1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ўнг тараф соҳиблари

16:00 / 08.02.2022 6699 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўнг тараф соҳиблари... Ўнг тараф соҳиблари недир?!

Улар тикансиз сидрзорлардадирлар.

Сидр – ҳушбўй ҳидли бута бўлиб, араблар бу ўсимликни ҳиди учун яхши кўрар эканлар. Аммо унинг тикани жуда кўп бўларкан. Ояти карима нозил бўлган пайтда баъзи соддароқ кишилар, кишига озор берадиган бу тиканли бута жаннатда нима қилади, деган фикрга ҳам борган эканлар.

Салим Ибн Омирдан қуйидаги ривоят келтирилган:

«Бир куни саҳровий араб кириб келди-да:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло одамларга озор берадиган дарахтни жаннатда зикр қилибди?! – деди. Набий алайҳиссалом:

– Қайси дарахтни? – деб сўрадилар. У киши:

– Сидрни. Унинг озор етказадиган тикани бор-ку? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аллоҳ таоло «Фии сидрим махзууд», яъни «Улар тикансиз сидрзорлардадирлар», деган-ку! Уни тикансиз қилган Зот ҳар бир тикани ўрнига мева чиқаради. У мевадан бир-бирига ўхшамаган етмиш икки хил таом тайёрланади, – дедилар».

Сермева бананзорлардадирлар.

Ва ёйилган соялардадирлар.

Ва оқар сувлардадирлар.

Ва сероб мевалардадирлар…

тугамайдиган ва ман қилинмайдиган.

Одатда бизнинг тилимизда ҳам кишининг бирор нарсага сероблиги билдирилмоқчи бўлса, «Фалончи фалон нарсанинг ичида», де¬йилади. Худди шунингдек, ушбу жумлалар орқали «Ўнг тараф эгалари жаннат нозу неъматлари ичидадирлар» деган маъно ифода қилинмоқда. Мисол учун, «сермева бананзорлардадирлар». Яъни «бананзор ичида, бананларга кўмилиб», дейилмоқчи.

Ўнг тараф эгаларига жаннатда яна қуйидагилар тайёрлангандир:

Кўтарилган кўрпачалардадирлар.

«Кўтарилган» тушунчаси маънавий ва моддий кўтарилганлик маъноларига эга.

Албатта, Биз у(ҳур)ларни дафъатан, махсус яратдик.

Яъни улар туғилганлари йўқ, Аллоҳ таоло уларни жаннат аҳллари учун хослаб, алоҳида, дафъатан яратгандир. Уларнинг яратилиши дунё аёллариникига ўхшамас. Уларнинг яратилиши мукаммалдир, фанони қабул қилмас.

Оятларда у дунёдаги эркакларга бериладиган неъматлар ҳақида сўз кетганда, албатта, аёллар ҳам назарда тутиладилар. Улар ҳам мазкур неъматларга эришадилар. Фақат ҳурлар ҳақида сўз кетганда, «Аёлларга-чи, уларга нима бўлади?» деган савол туғилади. Бу саволга эндиги келадиган оятлар ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларидан жавоб топамиз.

Бас, уларни бокиралар қилиб қўйдик –

бир хилдаги тенгдош маҳбубалар.

Ўнг тараф соҳиблари учун.

Машҳур муҳаддислардан Абул Қосим Тобароний ривоят қилган узун ҳадисда жумладан, шундай дейилади: «Умму Салама:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг «Ъурубан атрообан» деган ояти ҳақида гапириб беринг, – деди. Ул зот:

– Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз бўлиб кетган кампирлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни қиёматда тенгқур, бокира, эҳтиросли, маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади, – дедилар.

Умму Салама онамиз:

– Эй Аллоҳнинг Расули, бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ъийнларми? – дедилар. Ул зот:

– Эй Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ъийнлардан афзалдир, – дедилар. Умму Салама:

– Нималари билан? – деб сўрадилар.

Набий алайҳиссалом:

– Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳ уларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийдирган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зебу зийнатлари сариқ, тароқлари тилладан. «Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччикланмаймиз. Биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин», – дейдилар, – дедилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳо:

– Эй Аллоҳнинг Расули, бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўртта эрга тегадилар, у дунёда ҳаммалари жаннатга кирсалар, аёл қайси эри билан бўлади? – дедилар.

Набий алайҳиссалом:

– Эй Умму Салама, у аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. «Аллоҳим, мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин», – дейди. Эй Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради, – дедилар».

Аввалгилардан кўп жамоатлар.

Кейингилардан кўп жамоатлар.

Демак, пешқадамлардан фарқли ўлароқ, ўнг тараф эгалари орасида аввал ўтган азизлардан иборат кўпгина жамоатлар ҳам, кейин келган азизлардан иборат кўпгина жамоатлар ҳам бўлар эканлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)




Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғийбат сабабли дунёда, динда жуда кўп зарарлар юзага келади. Ғийбат қилувчига Қуръони Каримдаги.Дунёни ҳам, охиратни ҳам қўлдан бой берди, Ҳаж сураси, 11оят давоми...

3466 14:00 / 28.03.2022
Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган киши яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб, у билан бирга жаҳаннам оташига давоми...

4394 20:47 / 10.03.2018
Бир одам .Аллоҳ, исломни фалончи билан азиз қил, дебди. Шунга бошқалар .Ислом ўзи азиз эмасми, деб унга .раддия, ва ҳақоратлар ёғдиришмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2512 11:10 / 24.02.2024
Ҳакиму уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ шундай дер эдилар .Қалбга, бирон яхши амални қилиб олай, деган ўй келиши сўфийлар истилоҳида .ворид, давоми...

1574 10:55 / 25.12.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021