1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ҳуд сураси, 113-117

05:00 / 23.01.2017 5671 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.


Яъни, сизлар золимларга мойил бўлманглар. Чунки сизнинг золимларга мойил бўлишингиз уларнинг зулмини иқрор қилганингиз бўлади. Бу эса, иймонли кишининг иши эмас. Сиз золимларга яқин бўлманг.

«Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ».

Шунинг учун фақат Унигина дўст тутинглар. Акс ҳолда: 

«Сўнгра ёрдам берилмайсизлар».

Яъни, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким сизга ёрдам бера олмайди.

Албатта, ушбу икки оятга амал қилиш осон эмас. Бу қийин ишда ёрдам бера оладиган омилларга қуйидаги оятда ишора қилинади:


114. Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир.

Уламоларимиз ояти каримадаги «Кундузнинг икки тарафида» адо қилинадиган намоз бомдод, пешин ва аср намозлари, «кечанинг бир бўлагида» адо этиладиган намоз шом ва хуфтон намозлари, дейишган.

Дарҳақиқат, намоз ҳақиқий руҳий озуқа, банданинг ўз Робби ва ҳақиқий ёрдамчиси Аллоҳ таоло билан бевосита боғланишидир. 

Намоз оғир ва нозик пайтларда кишига мадад берувчи омилдир. 

Намоз диннинг устунидир. Усиз ҳеч бир аҳамиятли ишни кўнгилдагидек охиригача етказиб бўлмайди.

«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади».

Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади. Намоз ўша яхшиликларнинг гултожидир.

Ушбу оятда оғир ва аҳамиятли ишларни қилишда, Аллоҳнинг амрига бўйсунишда, кўрсатган йўли ва йўллаган динида мустақийм туришдек масъулиятли ишда намоз ва яхшилик қилиш ила олдинга йўл очишга ундаш бор. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топгандир.

Имом  Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонлик ортидан яхшилик қил. Уни ювади. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил!» дерлар.

«Бу эса, эсловчиларга эслатмадир».

Зотан, намоз ҳам зикр-эслашдир. Яхшиликлар ҳам шундай.

Аллоҳнинг йўлида, Унинг динида мустақийм туриш учун сабр ҳам керак. Шунинг учун келаси оятда сабрга чақирилади:


115. Ва сабр қил. Бас, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас.

Яхшиликнинг тури жуда ҳам кўп. Энг олий яхшилик Аллоҳнинг йўлида, Унинг динида мустақийм туришдир. Намоз ҳам яхшилик, балки барча яхшиликларнинг онасидир. Шунингдек, сабр қилиш ҳам яхшилик. Мўмин банда ҳар қандай яхшиликни қилишга уринмоғи лозим. Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмайди.

Келгуси оятларда ўтган умматларнинг оммавий азобга учрашига сабаб уларда ғолиб одамлар зулм қилгани, ислоҳчилар эса, оз бўлгани, агар ислоҳчилар кўпчиликни ташкил қилганларида иш ҳам бошқача бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз кетади:


116. Сиздан олдинги асрларда ер юзида фасоддан қайтарадиган боқийлик эгалари бўлганида эди. Магар Биз нажот берганлар озгина кишилар бўлди, холос. Зулм қилганлар эса, маишат ортидан кетдилар ва жиноятчилардан бўлдилар.

Ўтган замонларда қавмлар ер юзида фасод ишларни қилдилар. Пайғамбарларга қарши чиқдилар. Ана шунда уларни ўша фасод ишлардан қайтарувчи яхши кишилардан боқий қолганлар бўлиб, боқий дин аҳкомларига чақирганларида қавмлари оммавий азобга дучор бўлмас эдилар. Аммо улар жуда ҳам оз эдилар. Улар оммавий азобдан қутулиб қолган саноқли кишилардир. Шунинг учун улар кўпчиликка таъсирларини ўтказа олмадилар.

«Зулм қилганлар эса, маишат ортидан кетдилар ва жиноятчилардан бўлдилар».

Шунинг учун ҳам ҳалокатга дучор бўлдилар. Ўзларидан ўтди. Бўлмаса:


117. Роббинг аҳли ислоҳчи бўлган шаҳарларни зулм ила ҳалок қилмас эди.

Одамлари иймонли бўлиб, амали солиҳ қилган шаҳарларни ҳеч қачон ҳалок қилган эмас. Бундай қилиш зулм бўларди. Аллоҳ эса, мутлақо зулм қилмайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида шундай марҳамат қилади .Куфр келтирганлар .Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди,, дедилар. Қалбингни у билан саботли қилишимиз учун давоми...

1448 19:00 / 18.08.2025
Қуръони Каримнинг асосий эъжози, яъни ожиз қолдириши унинг баёни ndash жумла ва сўз тизимидир. Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз давоми...

6431 14:00 / 24.07.2019
Биз ушбу мақолада Ислом оламидаги машҳур қорилардан, мисрлик Шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимаҳуллоҳ ҳақларида кўпчиликка маълум бўлмаган маълумотларни тақдим давоми...

34646 18:35 / 01.01.2024
6. Эй иймон келтирганлар Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар давоми...

9013 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021