1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 85-оят

08:40 / 08.10.2017 4881 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейин эса сиз шундайсизки, ўзингиз ўзингизни ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан чиқарасиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар асир бўлсалар, товон тўлаб, қутқариб оласиз. Ҳолбуки, уларни чиқариш сизга ҳаром қилинган эди. Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан бундай қилганларнинг жазоси дунёда фақат шармандаликдир, Қиёмат кунида эса энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. Бақара 85.

Мадинаи Мунаввара араблари, аввал айтиб ўтганимиздек, икки қабилага – Авс ва Хазраж қабилаларига бўлинган эди. Улар ширк аҳли бўлиб, жаҳолатда эдилар ва жоҳилият аҳли сифатида тез-тез бир-бирлари билан урушиб турар эдилар. Мадинаи Мунаввара яҳудийлари эса уч қабила бўлиб, Бану Қайниқоъ қабиласи арабларнинг Хазраж қабиласи билан дўст эди. Бану Назир ва Бану Қурайза эса Авс қабиласи билан дўст эди. Агар араблар бир-бирлари билан урушиб қолсалар, ораларидаги дўстлик келишувига биноан, яҳудийлар ҳам ҳар қайсиси ўзи дўст бўлган қабила тарафида туриб, урушга чиқар эдилар. Натижада яҳудийлар бир-бирларини ўлдирар, диёрларидан ҳайдаб чиқариш ҳоллари юз берар эди. Булар эса оятда таъкидланган аҳду паймонни бузишдир. У аҳду паймон Тавротда ёзилган, яҳудийлар уни ўқиб туришади, ҳукмини билишади. Арабларнинг жоҳилият аҳли эканликлари, самовий китобдан, илоҳий кўрсатмадан умуман бехабар эканликлари бўлаётган урушларда улар учун узрдир. Аммо самовий китоб эгаси, Мусо алайҳиссаломдек улуғ пайғамбарнинг уммати бўла туриб, яҳудийларнинг бир-бирларини ўлдиришга ва диёрларидан чиқаришга қандай узрлари бўлиши мумкин? Ахир улар доимо аҳли китоб эканликлари билан мақтаниб юрадилар-ку? Шунинг учун ҳам улар агар Тавротга мувофиқ бирор иш қилсалар, дарров фахрланишга ўтадилар. Жумладан, мазкур урушлар тўхтаб қолганда, яҳудий асирларни товон тўлаб, озод қилиб олар эканлар. Аҳволни тушунган баъзи одамлар:

«Кечагина булар билан урушиб турган эдингиз, бугун нимага товон тўлаб, асирликдан озод қилиб оляпсиз?» – деб сўраса, улар:

«Тавротда «Бану Исроилдан қўлга тушганини кўрсанг, албатта олиб, озод қил», деб айтилган, шунга амал қилдик», – дейишар экан. Аслида эса Тавротда ўша қўлга тушганни диёрдан чиқариш, унга қарши урушиш ҳам ҳаром қилинган. Лекин улар бу тўғрида оғиз очмас эканлар.

Шунинг учун ҳам оятда:

«Агар асир бўлсалар, товон тўлаб, қутқариб оласиз. Ҳолбуки, уларни чиқариш сизга ҳаром қилинган эди», –дейилди.

Уларнинг бу иши Тавротнинг баъзи жойига иймон келтириб, баъзи жойига куфр келтиришдан бошқа нарса эмас.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан хабардордир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У сизларга ерни тўшак, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган Зотдир. Бас, билиб туриб, Аллоҳга бошқаларни давоми...

8005 16:05 / 25.07.2017
Аллоҳ сизларга Ўз оятларини ана шундай баён этадир. Шоядки, ақл юритсангиз. Бақара 242. Мазкур оятлардан кўринадики, Аллоҳ Ўзининг ҳукмларини дақиқ ва пишиқ баён давоми...

4010 09:05 / 23.03.2018
Батаҳқиқ, сизлардан шанба куни тажовузкорлик қилганларни билдингиз. Биз уларга «Қувилган, хорланган маймунларга айланинг» дедик. Бақара 65. Шанба куни ҳаддан давоми...

5790 09:25 / 17.09.2017
Талоқ қилинган аёлларга маъруф ила матоҳ бериш бордир. Тақводорлар зиммасига бурч ўлароқ. Бақара 241. Ушбу ояти каримага биноан, барча талоқ қилинган аёлларга ndash давоми...

3813 10:30 / 22.03.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021