1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Роббингизнинг неъматини эслаб...

19:40 / 31.05.2019 5006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир.

Токи, сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра, уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингизнинг неъматини эслаб: «Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир. Бунга қодир эмас эдик.

 Ва албатта, биз Роббимизга қайтувчилардирмиз», – дегайсиз».

Илм тараққиёти борлиқдаги Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса жуфт бўлишини исбот этди. Нафақат инсон ва ҳайвонлар, балки набототлар, жамодотлар, ҳатто кўзга кўринмас электронлар ҳам (мусбат-манфий) жуфт бўлиши кашф этилди. Бу эса, ўз навбатида, доимий илоҳий мўъжиза – Қуръони Карим мўъжизаларини тасдиқлашда яна бир қадам бўлди. Ана шу кашфиётдан кейин

«У барча жуфтларни яратган... Зотдир» жумласини «Аллоҳ дунёдаги барча нарсаларни яратган Зотдир», деб тушунишимиз осонлашди.

Ҳа, Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни, жумладан, кофирларни ҳам яратган Зотдир.

Аллоҳ таоло борлиқдаги нарсаларни яратибгина қўймаган. Балки сизга, эй инсонлар, яна бошқа неъматларни ҳам ато қилган.

Инсонлар бу оддий ҳақиқатни англаб етиб, Аллоҳга иймон келтиришлари керак, холос.

«...ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир».

Қадимги замонлардан буён одамлар улов сифатида ушбу икки хил нақлиёт воситасидан фойдаланиб келадилар. Бу нарса Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат эди. Инсофли, ўзини билган инсон ўзига миниш уловини бериб, хизмат қилдириб қўйган Зотни доимо яхшилик билан эслаб, Унга шукр этиши керак. Неъматга шукр айтиш шундай бўлади. Аллоҳ таоло меҳрибон, У Зот бандаларига мазкур неъматга нисбатан шукр одобини ҳам Ўзи ўргатиб қўймоқда.

«Токи, сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар...»

Яъни кемаларни, чорва ҳайвонларини миниб, устига ўрнашгайсиз.

«...сўнгра, уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингизнинг неъматини эслаб: «Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир. Бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтувчилардирмиз», – дегайсиз».

Инсон маркабга минганда ўзида аллақандай бир кўтаринкилик, ғурур ва манманлик пайдо бўлганини сезади. Ана шунда дарҳол унга маркаб миниш имконини берган Зотни, яъни Аллоҳ таолони эсласа, Унга шукрона ўлароқ, ушбу оятдаги дуони ўқиса, ҳамма нарса ўрнига тушади.

«Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир».

Яъни «Бизга бу маркабни берган Аллоҳ покдир. Агар ўша пок Зот маркабни бизга бўйсундириб бермаганида,

«Бунга қодир эмас эдик».

Бизда бундай маркабларни бўйсундириб олиш имкони йўқ. Бу иш бизнинг қўлимиздан келмас эди.

«Ва албатта, биз Роббимизга қайтувчилардирмиз», – дегайсиз».

Ҳеч қачон бошқага қайтмаймиз. Шунинг учун доимо Уни эслаймиз. Доимо Унга ибодат ва шукр қиламиз».

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга чиқиб, уловга минсалар, уч марта «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтар ва қуйидагиларни ўқир эдилар: «Бизга буни бўйсундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтувчилардирмиз».

Ё Аллоҳ! Биз Сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони, Ўзинг рози бўладиган амалларни сўраймиз.

Ё Аллоҳ! Ўзинг бизга бу сафаримизни осон қилгин. Унинг узоғини яқин қилгин. Ё Аллоҳ! Сенинг Ўзинг сафардаги соҳибсан. Аҳли аёлдаги халифасан.

Ё Аллоҳ! Мен сендан сафар қийинчиликларидан, турли ёмонликлардан, молу мулк ва аҳли аёлнинг ёмонликка юз тутишидан паноҳ сўрайман.

Ҳар бир мусулмон одам бунга амал қилмоғи даркор.

 "Тафсири Ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2025ndash2026 ўқув йилида ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентларнинг қабул имтиҳонларига пухта тайёрланишига кўмаклашиш мақсадида Тошкент ислом институтида давоми...

1095 14:20 / 25.10.2024
Ибн Насавийнинг ҳузурига ўғирликда айбланган икки кишини олиб келишди. Насавий уларни ўтирғизиб, бир идишда сув келтиришни буюрди. Сувни ичаётиб, идишни атайин давоми...

1537 08:08 / 20.11.2020
Зиё айтади .Имод Мақдисий рахматуллоҳи алайҳ 614 санада вафот этди. Вафот этган кунлари рўза тутган эдилар. Шом намозини масжидда ўқидилар. Сўнг уйга қайтиб, енгил давоми...

1868 08:25 / 28.05.2020
Аҳмад ибн Абу Ҳаворий айтади .Бир куни Абу Сулаймон Доронийнинг ҳузурида эдим. Ҳансираб нафас олаётган эдим, у .Сен Қиёмат куни бундан сўраласан. Агар олдин қилган давоми...

2194 08:00 / 13.08.2020
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021