1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Дунёдан зуҳд қилиш (39-тавсия)

12:24 / 03.10.2017 8327 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Аббос Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб «Эй Аллоҳнинг Расули, мени шундай амалга йўллангки, уни қилсам, Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам мени яхши кўришсин», деди. Шунда у зот: «Дунёдан зуҳд қил Аллоҳ сени яхши кўради, одамларнинг қўлидаги нарсалардан зуҳд қил одамлар сени яхши кўради», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари:

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйранинг устида ухлаб, кейин турдилар. Ёнбошларига (бўйранинг) изи тушиб қолибди. Шунда биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга юмшоқ тўшак олсак-чи?», дедик. «Менинг дунё билан нима ишим бор. Мен дунёда худди дарахтнинг соясида (бироз) дам олган, сўнгра туриб уни ташлаб кетган отлиққа ўхшайман», дедилар».

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

 

Қуйидаги ҳадис бизни қаноатга чорлайди

Убайдуллоҳ ибн Миҳсандан, у отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ким хотири жам ва тани сиҳҳатда тонг оттирса-ю, ҳузурида бир кунлик егулик-ичгулиги бўлса, гўё дунёнинг барига эга бўлибди», дедилар».

Термизий ривоят қилган ва ҳасан деган.

 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб «Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир мўъжазгина тавсия беринг», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг қўлидаги нарсалардан умидингни уз. Зинҳор таъмагир бўлма, чунки у фақирлик келтиради. Узр сўрашга олиб борадиган нарсадан (иш, сўздан) эҳтиёт бўл», дедилар».

Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилишган. 

Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Дунёдан зуҳд қилган одамни Аллоҳ яхши кўради.

2. Одамларнинг қўлидаги нарсалардан зуҳд қилганни одамлар яхши кўради.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда худди дарахтнинг соясида бироз дам олиб, сўнгра туриб уни ташлаб кетган отлиққа ўхшар эканлар.

4. Хотири жам ва тани сиҳҳатда тонг оттирган, бир кунлик егулик-ичгулиги бўлган киши гўё дунёнинг барига эга бўлгандекдир. Чунки бу дунёда тинчлик ва офиятга тенг келадиган бойлик йўқ.

5. Одамларнинг қўлидаги нарсаларга кўз тикмаслик лозим. 

6. Таъмагирликнинг оқибати фақирлик экан.

7. Узр сўрашга олиб борадиган иш, сўздан эҳтиёт бўлиш лозим.

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди гўзал шакл ва динда фақиҳ давоми...

5404 19:00 / 24.11.2021
.Иймон, сўзи луғатда .ишонч,, .тасдиқ, маъноларини билдиради. Шариатда эса бир нарсани тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва амал билан тамомлаб, камолга давоми...

7122 16:05 / 18.09.2019
...Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони Каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб давоми...

6014 16:52 / 08.04.2016
. . Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Учта лаънат ўрнидан ndash сув ўзанига, йўлга ва сояга қазои давоми...

4216 19:00 / 22.02.2023