1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирлар томонидан ваъдалар қилингани

18:05 / 21.12.2017 4614 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватларидан қайтариш учун яна бошқа бир уринишга қўл уриб кўрдилар. Улар у зотни молу дунё, мансаб ва бошқа нарсалар билан ўз ишларидан қайтармоқчи бўлдилар.

Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Каъаб ал-Қаразийдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Утба ибн Рабийъа Қурайш бошлиқларидан бири эди. Бир куни у Қурайшнинг мажлисхонасида ўтирарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса масжидда ёлғиз ўзлари ўтирган эдилар. Утба:

«Эй Қурайш жамоаси, бориб, бир Муҳаммад билан гаплашайми? Унга бир неча ишларни таклиф қилиб кўраман, шояд, баъзисини қабул қилиб қолса. Нимани хоҳласа, берар эдик, сўнгра биздан четланарди», деди.

Ўша пайт Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кўпайиб бораётгани кўриниб турган пайт эди. Қурайшликлар:

«Тўғри, Эй Абул Валид, унинг олдига бор. У билан гаплашиб кўр», дедилар. Утба туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борди ва гап бошлади:

«Эй биродаримнинг ўғли, сен ичимизда ўзингдек кучли қабиладансан, насабинг ҳам маълум ва машҳур. Сен қавмингга улуғ бир ишни олиб келдинг, у билан ораларига тафриқа солдинг. Ақлларини паст, дединг. Худоларини ва динларини айбладинг. Уларнинг ўтган боболарини кофир, дединг. Менга қулоқ ос, сенга бир неча ишларни таклиф қиламан, уларга назар солиб кўр. Шояд, улардан баъзисини қабул қилсанг», деди.

«Эй Абул Валид, айт, эшитаман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

«Эй биродаримнинг ўғли, – деди Утба, – агар ўзинг келтирган ушбу иш билан молу дунёни хоҳлаётган бўлсанг, сенга молу дунёмиздан жамлаб берайлик, токи ичимиздаги энг кўп мол-мулкли бўлгин. Агар у билан шону шарафни хоҳлаётган бўлсанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб олайлик, сенинг изнингсиз бирор иш қилмайлик. Агар у билан подшоҳликни хоҳлаётган бўлсанг, сени ўзимизга подшоҳ қилиб олайлик. Агар сенга келаётган бу нарса бирор жин ёки шарпа бўлса, уни қайтара олмаётган бўлсанг, табибларни олиб келайлик. Токи тузалиб кетгунингча молу дунёмизни сарф қилайлик. Кўпинча одамга шундай нарса келса, даволанса, тузалиб кетади», деди.

Утба гапини тамом қилгунча қулоқ солиб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абул Валид, гапириб бўлдингми?» дедилар.

«Ҳа», деди Утба.

«Энди мендан эшитгин», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

«Қулоғим сенда», деди Утба.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳаа. Мийм», деб «Фуссилат» сурасини тиловат қилиб кетдилар. Сажда оятини ўқиб, сажда қилдилар. Сўнгра:

«Эй Абул Валид, эшитган нарсангни эшитдинг. Энди ўзинг биласан», дедилар.

Утба ўрнидан туриб, шериклари томон юрди. Улар бир-бирларига:

«Аллоҳга қасамки, Абул Валид бутунлай бошқа одам бўлиб келмоқда», дедилар.

У олдиларига келиб ўтиргач:

«Эй Абул Валид, нима гап олиб келдинг?» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, мен ундан ҳеч эшитмаган гапни эшитдим. Аллоҳга қасамки, у сеҳр эмас, шеър ҳам эмас, фолбинлик ҳам эмас. Эй Қурайш жамоаси, менга итоат қилинглар. У одамни ўз иши билан қўйиб қўйинглар. Ундан четланинглар. Аллоҳга қасамки, мен эшитган сўзга қараганда, унинг улуғ хабари бўлади (унга улуғ хабар келади). Агар бошқа араблар уни даф қилсалар, бошқалар сизни қутқарган бўлади. Агар у араблардан устун келса, унинг мулки сизнинг мулкингиз бўлади, унинг иззати сизнинг иззатингиз бўлади. Энг саодатли одамлар бўласиз», деди. Улар:

«Эй Абул Валид, у сени ўз тили билан сеҳрлаб қўйибди», дедилар. Утба:

«Бу менинг фикрим, ўзингиз билганингизни қилинг», деди.

Кофирлар яна мусулмонларга қарши ўз душманликларини авж олдиришга ружу қўйдилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрат Абу Бакр Мадина масжидидаги умумий байъатдан кейин Расули акрамнинг жанозаларида бўлдилар. Ҳазрат Пайғамбар олдиларидаги сўнгги вазифаларини адо давоми...

5290 19:13 / 28.04.2017
Ҳижратдан аввалги 13 йил, рабиъул аввал ойи мил. 610 йил февраль Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 40 ёш шамсий 38 ёшу тўққиз ойлик бўлганларида рост давоми...

3130 16:30 / 10.10.2021
32. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга .Эй икки қулоқли, дедилар,. Яъни, мутойиба қилдилар.Абу Довуд ва давоми...

7775 11:01 / 05.11.2018
529. Абу Умома Иёс ибн Саълаба Ҳорисийдан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ўз қасами билан мусулмон кишининг ҳаққини кесиб олса, Аллоҳ давоми...

1985 19:00 / 08.11.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар