1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Эҳсонидан ибора айтиш

17:03 / 04.02.2018 4022 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўяди. Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмайди.

Бисот – мажол, суянч, эътибор.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикмати узоқ ва кўп такрорланган тажрибага суянган ҳолда айтилган бўлса, ажаб эмас. Уламолар ушбу ҳикматнинг шарҳида турлича маъноларни айтишган. Мазкур турлилик ибора айтишга берилган нисбат асосида бўлган. Баъзилар «ибора айтиш» банданинг ўзига ўхшаган бандаларга ибора айтиши, дейишса, бошқалар банданинг Роббига ибора айтиши, деганлар.

Биринчи гапга кўра, «Ким одамларга ибора айтганда ўзи қилган яхшиликларга суянган ҳолда гапирадиган бўлса, уни ўзи қилган ёмонлиги жим қилиб қўяди», деган маъно чиқади. Чунки барча одам боласи хатокордир. У одамлар орасида «Мен у қилдим, бу қилдим», дея мақтанадиган бўлса, мақтаниши давомида қилган ёмонлиги юзига солиниши ёки уни ўзи эслаб қолиши мумкин. Ана шунда ёмонлиги уни ибора айтишдан жим қилиб қўяди. Аммо ким одамларга ибора айтганда Аллоҳ таолонинг ўзига қилган эҳсонларига суянган ҳолда айтса, ўзи ёмонлик қилса ҳам, гапиришдан тўхтаб қолмайди. Зотан, Аллоҳ таолонинг эҳсонлари ҳақида ҳар қанча ибора айтилса ҳам, оздир. Банданинг қилган ёмонлиги Аллоҳ таолонинг эҳсонлари ҳақида ибора айтишига тўсиқ бўла олмайди.

Аллоҳ таоло Зуҳо сурасида марҳамат қилади:

«Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзлагин» (11-оят).

Иккинчи гапга қараганда, банданинг Робби ҳузурида муножот қилиши кўзда тутилган бўлади. Банда ушбу муножотида Роббидан бирор сўров сўраши, У Зотга дуо қилиши ёки ҳамду сано айтиши мумкин бўлади.

Ана ўша пайтда банда Роббига ўзининг қилган эҳсонларини орага солиб муножот қиладиган бўлса, ёмонлиги эсига тушганда тили тутилиб қолиши турган гап. Аммо банда мазкур муножотда Роббининг яхшиликларидан келиб чиқиб ибора айтадиган бўлса, ҳар қанча ибора айтса ҳам оз бўлаверади. Унинг тили тутилмайди, балки борган сари бурро бўлиб бораверади.

 Ҳар бир мўмин бандада юқорида зикр қилинган икки ҳолат – ўз яхшилиги ҳақида ибора айтганда тили тутилиб қолиши ва Роббининг яхшилиги ҳақида ибора айтганда тили бурро бўлиши доимийдир. Бошқача қилиб айтганда, банда хавфу ражонинг ўртасида бўлади. Ўзининг қилмишини ўйласа, хавф босади. Роббининг эҳсонини ўйласа, умидвор бўлади. Ушбу ҳолат барчада баробар равишда бордир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атоларидан берамиз. Роббингнинг атолари чекланган эмас» (20-оят).

Аллоҳ таоло бу дунё неъматларини барчага бераверади. У ҳамманинг Розиқидир. Бергани билан неъмати камайиб қолмайди:

«Барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атоларидан берамиз».

Барча бандаларга, яъни охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан берамиз.

«Роббингнинг атолари чекланган эмас».

Аммо бандаларнинг ушбу атоларга нисбатан ўзларини тутишлари турлича бўлади. Баъзилари Аллоҳ таолонинг фазли-карамини унутиб қўяди. Бошқалари мазкур фазли-карамнинг қадрига етиб, шукрини ўрнига қўяди.

Аллоҳ таоло барчамизни ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўйишини англаб етадиганлардан қилсин! Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмаслигини англаб етадиганлардан қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қачон У Зотсенга умидворлик эшигини очмоғини ирода қилсанг, УЗотдан сенга бўлган нарсани мушоҳада қил. Қачон У Зотсенга хавф эшигини очмоғини ирода қилсанг, давоми...

3411 16:50 / 01.04.2018
Ана у Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми давоми...

4991 19:22 / 22.01.2018
Ким У Зотга Ундан орзу қилаётган нарсаси учун ёки уқубат келишини тоати ила ўзидан даф қилиш учун ибодат қилса, У Зотнинг сифатлари ҳаққини адо қилмаган давоми...

5455 19:07 / 11.02.2018
Тоат сени ўзингдан чиққани ила хурсанд қилмасин. У билан унинг сенга Аллоҳдан чиққани ила хурсанд бўл. .Сен .Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан давоми...

4708 17:53 / 29.07.2017
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021