1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган 4 иллат

17:48 / 03.03.2018 10444 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен сизларга фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсаларнигина айтаман:

«......Аллоҳим! Албатта, мен Сендан наф бермайдиган илмдан ва қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу дуода аввалги дуода зикри келган бир неча ёмон нарсалардан ҳам паноҳ сўралган. Янги паноҳ сўралаётган нарсалар эса тўртта:

1. Наф бермайдиган илм.

Наф бермайдиган илм асосан илмига амал қилмасликдан келиб чиқади. Илмига амал қилмаслик эса жуда катта бало ҳисобланади.

Илмига амал қилмайдиганлар гуруҳи мазкур балога дучор бўладилар. Бу гуруҳдагилар шаръий ва ақлий илмларни яхши эгаллаган, чуқур ўрганиб иш олиб борадиган бўладилар. Аммо уларда илмга амал қилиш, тоатларни адо этиб, маъсиятлардан четланиш йўқ.

Булар илм ила ғурурга кетиб, адашган гуруҳлардир. Улар илмлари ила Аллоҳ таоло азобламайдиган даражага етганмиз, деб гумон қиладилар. Ҳатто бошқа кишиларни шафоат қилишни даъво қиладилар. Илм ибодатдан афзал, дейдилар.

Аслида илм икки хил бўлади:

Биринчиси: Аллоҳ таоло ва Унинг сифатлари ҳақидаги илм. Бу одатда «Илми маърифат» дейилади.

Иккинчиси: Муомала илми. Бунга ҳалол ва ҳаром, мақталган ва ёмонланган ахлоқларни билиш илми киради. Бу хилдаги илмлар амал қилиш учун ўрганилади. Агар амал қилинмаса, бу илмларнинг кераги йўқ.

Шунинг учун ҳам илмига амал қилмаган олимларнинг ғурурга кетиши оғир мусибат ҳисобланади. Уларни уламолар қаторига қўшмаслик керак бўлади.

2. Қўрқмайдиган қалб.

Бундай қалбдан ҳам паноҳ сўраш лозим. Чунки у ҳам ўз эгасини кўп балоларга гирифтор қилиши мумкин. Бундай қалб кўпроқ илмига амал қилмаслик оқибати сифатида юзага келади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган эканлар.

Имом Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳдан қўрқиш илмнинг аломатидир. Аллоҳ ила ғурурга кетиш жаҳолатнинг аломатидир», деганлар.

Ҳасан Басрийдан фатво сўралди ва у киши жавоб бердилар. Шунда:

«Бизнинг фақиҳларимиз буни айтмайдилар», дейилди.

«Сен бирор марта фақиҳни кўрганмисан ўзи?! Фақиҳ кечасини бедор, кундузини рўзадор ўтказадиган ва дунёдан зоҳид бўлган одамдир», деганлар.

3. Тўймайдиган нафс.

Тўймайдиган нафс ўз эгасини ҳалокатга етаклайди. У дунёнинг ярмига эга бўлганда ҳам тўймайди ва эгасига, қолган ярмини ҳам ол, дейди. Бундай нафси бор киши унинг қулига айланиб қолади. Нафси нима деса, ўшани амалга ошириш пайидан бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай нафсдан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб турилади.

4. Ижобат бўлмайдиган дуо.

Дуонинг ижобат бўлмаслиги ҳам яхшилик аломати эмас. Қандайдир нуқсон, Аллоҳ таолога ёқмайдиган нарса борлигидан дуо қабул бўлмайди. Албатта, бу каби дуодан ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўраб туриш керак бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя. Ҳажжожни ёмонлаб ғийбат қилаётган бир кишини кўрган Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга .Ҳажжож ҳозир шу ерда бўлса, шу айтган гапларингни айта олармидинг, давоми...

3787 17:15 / 17.03.2018
Ҳасад бу қадимдан бор бўлган гуноҳ, унинг бошланиши Иблисга бориб тақалади. Иблис, Одам алайҳиссаломга Аллоҳ Таоло томонидан берилган мақомга ҳасад қилди. Иблис давоми...

5307 20:51 / 10.06.2018
.Эй иймон келтирганлар Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради, ёмонликларингизни ўчиради ва сизни мағфират қилади. Аллоҳ буюк фазл эгасидир, давоми...

5999 15:44 / 02.06.2018
4. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан.Бу дунё ўткинчидир. Қачондир бу ердан сафар қилишимиз аниқ. Бир шаҳардан яқин кунда кетишини билган киши сафар давоми...

4647 15:10 / 23.03.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021