1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Дин жиловдир (мулоҳаза)

19:05 / 11.02.2018 5523 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зикр аҳлидан сўранг” ёки muslim.uz сайтида қўйиб бориладиган савол-жавобларни ўқиганимда эътиборга молик бўладиган бир нарсани кузатаман. Саволга берилган жавобдан кўра, саволнинг ўзи эътиборимни кўпроқ тортади. У саволлар одатда қуйидаги мазмунда бўлади:

- “Мен илгари бир дўконда сотувчи бўлиб ишлаганман. У пайтларда динни яхши тушунмаганим сабабли, хўжайиндан сўрамасдан кассадан пулларни ишлатиб юборганман. Ишимда барака бўлмай, бошқа ишга ўтиб кетганман. Ҳозир худога шукур, беш вақт намоз ўқийман. Ишларимда ҳам барака бор. Энди ўша пулларни қандай қайтарсам бўлади?”.

- “Бундан ўн йиллар олдин намоз ўқимасдим. Ичкилик ичар эдим. Ўша пайтларда мастлик сабабли хотинимга талоқ қўйганман. Энди ҳидоят топдим. Намоз ҳам ўқияпман. Ҳозир афсусдаман. Ўша пайтдаги қўйган талоғимнинг ҳукми нима бўлади?”

- “Эрим оламдан ўтган. Ҳаётлик пайтида уни кўп ранжитганман, ҳатто сўрамасдан чўнтагидан пулларини олиб ишлатаверар эдим. Энди бунинг гуноҳ эканини англаб етдим. Ҳозир намоз ўқийман, намозларимда эримнинг ҳаққига дуолар қиламан. Олдинги гуноҳларимни қандай ювсам бўлади?”.

- “Мен кўп одамлардан қарз олганман. У пайтда беэътибор эдим, ёзиб қўймаган эканман. Қарзим қанча экани ва кимдан қанча олганимни ҳам эслолмайман. Бунинг оғир гуноҳ эканини билдим. Ҳозир беш вақт намоз ўқияпман. Нима қилсам зиммамдаги қарздан қутиламан?”.

Баъзилар фаҳш ишга мубтало бўлгани, кейин эса бунинг оғир гуноҳ эканини англаб етиб надомат қилаётганини айтишади. Мана шу ва шунга ўхашаш саволларга кўзим тушиб туради. Эътиборга молик томони шуки, улар ибодатга ўтгач, илгари қилган ишлари гуноҳлигини, бировнинг молини ноҳақдан ейиш ҳаром эканини англаб етишяпти. Улар фақат тавба билан чекланмасдан, балки “зиммамда қарз қолиб кетмасин” деб, ҳақ эгасини ҳам қидириб топиш ҳаракатида юрибди. Уларни ислоҳ қилган нарса – диндир.

Ҳа, дин инсоннинг жиловидир! Динига амал қилмаган инсон жиловсиз бўлади.

Ҳа, намоз инсонни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка етаклайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур”. (Анкабут сураси, 45-оят)”.

Намоз ўқиб юрган бирорта кишидан “Намозни ташлаган эдим, ишларим юришиб кетди,” деган сўзни ёки бирорта аёлдан “Рўмол ўрашни ташлаган эдим, рўзғоримга барака кирди, мана, бахтга кўмилиб яшаяпман”, деган сўзларни бирор марта бўлса ҳам эшитганмизми?! Ёки “Илгари умуман ичмас эдим, ҳозир ичишни бошладим, ишларим ҳам ўз-ўзидан юришиб кетди”, деган инсонни учратганмизми?! Йўқ, асло!

Аксинча, агар намозни тарк қилган бўлса ҳам, афсус надомат билан маҳзун оҳангда “Илгари намоз ўқир эдим”, деб хўрнисиб гапирган айрим кишиларни учратган бўлишимиз мумкин. Ёки ичкиликка мубтало бўлган айрим кишилардан “Илгари ичмас эдим, топиш-тутишим яхши эди. Ҳозир мана шу балога мубтало бўлиб, касбимдан барака кўратилди, уйимда эса ҳар куни жанжал”, дейдиган кишларни учратамиз.

Исломнинг неъмат эканини унда яшаб кўрганларгина ҳис қила олади. Ўтмишда ўтган солиҳлардан бири ҳақиқий бахтни ҳис қилган ҳолда завқ билан: “Биз шундай бахт-саодатда яшаяпмизки, агар буни подшоҳлар билганларида эди, қилич ишлатиб бўлса-да, уни биз билан талашган бўлар эди”, деган экан.


Қудратуллоҳ Сидиқметов

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Чала олим одамлар учун жоҳилдан ҳам зарарлироқдир. Жоҳил гапсўзида, ишида хатога йўл қўйиши мумкин. Унинг хатоси юзага чиқади. Аммо чала олимнинг хатари жуда катта давоми...

7348 11:04 / 12.12.2020
.Тақлид, сўзи араб тилида бир нарсани бўйнига осиб олишни англатади. Кейинги даврларда бу сўзни бошқанинг амалига ўхшаш амал қилиш маъносида кўпроқ ишлатиладиган давоми...

5801 05:00 / 09.03.2017
Ақл нима, нафс нима, дейсиз.Мен уларнинг ҳар бирига аниқ чегара қўйиб бераман ва равшан фарқлаб ажратиб бераман, деб даъво қилмайман. Чунки бундай ишлар ҳалигача давоми...

14887 05:00 / 13.03.2017
Албатта, ислом дини бағрикенглик ва енгиллик динидир. Одамлардан машаққатларни кўтариш учун келган бу дин Аллоҳ таоло тарафидан мукаммал қилиб юборилган.Шунинг давоми...

6099 05:00 / 09.03.2017
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021