1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг гуноҳлиги ҳақида (5-қисм)

22:25 / 03.04.2018 4286 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насиҳат. Тобеъинлардан бири айтади: «Биз кўрган салафи солиҳлар, яъни саҳобалар ибодатни намозу рўзадагина эмас, балки одамларнинг обрўсидан тийилишда деб билар эдилар».[1]

Изоҳ. Намоз ва рўза барча ибодатлар орасида энг афзали бўла туриб, саҳобалар ғийбатдан сақланишни улардан ҳам улуғроқ ибодат деб билишларининг бир неча сабаблари бор.

Биринчи сабаб. Намоз ва рўза ибодатларини тарк этган одам бирор банданинг ҳаққини поймол қилмайди. Ғийбат қилувчи эса Аллоҳ таолога исён қилиш билан бирга, банданинг ҳаққига ҳам тажовуз қилган ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли маъсият ва гуноҳлар тавба билан афв этилади. Чунки Аллоҳ таоло Ўз бандаларига меҳрибонлик назари билан қарайдиган, ҳатто кофирга ҳам ризқ берадиган Ғафур ва Раҳим Зотдир. Гуноҳкор банда гуноҳига афсус ва надомат қилган ҳолда Аллоҳнинг даргоҳига оҳу зорлар билан ёлворса, ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло унинг ҳолига раҳм қилиб, гуноҳларини кечади. Ғийбат қилувчи эса то ўша ғийбат қилинган киши уни кечирмагунича Аллоҳ таолога тавба қилишнинг ўзи билангина гуноҳдан пок бўла олмайди.

Иккинчи сабаб. Умуман олганда, ибодат қилишдан кўра гуноҳни тарк этишнинг фазли ортиқроқ туради, яъни ортиқча ибодат қилмаса ҳам, шариат қайтарган гуноҳлардан ўзини тиядиган киши кўп ибодат қилиб туриб, каттаю кичик гуноҳларга мубтало бўлиб юрадиган одамдан яхшироқдир. Бу умумий гуноҳларга тегишли гап. Ғийбат қилиш гуноҳларнинг орасида энг ёмони бўлгач, ундан сақланиш намозу рўзадан ҳам афзалроқ бўлмасинми? Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: «Сизнинг наздингизда яхшиликлари ҳам, ёмонликлари ҳам кўп бўлган одам яхшироқми ёки яхшиликлари ҳам, ёмонликлари ҳам кам бўлган одамми?» дея сўралди. Шунда у киши: «Мен саломатликка ҳеч нарсани тенг кўрмайман, яъни инсоннинг яхшиликлари кўп бўлганидан кўра ёмонликлари кам бўлгани яхши», дедилар.[2]

Учинчи сабаб. Табиби топилмайдиган бедаво дард энг оғир касаллик ҳисобланади. У кундан-кунга кучайиб кетаверади, ҳатто беморни ўлимгача олиб боради. Ғийбат ҳам табиби йўқ касалликдир, чунки гуноҳларнинг табиби бўлмиш олимларнинг ўзлари ҳам бу касалликка мубталодир. Ўзлари бу беморликка чалинган бўлсалар, бошқаларни қандай даволайдилар? Аммо намозу рўза бундай эмас. Уни тарк этишни уламоларнинг ўзлари ҳам ёмон деб биладилар, одамларни ҳам ундан огоҳлантирадилар.

Тўртинчи сабаб. Таъсир ва зарари бир одамга эмас, бошқаларга ҳам етадиган дардни, масалан, юқумли қичима касаллигини ҳамма ҳам ёмон касаллик деб ҳисоблайди. Худди шунингдек, ғийбатнинг зарари ҳам фақат гапирувчининг ўзида қолмайди, балки ғийбат қилинган кишига ҳам тегади, яъни унинг ҳам дили оғриб, ғийбатдан зарар кўради.

Бешинчи сабаб. Намоз ва рўзани тарк этиш қўлу оёқ ва шу каби аъзоларнинг гуноҳи, ғийбат эса тилнинг гуноҳидир. Шунинг учун тил гуноҳи бошқа аъзоларнинг гуноҳидан оғирроқ ҳисобланади.

 

«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин».

[2] «Танбеҳул ғофилин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва одамлардан .Аллоҳга иймон келтирдик,, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар давоми...

4175 22:04 / 23.02.2018
Барчамиз Аллоҳнинг гуноҳкор бандаларимиз, гарчи У ҳадларимиздан ошмасликни амр этган бўлса ҳам. Лекин Биз Аллоҳ таолонинг ожиз бандалари Роббимизнинг давоми...

6683 17:56 / 20.08.2017
13. Бирор мусулмоннинг ҳузурига унинг изнисиз кирмаслик. Уч марта изн сўрайди. Рухсат берса, киради, рухсат бермаса, қайтиб кетади.Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб давоми...

5203 17:10 / 09.07.2017
Тўртинчи зарар яхшиликларнинг қабул бўлмаслиги.Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Оловнинг қуруқ нарсага уни ёқиб, йўқ қиладиган таъсири давоми...

3909 14:46 / 14.04.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021