас», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда меҳмонни иззат-икром қилиш зарур эканлигини таъкидлаш билан бирга, меҳмонга кўрсатиладиган меҳмондўстлик қандай бўлиши ҳақида ҳам маълумотлар берилмоқда. Аввало, гап меҳмоннинг икроми лозимлиги ҳақидаги таъкид билан бошланмоқда.

 «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин».

Яъни кимнинг Аллоҳ таолога иймон келтирганлиги ҳақида, охират кунига иймон келтирганлиги ҳақида даъвоси бўлса, буни ўз меҳмонини икром қилиш билан тасдиқласин.

«Унинг мукофоти бир кечаю бир кундуз».

Яъни меҳмонни алоҳида икром билан ортиқча иззатлаш, одатдагидан ташқари таомлар билан зиёфат қилиш бир кечаю бир кундуз давомидадир. Ўша нарса меҳмоннинг ҳаққи ҳисобланади.

«Меҳмонлик уч кун».

Бу уч куннинг ичида юқорида зикри келган бир кунлик мукофот куни ҳам бор. Меҳмон бир кун одатдагидан ташқари таомлар билан изззат-икроми жойига қўйилганидан кейин зиёфат деб номланган, мукофотдан бир даража паст бўладиган икки кун қолади. У икки кунда мезбон меҳмонга ўзи одатда тановул қиладиган таомидан бериши меҳмоннинг ҳаққи ҳисобланади. Агар мезбон ортиқча таом берса, ўзининг ҳимматига боғлиқ. Лекин меҳмонга ўзи одатдаги тановул қиладиган таомидан оз беришга унинг ҳаққи йўқ.

«Ундан кейингиси садақадир».

Яъни уч кунлик зиёфатдан кейин мезбон томонидан меҳмонга бериладиган нарса садақадир. Садақа бериш садақа берувчининг ихтиёрида бўлганидек, мезбон меҳмонга уч кундан кейин хоҳлаганича беради. Бермаса ҳам, ҳеч ким уни маломат қила олмайди.

Бу қоида тариқасида айтилган гап. Аммо воқеликда мусулмонлар ўз меҳмонларини олий даражада, кун санамай, таом миқдорини ўлчамай, ўта сахийлик билан зиёфат қиладилар.

«Унга токи уни (мезбонни) тангликка солгунча турмоғи ҳалол бўлмас».

Яъни меҳмон учун токи мезбонни тангликка солгунча унинг уйида меҳмон бўлиб туриши ҳалол бўлмайди. Меҳмон ҳам ўз иззати чегарасини билиши керак. У меҳмонликда узоқ қолиб кетиб, мезбонга танглик туғдириб қўймаслиги лозим.

Бизлар хоҳ меҳмон бўлайлик, хоҳ мезбон бўлайлик, динимиз кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиб, бу борада исломий одоб доирасида бўлмоғимиз даркор.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
КИТОБ ndash ахборотларни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоийсиёсий, илмий, эстетик карашларни шакллантириш воситаси билимлар тарғиботи ва давоми...

7391 11:39 / 13.10.2021
Бу иллат қадимги жоҳилиятда ўзига хос равишда авж олган. Хоҳ одамга бўлсин, хоҳ ҳайвонга бўлсин, .касал фалончидан юқди, шуни қилмаса бўлар эди,, .у эди, бу эди, каби давоми...

2301 18:48 / 19.05.2024
Абу Толибга ўлим соати яқинлашгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келдилар. Абу Толибнинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя бор эди. давоми...

2753 15:00 / 08.03.2021
Эйнштейн айтади .Осмонга кўтарилиш асносида ҳаво етишмаслиги ортиб ва ортиб бораверади. Ҳатто, ҳаво етишмаслик сабаб бўғилиш юзага келади,.Қуръони Карим эса бу давоми...

2476 11:00 / 27.07.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021