1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар

06:15 / 28.08.2017 3280 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирсалар, ҳузурларида бир аёл бор экан. У зот «Бу аёл ким?» деб сўрадилар. 

«Фалона» дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар. 

«Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар». 

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Оиша онамиз бир аёл билан гаплашиб ўтирганларида, олдиларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келибдилар. Шунда ҳалиги аёл ўрнидан туриб, чиқиб кета бошлабди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бу аёл ким?» деб сўрадилар». Оиша онамиз: 

«Фалона», дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар.

Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, у аёлнинг исми Хавла бинти Тувайт бўлган. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига: «Бу Хавла бинти Тувайт, Мадина аҳли ичидаги энг ибодатли аёл, кечаси билан ухламай намоз ўқиб чиқади», деб жавоб берганлар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».

Кўриниб турибдики, Хавла бинти Тувайт ал-Асадийя розияллоҳу анҳонинг кечаси билан намоз ўқиб чиқиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан маъқулланмаяпти. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни:

«Бас!» деб инкор қиляптилар. Сўнгра эса Исломнинг бу борадаги таълимотларини баён қилмоқдалар: 

«Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар». 

Яъни, қўшимча ибодат қиладиган бўлсангиз, тоқатингиз етадиганини танланг, имконингизга қаранг. Мисол учун, мусулмон инсон ўзига фарзу вожиб бўлган намозлардан ташқари нафл намоз ўқиб, қўшимча ибодат қилмоқчи бўлса, ўз тоқатини ҳисобга олсин. Хавла бинти Тувайтга ўхшаб туни билан бутунлай ухламасдан намоз ўқиб чиқиб, ўзини қийнамасин. 

«Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди». 

Яъни, сиз ўзингизни қийнаб, ортиқча уриниб, ибодатни малол олиб қилсангиз, Аллоҳга ҳам малол келади. Агар тоқатингиз етадиган нарсаларга қанча кўп уринсангиз, Аллоҳ ҳам малол кўрмай, ажру савобни бераверади. Лекин тоқатингиздан ташқари ишга уриниб, малол олиб қилсангиз, ўзингизга яхши бўлмайди, демоқдалар. 

«Диннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир». 

Яъни, диндаги амалнинг Аллоҳга энг ёққани, эгаси унда доимий бўлганидир. Бирдан кўп қилиниб, кейин тўхтаб қолган амалдан фойда йўқдир. Аммо оз бўлса ҳам, доимий бўлиб тургани фойдалидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Уйига кирган аёлнинг кимлиги ҳақида эркак киши сўраши жоизлиги.

2. Аёл ўз эрига олдига келган аёл ва унинг гапирган гапи ҳақида хабар бериши жоизлиги.

3. Кечаси билан ухламай, намоз ўқиб чиқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга маъқул тушмагани.

4. Гапни таъкидлаш учун Аллоҳ номи ила қасам ичиш жоизлиги.

5. Мусулмон инсон нафл ибодатга малол келадиган даражада уриниши жоиз эмаслиги.

6. Аллоҳ таолога маҳбуб амал бардавом амал экани.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига енгилликни хоҳлашлари.

Бизнинг замонамизда бу ҳадиси шарифдан қандай фойдаланамиз? Хавла бинти Тувайт розияллоҳу анҳога ўхшаб, кечаси билан намоз ўқиб чиқишга ҳаракат қилаётган одамни топа оламизми? Айниқса, аёлларимиз ичида бундай шахсни учрата оламизми?

Яхши ният қилиб, кечаси билан нафл намоз ўқиб чиқаётганлар ёки шундай қилмоқчилар бор бўлса, уларга ушбу ҳадиси шарифга биноан, «Ундай қилманг, тоқатингиз етадиган, оз бўлса ҳам, бардавом ишни қилинг, чунки динимизнинг таълимоти шу», деймиз.

Агар «Исломда таклифлар кўп: кечаси билан намоз ўқиб чиқиш, у қилиш, бу қилиш керак», деб одамларни қўрқитаётганлар бўлса, уларга: «Бекор айтибсиз, Исломда одамларни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилиш йўқ», деймиз.

Баъзи бир биродарларимиз, опа-сингилларимиз ибодатни бошлашдан чўчиб турган бўлсалар, уларга: «Ҳеч қандай чўчийдиган жойи йўқ, дарҳол ибодатни бошланг, оғир келадиган жойи йўқ, ибодат сизни икки дунё саодатига эриштиради», деймиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Иймоннинг етмиш нечта ёки олтмиш нечта ҳам шўъба бўлаги бордир. Уларнинг афзали давоми...

3456 09:15 / 19.02.2018
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жамловчи калималар билан юборилдим,, дедилар,.Бухорий ва Муслим давоми...

2245 11:48 / 19.06.2019
Имрон ибн Ҳусойн алХузоий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиЖуҳайна қабиласидан бўлган бир аёл зинодан ҳомиладор бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3953 08:20 / 04.11.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳим, ҳақиқий яшаладиган ҳаёт охиратдаги ҳаётдир,, дедилар.Муттафақун алайҳ.

3206 05:45 / 11.07.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021