1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 188-оят

14:35 / 26.01.2018 6371 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг. Бақара 188. 

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда.

Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Бу дегани – бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», – деган эканлар. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳалол ҳокимнинг ҳукми ила ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча ҳам бўлмайди. Балки айнан ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатларига қараб ҳукм чиқаради.

Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиб юбориши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳаққидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», – деганлар.

Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди. Имом Қуртубий: «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб, мол топиш, ҳаром касбларни қилиб, мол топиш ва бошқалар киради», – деганлар.

Шу ерга келганда, сурадаги ояти карималар ёш мусулмон жамиятини илоҳий йўлда тарбиялаб боришда янгича услуб қўллаб, мусулмонларнинг турли саволларига жавоб беришни бошлайди. Табиийки, бу саволларнинг келиб чиқишига ўзига яраша сабаблар бор эди.

Аввало, мусулмонлар жоҳилиятнинг барча асоратларини тарк этиб, Ислом деб номланган янги илоҳий умматга аъзо бўлаётганларини чуқур тушуна бошладилар. Аввалги эътиборсизлик, бепарволикни йиғиштириб, мусулмон деган буюк номга муносиб бўлишга астойдил ҳаракат қила бошладилар. Шунинг учун ўзлари ҳар бир нарсада Аллоҳнинг таълимини, ҳукмини билишга қизиқиб қолдилар. Ҳақиқий мусулмон бўлиб яшаш учун аввал ҳар бир иш ва ҳолнинг ҳукмини билиб олиш лозим эди, албатта.

Шу билан бир пайтда, мусулмонлар ичида яшаб турган яҳудийлар, мунофиқлар ва мушриклар исломий ҳукм, ақийда ва тузумларга шубҳа туғдириш ниятида турли гап-сўзлар тарқатишарди. Табиийки, бу ғаразли ҳужумларни мусулмонлар имконлари борича қайтарар эдилар. Имконлари бўлмаса, ўзларича ҳал қилишнинг иложини топа олмасалар, раҳбарлари, йўлбошчилари – Муҳаммад алайҳиссаломга савол билан мурожаат қилар эдилар. Шундай пайтларда мўминларнинг қалбларига ишонч ва сокинликни солиш учун, уларнинг ҳақ йўлда эканликларини баён қилиш учун саволларга жавоб беришга Қуръони Карим аралашар эди.

Маълумки, рўза Пайғамбаримиз ҳижратларининг иккинчи йилида фарз бўлди. У ҳақдаги оятларни бундан олдин ўргандик. Шариат ҳукмига асосан рўзани тутиш ҳам, очиш ҳам ҳилолга – янги ойга боғлиқ. Рамазон ойининг ҳилолини кўриб, рўза тутиш бошланади, кейинги ойнинг ҳилолини кўриб, рўза тутиш тугайди, ийди Рамазон бўлади. Ҳамма аҳкомлар ҳилолга боғлиқ. Шунинг учун ҳозирги кунимизда ҳам Рамазон яқинлашган сари одамларнинг ҳилол ҳақидаги савол-сўровлари кўпаяди. Худди шунингдек, ўша пайтда ҳам, хусусан, рўзанинг фарзлиги ҳақидаги биз ўрганган аввалги оятлар нозил бўлгандан сўнг ҳилол ҳақида саволлар кўпайган. Одамлар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ҳилол нима учун халқ қилинган?» – деб сўраганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёки Яъқубга ўлим ҳозир бўлиб, у ўз ўғилларига .Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар, ndash деганида, улар .Сенинг Илоҳинг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг давоми...

3324 15:00 / 30.11.2017
Ана ўшалар залолатни ҳидоятга сотиб олганлардир. Бас, тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. Бақара 16. Ушбу оятда Аллоҳ таоло давоми...

4716 12:37 / 10.07.2017
Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани орқасига давоми...

5704 16:45 / 10.12.2017
Ичган қасамларингиз сабабли яхшилик қилиш, тақво қилиш ва одамлар орасини ислоҳ этишингизга Аллоҳни тўсиқ қилманг. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. Бақара давоми...

4385 09:05 / 03.03.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021