1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 185-оят

09:25 / 23.01.2018 5688 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди. Саноқни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз. Бақара 185. 

Аввалги оятда рўза «саноқли кунлар» фарз қилингани айтилган эди, бу оятда ўша «саноқли кунлар» Рамазон ойи экани баён қилиняпти. Айни чоғда, Рамазон ойининг фазли ҳам зикр этиляпти.

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган».

Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожи Роббул Оламиннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу мадҳ турли оятларда келган. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни:

«...унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган».

Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби – Қуръони Каримни нозил қилиш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.

«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин».

Ким ушбу Рамазон ойига соғ-саломат етса, Рамазоннинг янги ойи шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари унга етса, рўзасини тутсин. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда «Янги, умумий фармон бўлди, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан» деган фикр пайдо бўлмасин учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор зикр этилмоқда:

«Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан».

Сўнгра рўза тутиш фарзига муҳаббатни ошириш учун:

«Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди», – дейди.

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир машаққатли таклиф остида қолдирмаслик Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган. Набий алайҳиссалом саҳобалардан Муъоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумоларни Яманга юбораётиб, «Башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар», – деганлар.

Ушбу рўза тутиш ибодатида ҳам Аллоҳ таоло енгиллик йўлини тутганини эслатмоқда. «Рўза тутиш ҳаммага фарз», деса, Аллоҳнинг ҳаққи бор, ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Аммо У меҳрибон Зот «Бемор ва мусофирлар ўз вақтида тутмасалар майли, кейин тутиб берадилар», – деди. Шунингдек, муддатни бир ой эмас, икки, уч, балки ундан ҳам кўпроқ ойларни фарз қилса бўларди. Бир ойнигина фарз қилиши ҳам енгилликдандир. Аллоҳ таоло амр қилган ибодатни сўзсиз бажариш ҳар бир банданинг бурчидир. «Нима учун? Фойдаси борми? Бўлса, нимада?» каби саволларни беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам, баъзан иймон қувватланиши учун, илоҳий фармонларнинг мўъжизакорлигини тасдиқлаш учун баъзи маълумотлар зикр қилинади. Қуръон, Ислом, рўза каби ҳақиқатлардан бехабар ёки хабардор бўлса ҳам, бу ҳақиқатларни қайсарлик ила тан олмай келаётган ҳатто ғайридин тиб олимлари ҳам узоқ илмий изланишлари, тажрибалари давомида динимиз буюрган амалларнинг инсон ҳаёти учун нақадар фойда эканини билвосита тасдиқламоқдалар. Жумладан, улар ҳар бир инсон соғ-саломат бўлиши учун бир йилда ҳеч бўлмаса, бир ой ихтиёрий оч қолиши керак, деган хулосага келдилар.

Узр сабабли рўза тута олмаганлар ажру савобдан бебаҳра қолмасинлар деб, Аллоҳ таоло рўзанинг қазосини тутишни жорий қилди. Рўза тутиш ибодати Аллоҳни улуғлаш, У Зотга шукр келтиришга арзийдиган ибодатдир.

«Саноқни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз».

Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони тинмай улуғлаб, Унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёки сиздан олдин ўтганларнинг ҳолатлари сизларга ҳам келмай туриб, жаннатга кирамиз деб ўйладингизми Уларни йўқчилик ва қийинчиликлар тутган ва ларзага давоми...

5247 15:05 / 21.02.2018
Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки, У унга бир неча мартага кўпайтириб берса. Ҳолбуки, Аллоҳ ризқни тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтариласизлар. Бақара давоми...

5185 09:50 / 28.03.2018
.Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч сабр қила олмаймиз, Роббингга дуо қил, бизга ер ундирадиган нарсалардан ndash сабзавот, таррак, саримсоқ, мош, пиёз чиқариб берсин,, ndash давоми...

4986 09:25 / 09.09.2017
Ва куфр келтирган ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса ndash ўшалар олов соҳибларидир, улар унда мангу қолувчидирлар. Бақара 39.Аллоҳнинг ҳидоятига давоми...

4695 10:10 / 20.08.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021