1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазонда тилни тийиш

17:37 / 05.03.2025 5379 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар». 

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ислом дини ва таълимоти бўйича мусулмон инсон тилини доимо ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади. Уламоларимиз «Ушбу ҳадисдаги «ёлғон гапириш»га ғийбатчилик, чақимчилик, иғво ва бўҳтонлар ҳам киради», дейдилар. Шунингдек, «Унга амал қилиш деганда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир ишни қилиш тушунилади», дейдилар.

Демак, рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Зотан, ўзини таом ва шаробдан тийиб туриб, ёлғон, иғво, чақимчилик, ғийбат, бўҳтон сўзларни гапираверишдан, ношаръий ишларни қилаверишдан нима фойда бор? Ёки унинг оч қолишига, чанқашига Аллоҳнинг эҳтиёжи борми?

Афсуски, ҳаётимизда ушбу ҳақиқатни унутиб қўямиз. Ичимизда рўзани тутиб олиб, кун бўйи беҳуда гап-сўзлар, ишлар билан машғул бўладиганлар жуда кўп. Ҳатто орамизда мусулмонларнинг устидан ғийбат, чақимчилик, бўҳтон қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳеч биримиз ёлғон сўз ва унга амал қилиш рўзанинг савобини бутунлай кетказишини мутлақо унутмаслигимиз лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирортангиз рўзадор ҳолида бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Худди шу маънодаги ҳадис олдин ҳам ўтган эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас», дедилар». 

Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Баъзи бир кишилар рўзани тутиб олиб, тилини тиймай, ёлғон гапирадилар, иғво, бўҳтон, ғийбат қиладилар, турли ёмон ишлардан ўзларини тиймайдилар. Бундай кишилар рўзанинг фойдасидан, савобидан маҳрум бўладилар. Уларга рўза тутишдан фақат оч қолганлиги қолади, холос.

Шунинг учун ким рўзадан тўла манфаат олмоқчи, савобига тўлиқ эришмоқчи бўлса, ўзини таом ва шаробдан ташқари беҳуда, бўлмағур гап-сўз ва амаллардан тиймоғи лозим.

Шунингдек, баъзи бир кишилар тунда таҳажжуд намоз ўқийдилар. Кейин эса ўша ишлари билан мақтаниб, риёкорлик қиладилар, ёлғон гапириб, нолойиқ ишларга қўл урадилар. Ана шундай одамлар ҳам тунда бедор бўлиб қилинган ибодатларга бериладиган савоблардан бебаҳра қоладилар.

Шунинг учун ҳар бир ибодатни иложи борича риёкорликдан қочиб қилмоғимиз керак.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Спорт мусобақаларида қатнашувчиларнинг мусобакага йил бўйи тайёргарлик кўриши зафар қозониш учун эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Мана айни шу кунларда Футбол давоми...

3603 05:00 / 14.01.2017
. 3247 60 4009 23502 23506. Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир банда Аллоҳга ҳеч нарсани шерик давоми...

1781 12:38 / 12.03.2025
Мана кун сайин улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён бу байрамни давоми...

7725 05:00 / 20.04.2023
Гуноҳлар мағфират қилиниши мавзуси оламнинг яратилиш вақтидан бери кўтарилган масала. Ўша пайтда Аллоҳ Одам алайхиссаломни халқ қилганда фаришталарга Одамга давоми...

6985 03:30 / 09.04.2023