1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Жамловчи дуолар (1-қисм)

18:33 / 21.07.2017 12137 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4603. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксари дуолари «Роббанаа аатинаа фиддуня ҳасанатан ва фил охироти ҳасанатан ва қинаа азабан-наар» эди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу дуонинг маъноси: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам яхшиликни бергин. Ва бизларни дўзах азобидан сақлагин».

Бу дуо «Бақара» сурасидаги оятдан олинган дуодир.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам ‎‎яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин», – дейдир»деган (201-оят).

Бу дуо мусулмонларнинг дуосидир. Улар Аллоҳ таолодан икки дунёнинг яхшилигини сўрайдилар, чунки Ислом дини кишиларни икки дунёнинг ободлигига чақиради. Улар динсизу худосизларга ўхшаб, фақат бу дунёнинг ҳой-ҳавасини сўрамайдилар. Ёки баъзи тоифалар каби фақат охиратни ўйлаб, бу дунёни эсдан чиқармайдилар.

Бу дуода юксак одоб ҳам кўриниб турибди. Сўраладиган нарсанинг номи аниқ қилиб айтилмасдан, умумий қилиб, «яхшилик» дейилмоқда. «Яхшилик»нинг нималигини Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади.

Имом ибн Касийр: «Ушбу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаб, ёмонликларни четлатган», деганлар.

Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:

«(Байтуллоҳнинг) бурчагидан ҳар ўтганимда «Омин» деб турган фариштани кўрдим. Унинг ёнидан ўтсангиз, «Роббанаа аатинаа фиддуня ҳасанатан ва фил охироти ҳасанатан ва қинаа азабан-наар»ни ўқинглар», деганлар.

Бу дуо Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломнинг кўп қиладиган дуолари эди.

Ибн Аби Ҳотим Абу Толутдан қилган ривоятда бундай дейилади: «Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдик. Собит у кишига «Биродарларингиз дуо қилишингизни сўрашяпти», деди. Шунда Анас ибн Молик «Роббанаа аатинаа...»ни ўқидилар.

Бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Турмоқчи бўлишганда «Эй Абу Ҳамза, биродарларингиз туришмоқчи, уларни бир дуо қилсангиз», деди. Шунда Анас ибн Молик «Сизларга ишларни майдалаб беришимни хоҳлайсизми?! Агар Аллоҳ сизга бу дунё ва охиратнинг яхшилигини бериб, дўзахнинг азобидан сақласа, яхшиликнинг ҳаммасини берган бўлади-ку», деди.

4604. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озиб, жўжадек бўлиб қолган бир мусулмонни кўргани бордилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Бирор дуо қилганмидинг ёки бирор нарса сўраганмидинг?» дедилар.

«Ҳа, «Аллоҳим! Мени охиратда иқоб қиладиган нарсангни бу дунёдаёқ бергин», деган эдим», деди.

«Субҳаналлоҳ! Ахир бунга чидай олмайсан ёки қодир бўла олмайсан! «Роббанаа аатинаа фиддуня ҳасанатан ва фил охироти ҳасанатан ва қинаа азабан-наар», десанг бўлмасмиди?!» дедилар.

Бас, унинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилган эдилар, унга шифо берди».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бундан Аллоҳ таолодан ўзига ёмонлик келтиришини сўраб бўлмаслиги, ҳатто «Аллоҳим, мени охиратда иқоб қиладиган нарсангни бу дунёда қилиб қўйгин», деб ҳам дуо қилиб бўлмаслиги келиб чиқади.

Банда доимо икки дунё яхшилигини сўраб дуо қилиб юрмоғи лозим.

Ушбу ҳадисдан «Роббанаа аатинаа фиддуня ҳасанатан ва фил охироти ҳасанатан ва қинаа азабан-наар» деган дуони беморга шифо тилаш учун ҳам ўқиш яхшилиги кўриниб турибди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Исломнинг нимаси яхши, деб сўради. .Таом бермоғинг ҳамда таниган давоми...

5795 08:38 / 25.12.2018
Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ давоми...

6803 11:59 / 25.12.2023
.Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик қилувчи ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган давоми...

25324 20:19 / 10.05.2018
.Ҳаё, сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда, .Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир,.Уламолар ҳаёни давоми...

6198 20:44 / 09.05.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021