1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Доимо кузатувдасиз

21:36 / 10.04.2018 4306 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор. Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар. Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани, токи улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича, ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавм­га ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмайди ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ.

Аввалги оятда васф қилинган шахснинг, яъни ҳар бир одам боласининг

«олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор».

Яъни унинг ҳар тарафида кузатиб юрувчи фаришталар мавжуд. Ушбу фаришталар ҳақида имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Улар сизлар учун алмашиб, кетма-кет келиб турадилар. Кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар келади. Улар Бомдод ва Аср намозида жам бўладилар. Аллоҳнинг ҳузурига сиз билан тунни ўтказувчилар кўтарилганларида, улардан, Ўзи сизларнинг ҳолингизни жуда яхши билса ҳам:

– Бандаларимни қайси ҳолда тарк қилдингиз? – деб сўрайди. Фаришталар:

– Уларнинг ҳузурига борганимизда, намоз ўқишаётган экан, уларни тарк қилганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди, – дейишади», – деганлар».

Бошқа бир ҳадисда эса:

«Албатта, сиз билан бирга, сизни хало ва жимоъ пайтидан бошқа вақтда тарк этмайдиган зотлар бор. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», – дейилган.

Мазкур фаришталарнинг вазифаларини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади:

«Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар».

Яъни ўша фаришталар у бандани Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар. Ушбу оятдаги «муҳофаза» сўзи «сақлаш» ва «ёдлаб – эслаб қолиш» деган маъноларни билдиради. Бандага бириктирилган фаришталар ушбу икки ишни бажарадилар. Яъни бандани турли ёмонликлардан сақлаб турадилар ҳамда қилаётган амалларини ёзиб, ёдда сақлаб борадилар.

Ушбу оят ва ҳадисларга ҳамда шу маънодаги яна бошқа ҳужжатларга суянган ҳолда, уламоларимиз қуйидагиларни таъкидлайдилар:

Бандани турли ҳодиса ва ёмонликлардан ҳимоя этиш учун фаришталар навбат билан қўриқчилик қиладилар. Шунингдек, унинг амалларини ёзиб бориш учун ҳам кечаю кундуз маълум фаришталар алмашиб турадилар. Иккитаси ўнг ва чап тарафда туради: ўнг тарафда турган фаришта яхши амалларни, чап тарафда тургани гуноҳ амалларини ёзиб боради. Яна икки фаришта олд ва орқа тарафдан уни қўриб турадилар. Демак, банда доимо тўрт фариштанинг ўртасида юради. Улар кундузи ва кечаси алмашиб туришади.

Аллоҳ, Ўзи юқорида зикр қилганидек, ҳамма нарсаларни, ҳатто бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим. Чунки

«Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани, токи улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича, ўзгартирмас».

Яъни банда бир яхшиликка эришмоқчи бўлса, ўша яхшиликка етаклайдиган хислатларни ўзида мужассам этиши ва унга эришиш учун уриниши лозим. Ана шундагина Аллоҳ унинг ишида яхши томонга ўзгариш ҳосил қилади. Шунингдек, банданинг ўзидан ўтмаса, Аллоҳ унга ёмонликни раво кўрмайди:

«Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмайди ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ».

Ғамхўр дўсти ҳам йўқки, бирор чора кўрса.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. .Муҳаммад Қуръонни одамлардан ўрганган,, деган даъво.Араб мушрикларидан бир гуруҳи Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга инсонлардан бири ўргатишини давоми...

7264 16:40 / 11.02.2019
Қуръони Карим мўъжиза эканининг яна бир далили mdash унинг маъносини тушунмасада, дунёда юз минглаб кишилар ёд олганидир. У 600 саҳифадан кўп бўлиб, уни ёдлаган давоми...

18436 10:31 / 14.01.2022
Аллоҳ таоло .Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз,, деган.Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда давоми...

8260 05:00 / 19.01.2017
Айтгин .Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.Унинг шериги йўқ. Мана шунга буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг давоми...

5045 22:51 / 01.05.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021