1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Сабр қилиш ва шай туриш

09:00 / 20.07.2020 6101 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг, сабрда устун келинг, қўриқчиликда шай туринг ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар топсангиз.

Сабр даъватнинг машаққатли йўлидаги зоди роҳиладир. Ниятга сабрсиз етиб бўлмайди. Чунки бу даъват йўлида турли хавфу хатарлар, бало-офатлар, синовлар ва азоб-уқубатлар тўлиб ётибди.

Сабр ила ғолиб келиш муҳим нарса, чунки қарши тараф ҳам ўзига яраша сабрлидир. Демак, икки томоннинг сабрлари ўртасидаги курашда мўминларнинг сабрлари ғолиб келиши керак. Бу шаръий истилоҳда «мусобара» дейилади.

Биз «қўриқчиликда шай туринг» деб таржима қилган ибора эса «муробата» дейилиб, ибодат жойида ёки мусулмонларни душмандан ҳимоя қилиш жойида бардавом бўлиш маъносини англатади.

Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Набий алайҳиссалом «Бир кун муробата қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир», – деганлар.

Бошқа бир ҳадисда у зот: «Икки кўзга (дўзахда) олов тегмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўзга», – деганлар.

Абд ибн Ҳумайд, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Ҳиббонлар Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар. У киши айтадилар:

«Мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайрлар мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирсак, у киши тўсиқларининг ичида ўтирган эканлар. У кишига салом берган эдик:

– Булар кимлар? – деб сўрадилар. Биз:

– Бу Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайр, – дедик. У киши:

– Эй Убайд ибн Умайр, бизни зиёрат қилишингдан нима тўсади? – дедилар. У:

– Тез-тез зиёрат қилиб тур, муҳаббат зиёда бўлади, деганларидек-а? – деди. У киши:

– Биз сенинг зиёратингни ва келиб туришингни хоҳлаймиз, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Умар:

– Бизга Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўрган энг ажойиб нарсани айтиб беринг, – деди. У киши йиғладилар. Сўнгра:

– Ҳамма ишлари ажойиб эди, – дедилар. – Менинг навбатим кунларидан бирида келиб, мен билан бирга ўринга кириб, ётдилар. Бир муддат ўтганидан сўнг:

– Эй Оиша, менга изн бер, Парвардигоримга ибодат қилай, – дедилар. Туриб, сувидишга бориб, оз сув ишлатиб, таҳорат қилдилар. Сўнгра туриб, қироат қилдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ёноқларидан оқаётганини кўрдим. Сўнгра ўтириб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг кўксларига оқиб тушаётганини кўрдим. Кейин ўнг ёнбошларига ёнбошлаб, қўлларини юзларига тирадилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ерга оқиб тушаётганини кўрдим. Билол туриб, у кишини намозга чақирди:

– Намозга, эй Аллоҳимнинг Расули, – деди. У кишининг йиғлаётганларини кўриб: – Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингизни кечган бўлса ҳам йиғлаяпсизми? – деди. У киши:

– Эй Билол! Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Мен йиғламай, ким йиғласин! Ҳолбуки, бу кеча менга «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кечаю кундузнинг алмашиниб туришида...» ояти нозил бўлди. Ким шу оятни ўқиса-ю, улар ҳақида тафаккур қилмаса, ҳолига вой бўлсин, – дедилар».

"Тафсири ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нақлиёт воситаларидан фойдаланиш одоблари бир неча қисмга бўлинади. Бу одобларнинг биринчи қисми нақлиёт воситаларини бошқариш, ҳайдовчилик қилиш ҳаққини давоми...

4609 20:48 / 30.06.2017
Имом Шофеий вафот этганларида шогирдларидан бири тушида кўрди ва сўради .Эй имом, Аллоҳ таоло сизга қандай муомала қилди,У зот .Валлоҳи, Аллоҳ мени мағфират қилди, давоми...

5047 11:30 / 31.03.2022
Аллоҳ таоло.Эй иймон келтирганлар Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай давоми...

5225 05:00 / 04.03.2017
Сўзлаётган пайтда ортиқча ҳаракатлар қилмаслик лозим.Бунга кўз, қош, қўл ва бошқа аъзоларнинг ҳаракати ҳам киради. Суҳбатлашаётганда, суҳбатдошини туртиб, давоми...

10155 11:30 / 11.05.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021