1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Либосга оид умумий ҳукмлар

18:14 / 07.02.2018 6317 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Либос учун ишлатилган мато ипакка ўхшаб, шариатда ҳаром қилинмаган бўлса, ҳалолдир. Аёллар ипак матодан тикилган либос кийишлари мумкин.

2. Шаръий йўл билан сўйилмаган, ўзи ўлиб қолган ҳайвонларнинг терисини ошлагач, кийим қилиб кийса бўлади.

3. Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг жуни, қили ва момиғидан қилинган кийимлар покдир. Унинг тирик ёки ўлик ҳайвондан олинганининг фарқи йўқ.

4. Жумҳур фуқаҳолар йиртқич ҳайвонларнинг терисини ошлаб, кийим қилса жоиздир, дейишган.

5. Модомики, ҳаром нарсадан бўлмаса, чиройли кийимларни кийиш мубоҳдир.

6. Жума, ийд (ҳайит) ва одамлар жамланадиган йиғинлар учун манманлик ва кибрдан узоқ бўлган ҳолда ясаниш мустаҳабдир.

7. Ким имкони бўлатуриб, мазкур ясанишни қасддан тарк этса, хато қилган бўлади.

8. Оқ рангли кийим мустаҳабдир.

9. Қип-қизил рангли кийим эркакларга макруҳдир.

10. Қора рангли кийим жоиздир (мумкин).

11. Яшил рангли кийим жаннат аҳлининг кийими бўлгани учун, мустаҳабдир.

12. Турли рангли чизиқлардан иборат матодан бўлган кийим жоиздир.

13. Ҳайвонлар сурати солинган кийим эркаклар ва аёллар учун ҳаромдир.

14. Хоч (крест) сурати бор кийим кийиш ҳам ҳаромдир.

15. Жонли бўлмаган нарсаларнинг сурати бор кийимнинг ҳечқиси йўқ.

16. Терининг рангини билдирадиган даражада шаффоф кийим кийиш жоиз эмас. Имом Байҳақий Алқамадан қилган ривоятда айтилишича, Ҳафса бинти Абдурраҳмон Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига шаффоф рўмол ўраб кирганида, Оиша онамиз йиртиб ташлаб, қалин рўмол ўратиб қўйганлар.

17. Одамларнинг одатига хилоф кийим ҳам макруҳдир. Одатда бу каби кийимлар шуҳрат учун кийилади. Бундай кийим кийганларни бошқалар ғийбат қилади ва гуноҳларига у ҳам шерик бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки шуҳратдан қайтардилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, икки шуҳрат нима?» дейишди.

«Кийимнинг юпқалиги ёки қалинлиги, юмшоқлиги ва қаттиқлиги, узунлиги ва қисқалиги. Бас, ўшанинг ўртачаси ва тежамлиси бўлсин», дедилар».

Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган.

18. Абулфараж қуйидагиларни айтади: «Ўтган солиҳлар ўртача кийим кийишар эди. Жуда юқорисини ҳам эмас, жуда пастини ҳам эмас. Кийимнинг яхшисини жума, икки ийд ва биродарлар билан учрашувга ихтиёр қилишар эди. Уларнинг одати бўйича, яхши кийим танлаш қабиҳ эмас эди».

19. Имкони бўлатуриб, зоҳидликни ва тақвони кўрсатиш учун, қасддан хароб кийимларни кийиш мумкин эмас.

20. Ҳанафий ва шофеъий мазҳаби уламолари олим кишиларнинг кийими жуда яхши бўлиши мандубдир, дейишган. Шу билан бирга, улар кенг ва кўзга ташланадиган кийимларни кийишлари лозим. Бу билан илмнинг мақоми зоҳир бўлади. Одамлар уларни дарҳол таниб, саволларини беришади.

21. Мусулмон инсон учун бошқа диндаги қавмларнинг рамзи (шиори) ва белгиси бўлган кийимларини кийиш ҳаромдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу уммат тавҳид рисолатини ва ҳидоят нурини шарқу ғарбга таратган, инсонларни бандаларнинг зулмию истибдодидан оламлар Роббисининг тавҳидига олиб чиққан, сўнгра давоми...

5173 14:38 / 12.04.2018
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Ахборун нисо, номли китобида шундай зикр қилади .Айтишларича, Ҳажжож ибн Юсуф золим Абдурраҳмон ибн Ашъасни қатл қилиб, унинг давоми...

3077 09:00 / 09.03.2023
Бир бадавлат савдогар ёши бир жойга борганида ортида қолаётган молдавлатидан ташвишга туша бошлабди. Чунки унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам эрка ва тантиқ экан. давоми...

3893 09:00 / 04.01.2022
Кекса қурувчи бор эди. Муассаса раҳбаридан нафақага чиқаришини сўради. Қолган умрини аёли ва фарзандлари билан ўтказмоқ учун. Раҳбар кекса устанинг талабини рад давоми...

1546 14:24 / 16.05.2025
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021