1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Саҳарлик ва ифторлик

10:37 / 19.03.2024 23857 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри ҳикматларга бойдир. «Аллоҳнинг раҳмати баҳона қидирур» деган машҳур мақол бор. Аллоҳ бу умматга раҳматини ёғдиришни ирода қилиб, Ўз Пайғамбари орқали саҳарлик ва ифторлик қилишни суннат қилди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар», деганлар».

Табароний ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Мусулмон киши қорни тўқ бўлса ҳам, таомга эҳтиёжи бўлмаса ҳам саҳарликда бирорта хурмо ёки бир-икки қултум сув ичиб олса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига эргашган бўлади. Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу у зотнинг «Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор», деганларини айтган.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар», деди. «Азон билан саҳарликнинг орасида қанча бўлар эди?» дедим. «Эллик оят миқдорича», деди».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Насоий ва Абу Довуднинг ривоятида: «Саҳарлик емагини лозим тутинглар, чунки у муборак емакдир», дейилган.

Абу Довуднинг бир ривоятида: «Хурмо мўмин учун қандай яхши саҳарлик!» дейилган.

Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқлар Оишанинг ҳузурига кириб, «Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши яхшиликда мусобақалашишади. Бири ифтор билан (шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (шом) намозни ортга суради», дейишди. Оиша: «Қай бири ифторни ва намозни тезлатади?», деб сўради. «Абдуллоҳ ибн Масъуд», дейишди. Оиша: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», дедилар. Ифтор ва намозни ортга сурган Абу Мусо эди».

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (рўзани саҳарлик қилмай,) улаб тутишдан қайтардилар. Шунда одамлар: «Ўзингиз улаб тутасиз-ку?» дейишди. «Мен сизлардек эмасман. Мен едириб-ичириб туриламан», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳар таомидан кундузги рўзага, қайлула уйқусидан тундаги қиёмга қувват олинглар», дедилар».

Ибн Можа, Ҳоким ва Табароний ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ифтор пайтида рўзадорнинг мустажоб дуоси бор».

Абу Довуд ривоят қилган.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики ифторни тез қилишар экан, кишилар яхшиликда бўлурлар», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида: «Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлур», дейилган.

Термизий ва Аҳмаднинг ривоятларида эса: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди», дейилган.

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон бирингиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин, чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғизларини бир нечта ҳўл хурмо билан очар эдилар. Ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув билан очар эдилар».

Термизийнинг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қишда хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очар эдилар», дейилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(«Мўминнинг қалқони» китобидан)

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи кишиларимизда .Рўзадор кишини тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади, деган гапни нотўғри талқин этиб, ифторлик маросимига ўнлаб, юзлаб одамларни давоми...

2219 04:34 / 28.04.2021
Ҳадисларда баъзи бир амалларни қайсидир шаклда бўлиши айтилган . Масалан Айтилган ҳар бир тасбиҳ учун жаннатда бир дарахт экилади. Масжидга сарфланган маблағлар давоми...

3595 05:00 / 14.01.2017
Лақийт ибн Собрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен .Эй, Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратдан хабар беринг,, дедим. .Таҳоратни яхшилаб қил. Панжаларинг орасини давоми...

5063 20:00 / 26.04.2021
Рўзанинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида гап кетар экан, унинг инсон саломатлигига нисбатан ўта фойдали эканлиги энг кўп гапириладиган мавзуълардан давоми...

5062 05:00 / 11.01.2017