1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Каримнинг одамларга таъсири

16:43 / 26.12.2017 5522 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазкур ишлар бўлиб турганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўз даъватларини давом эттирар эдилар. У кишининг Қуръон тиловат қилишларининг ўзи кучли даъват эди. Чунки тиловатни эшитган одам ўзи билмаган ҳолда мафтун бўлиб қолар эди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тиловат қилганларида Қурайшнинг бошлиқлари ҳам тинглашарди. 

Аммо ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўриш, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди. 

Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан бири, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳоқ аз-Зуҳрийдан қуйидагиларни ривоят қилади: 

«Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бану Зуҳра қабиласининг шартномадоши Ахнас ибн Шарийқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқибдилар. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб, тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан. 

Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб, бир-бирларини маломат қилишибди. Бир-бирларига «Энди бошқа келмайлик, эси паст одамларимиз кўриб қолишса, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз», дейишибди-да, тар­қалиб кетишибди. 

Иккинчи кечаси эса улардан ҳар бири яна ўз жойига келиб, яна кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди. 

Учинчи кечаси ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқамаймиз», дейишибди. Сўнгра аҳдлашиб, тарқалиб кетишибди.

Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб, Абу Суф­ён ибн Ҳарбнинг уйига борибди ва унга: 

«Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг нима?» дебди. Абу Суфён:

«Нимаям эшитибман? Биз Бану Абдуманоф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом берганлар, биз ҳам берганмиз. Улар улов бердилар, биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон бердилар, биз ҳам бердик. Ниҳоят, тиз чўкиб, пойгага қўйилган икки отга ўхшаб қолдик. Шунда улар «Бизнинг ичимиздан Пайғамбар чиққан, унга осмондан ваҳий келади», дедилар. Биз бунга қачон етамиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди».

Таассуб ва мансабпарастликкина уларни иймонга келишдан тўсиб турарди. Лекин аста-секинлик билан бўлса ҳам баъзи бир кишилар ҳақиқатни англаб ета бошладилар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий Ҳанафий. У зот .Имамулҳуда, ndash .Ҳидоят имоми, номи билан машҳур бўлган. Имом Абу Лайс Самарқандий давоми...

3270 16:10 / 04.05.2021
Қуръони Карим суралардан, суралар эса оятлардан иборатдир. Уларнинг ўзига яраша тартиби бор. Оят ва сураларнинг тартиби ҳақида батафсил сўз юритишдан аввал бу давоми...

6733 20:11 / 24.12.2019
иккинчи мақола4. Бир калимани бошқа калимага алмаштиришдаги ихтилофлар.Бунда кўпинча ушбу калималар ўзаро муродиф ndash маънодош синоним бўлади. Ушбу муродиф давоми...

6852 13:55 / 11.02.2020
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтишади. Эй иймон келтирганлар, унга салавот айтинглар ва салом йўлланглар. Аллоҳга ва Унинг Расулига озор давоми...

18136 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021