1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Юнус сураси, 11-оят

05:00 / 23.01.2017 5357 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар.


Аввалги сураларда ҳам бир неча бор айтиб ўтилганидек, араб мушриклари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан азобни тезроқ келтиришни талаб қилишар эди. Улар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан келган ваҳийни инкор этишда ўзларининг ҳақликларини исботлаш учун шундай талаб қўйишар эди. Яъни, сенга келган ваҳийда айтилган, кофир ва мушрикларга тушадиган азоб-уқубатдан қўрқмаймиз, чунки сенинг Пайғамбарлигингга ҳам, сенга келган ваҳийга ҳам ишонмаймиз, агар гапинг рост бўлса, ўша ваъда қилаёган азобингни тезроқ келтир, дейишар эди. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг талабларига нима учун шошилинч истижобат бўлмаслигини баён қилмоқда:

«Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатганида, ажаллари битган бўлур эди».

Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликни доим, тез, сўраса-сўрамаса бериб келади. Бу ҳаётда кўрилаётган ҳақиқат. Аммо ёмонликни сўраган заҳоти бермайди. Чунки ёмонликни ҳам тезда берса, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетадилар. Аллоҳ бандаларини бунинг учун яратмаган. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида насиҳат қилиб, кишиларни ўзларига қарши, моллари ва болаларига қарши дуо этишдан қайтарганлар.

Ҳофиз Абу Бакр Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Ўз зиддингизга дуо қилманг, фарзандларингиз зиддига дуо қилманг, молу мулкингиз зиддига дуо қилманг. Яна Аллоҳдан ижобат бўладиган соатга тўғри келиб, дуоингиз қабул бўлиб қолмасин».

Инсон аччиғи чиққан пайтида саркашлиги қўзиб, оғзига нима келса, гапираверади-ю, аслида, бошига бир оз мушкуллик, мусибат етса, дарҳол ундан қутқазишини сўраб Аллоҳга ёлборишга тушади. Бу пайтда унинг ҳақиқати кашф бўлади. Аммо инсон шу даражада ўзгарувчанки, бошидан бало-офат кўтарилиши билан яна аввалги ҳолига қайтиб олади.

Ҳа, сабрсиз инсоннинг ўзига ёмонлик тилаб қилган ҳар бир дуосини Аллоҳ таоло ижобат қилаверганда, одамларнинг ажаллари битган бўлар эди.

«Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар».

Яъни, Аллоҳ таоло охиратда Ўзига рўбарў бўлишга ишонмайдиган кофирларни кофирлик–ҳаддан ошганлик ҳолларида тек қўйиб қўяди. Улар эса, тўғри йўлни топа олмай турли жойларга бошларини уриб юраверадилар. Ҳеч қачон тўғри йўлни–нажот йўлини топа олмайдилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қилади .Ва батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини ва Буюк Қуръонни бердик, 87оят. Оятдаги .етти такрорланувчи,дан мурод давоми...

1934 19:00 / 07.07.2025
Муташобиҳ сифатлар деганда, Аллоҳ таолони сифатлаб келган, аммо сиртдан қараганда, У Зот таолога нисбат бериб бўлмайдиган оятларнинг маъноси кўзда тутилади. давоми...

5371 13:00 / 25.08.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолида Жиброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У давоми...

8431 05:00 / 19.01.2017
Аллоҳ таоло Фотир сурасида шундай марҳамат қилади .Биз сенга ваҳий қилган китоб ўзидан олдинги нарсани тасдиқловчи ўлароқ айни ҳақдир. Албатта, Аллоҳ Ўз давоми...

1407 19:00 / 20.10.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021