1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Энг кучли шаҳватлар

20:06 / 13.11.2017 14407 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир.

«Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса «шаҳват» сўзи «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди».

Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш, истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. У ўша бошқа нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.

Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Ўзини билган ҳар бир инсон учун фарзанди жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.

Сўнгра тўп-тўп тилла ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат моли бўлишинигина эмас, балки моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молини кўпайтиришнинг ўзи катта шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар бойлик тўплашга молсизлардан кўра кўпроқ уринаётганларини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканидир.

Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмоқда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Доимо кишилар яхши отга эга бўлишни ўзлари учун обрў деб билганлар. (Ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга баҳоланаётган отлар бор). Аммо бу ерда умуман, улов маъносида ҳам тушунилади. Атрофимизга қарайлик, биронта уловга эга бўлиш мақсадида инсон нималар қилмаётганини кўрамиз.

Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам муҳаббат кучли бўлиб, ушбу нарсаларни ўзига мулк қилишга доимо ҳаракат қиладилар.

Ояти каримада ушбу нарсаларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима нозил бўлган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар бор. Лекин қанча бўлса ҳам,

«Булар дунё ҳаётининг матоҳидир».

Охиратники эмас, абадий ҳаётники эмас, дунёники.

«Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир».

Бу жой жаннати наъимдир. Унда киши нимани иштаҳа қилса, ўша муҳайёдир.

Шунинг учун охиратни дунёдан устун қўйиш керак. Кофирлар эса дунё зийнати ортидан тушишади, холос. Ким дунё зийнатига берилган бўлса, уни огоҳлантириш лозим. Шунинг учун:

 Сен: «Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Робблари ҳузурида остларидан анҳорлар оқиб турган, улар у ерларда мангу қолувчи бўладиган жаннатлар бор. Шунингдек, покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», – деб айт.

Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, динидан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунчалик уринишга арзимайдиган нарсалардир. Балки беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Набий алайҳиссаломга хитобан:

«Сен: «Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми?!..» – деб айт», – деб буюрмоқда.

Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун экани шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хос эканидир, бошқаларга насиб қилмаслигидир.

«Тақво қилганларга Робблари ҳузурида остларидан анҳорлар оқиб турган, улар у ерларда мангу қолувчи бўладиган жаннатлар бор».

Бу дунёда экин-тикинларга, далаларидан чиқадиган маҳсулотларга рағбат, хоҳиш-иштаҳа бўлган бўлса, у дунёда остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. У ерда истиқомат қилувчи қайси мева ёки маҳсулотни хоҳласа, ўша ҳозир бўлади. Бу дунёнинг экин-тикинлари вақтинчалик бўлса, у дунёники абадийдир.

Бу дунёнинг матоҳлари ичида энг иштаҳа уйғотадигани аёллар ва болалар бўлса, у дунёнинг абадий неъматлари ичида

«Покиза жуфтлар» бор. Жаннат аҳлларига насиб этадиган бу жуфтлар турли ҳиссий ва маънавий нопокликлардан холидирлар. Аллоҳ таоло уларни аслида пок қилиб яратган. Уларнинг шу покликларининг ўзи ҳар қанча ҳавасга арзийди.

Бу дунё матоҳлари ичидаги чиройли отлар, чорва ва тўп-тўп тилла-кумушлар бошқа шаҳватларга етишишга восита ҳисобланар эди. Жаннатда воситага ҳожат йўқ. Аҳли жаннат нимани хоҳласа, ўша онда муҳайё бўлади.

Охират неъматлари ичида ҳамма матоҳдан, орзу-ҳавас қилинган барча нарсадан устун турадиган яна бир нарса бор. У ҳам бўлса:

«Аллоҳ томонидан розилик бор».

Аллоҳнинг розилиги бу дунёнинг матоҳларию у дунёнинг неъматларини қўшганда ҳам, улардан устун туради.

«Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир».

Уларнинг қандай яратилганликларини, нималарни хоҳлашларини, уларга қандай муомала қилишни яхши билади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Тафсири ҳилол китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Aшъарий тобеларининг 3табақасидан ҳисобланган буюк муҳаддис Ҳофиз Aбу Бакр Байҳақий ваф. 458 ҳ. раҳматуллоҳи алайҳ айтади.Шайхимиз имом Aбу Ҳасан Aшъарий давоми...

3017 15:00 / 19.08.2021
Аллоҳ таоло 3. .Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас,, деган Бақара сураси, 286оят. Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг инсоннинг амалини Аллоҳ давоми...

7006 13:30 / 08.04.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Туғилган болаларни унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдакни ҳузурига келтирилди. давоми...

5635 17:04 / 08.01.2017
Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўрарлар .Роббимиз, давоми...

8086 19:14 / 21.02.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021