1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас

09:17 / 29.08.2017 4041 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар». 

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар. 

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида нафл амалларда тежамкор бўлиш, тоқатидан ташқари нарсалар билан ўзини қийнамасликка чақирмоқдалар.

Бу ҳадиси шарифнинг айтилишига сабаб бўлган ҳодиса бошқа ривоятларда тўлалигича келтирилган. Бир куни саҳобалардан уч киши Оиша онамизнинг ҳузурларига келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл ибодатлари ҳақида сўрайдилар. Оиша онамиз учовларига бор нарсани айтадилар. Шунда уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл амаллари оз кўринади. Улар «Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги ва кейинги гуноҳларини мағфират қилиб қўйган, у киши қўшимча амал қилмасалар ҳам бўлаверади, аммо биз кўпроқ қўшимча амал қилишимиз керак», дейдилар. Улардан бири «Мен доимо рўза тутаман, ҳеч оғзим очиқ юрмайман», дейди. Иккинчиси «Мен кечаси ухламай, намоз ўқийман», дейди. Учинчиси «Мен аёлларга уйланмайман», дейди.

Уларнинг бу гаплари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ аччиқланадилар. Сўнгра масжидга чиқиб, намоздан кейин ваъз қиладилар ва биз ўрганаётган ҳадисдаги гапларни айтадилар:

«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман».

Яъни, эй одамлар, огоҳ бўлинг, билиб қўйинг. Яна ҳар хил фикрларга бориб, турли гапларни гапириб юрманг.

«Аллоҳга қасамки».

Бу оддий гап эмас, қасам билан таъкидлаб айтилаётган, эътиборли ва аҳамиятли гап.

«Мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман».

Мендан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиганингиз йўқ, бўлмайди ҳам, бўлиши мумкин ҳам эмас. 

«Унга энг кўп тақво қиладиганингизман».

Мендан кўра Аллоҳга кўпроқ тақво қиладиганингиз йўқ, бўлмайди ҳам, бўлиши мумкин ҳам эмас.

«Аммо рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади». 

Яъни нафл рўза тутадиган кунларим ҳам бўлади, оғзим очиқ юрган кунларим ҳам бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хафтанинг душанба ва пайшанба кунлари ҳамда ойнинг аввали, ўртаси ва охирида ҳам нафл рўза тутар эдилар. Шунингдек, нафл рўзага ўта қизиққанлари учун Пайғамбар Довуд алаҳиссаломнинг рўзаларини – бир кун тутиб, бир кун очиш маъқул эканини баён қилганлар. Бу масалалар, иншааллоҳ, кези келганда батафсил ўрганилади.

«Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам».

Яъни, кечаси ҳам нафл намози ўқийман, керагича ухлайман ҳам.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси керагича ухлар эдилар. Аммо таҳажжуд намозини ҳам ўқир эдилар. Айниқса, туннинг учдан бири қолиб, саҳар яқинлашганда кўпроқ бедор бўлар эдилар. Бу масалалар ҳам кези келганда батафсил ўрганилади.

«Аёлларни никоҳимга ҳам оламан».

Никоҳсиз ўтиш менга хос эмас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир вақтнинг ўзида тўққизта аёлни ўз никоҳларида олиб турганлари маълум ва машҳур.

«Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмасдир».

Яъни, ушбу ва бошқа ишларда ким менинг йўлимни тутмаса, менинг динимда эмас, деяптилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган банда эканликлари.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга энг кўп тақво қиладиган банда эканликлари.

3. Аллоҳдан қўрқиш ва У Зотга тақво қилишда ҳеч ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўта олмаслиги.

4. Умр бўйи нафл рўза тутиш мумкин эмаслиги.

5. Нафл рўзани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига мувофиқ тутиш зарурлиги.

6. Кечаси билан ухламай, нафл намоз ўқиб чиқиш ўринли эмаслиги.

7. Кечаси вақтида ухлаб, Суннатга мувофиқ нафл намоз ўқиш кераклиги.

8. Оила қурмай юриш яхши эмаслиги.

9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига рағбат қилмаслик диндан чиқишга олиб бориши.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ағар ибн Ясар алМузаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилиб истиғфор айтинглар. Чунки мен давоми...

3998 08:40 / 15.10.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадиОиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўлат вабо ҳақида сўраганларида, у зот «Бу аввал азоб эди. Аллоҳ уни давоми...

3499 13:40 / 18.11.2017
. ,. .95. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Яхшиларингиз ndash Қуръонни ўрганганларингиз ва уни ўргатганларингиздир,, дедилар,.Бухорий ривоят қилган.

2292 08:39 / 27.12.2019
Каъб ибн Иёз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни.Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Менинг умматимнинг фитнаси молдунёдир,, давоми...

3476 07:15 / 08.08.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021