1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ҳамюртимиз хорижда «Тафсири Ҳилол»дан диссертация ёқлаб магистр бўлди

13:16 / 11.08.2018 5533 pdf Ўқиш режими + -

Яқинда ҳамюртимиз Абдулҳафиз Абдураимов Туркиянинг Бурса шаҳридаги Улудағ университети Илоҳиёт бўлимида «Ўзбек муфассири Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол» номли асарида Қуръонни тафсирлаш методи» (Özbek Müfessir Muhammed Sâdık Muhammed Yusuf’un Tefsîr-i Hilâl Adlı Eserinde Kur’ân’ı Yorumlama Yöntemi) номли магистрлик диссертациясини муваффақият ила ҳимоя қилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ етук аллома, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, ўз замонасидаги Ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, Собиқ иттифоқ Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, Мовароуннаҳр халқларининг диний раҳнамоси эди.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бутун умрини «Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, бағрикенглик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш» шиори остида Аллоҳ таолонинг ҳақ динига, У Зотнинг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган рисолатни тарғиб қилишга бахшида қилган саодатманд инсон эди.

Албатта, ана шундай фақиҳ, улуғ олимнинг йирик асари саналмиш «Тафсири Ҳилол» устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш жуда катта бахт ва неъматдир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мазкур олти жилдлик асари бугунги кунда ўзбек тилида ёзилган илк тафсирдир.

Магистрлик диссертацияси ҳимоясига Туркиянинг Анқара шаҳрида «Тафсири Ҳилол» асарига бағишлаб докторлик диссертациясини ёқлаш арафасида турган Ҳожи Акбар Фарғоний ҳам ташриф буюрди. Бу нафақат ҳамюртимиз Абдулҳафиз Абдураимовга нисбатан ҳурмат, мадад, балки етук аллома,  муфассир шайх ҳазратимизга нисбатан юксак эҳтиром белгиси ҳам эди.

Islom.uz портали таҳририяти бўлажак олим билан боғланиб, якунига етган ушбу хайрли иш ҳақидаги таассуротлари билан яқиндан ўртоқлашди.

– «Тафсири Ҳилол» хайрли ишларнинг дебочаси бўлди, – дейди Абдулҳафиз Абдураимов. – Дарҳақиқат, у ҳилол мисоли халқимиз маънавиятига нур сочиб турибди.  Асар ҳали қадриятларимиз осмонида янада нурафшонроқ нур таратиб, порлаб туради. Тафсир динимиз асосларини ўрганувчи ҳар бир мўмин-мусулмон учун ўзига хос дастур саналади.

Диссертациядан кўзланган асл мақсад, аввало, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мазкур йирик асарини дунёга, хусусан турк дунёсига танитиш, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш бўлса, иккинчи жиҳати, у кишининг Қуръони каримни тафсирлашдаги илм, маҳоратлари, зукколиклари, қолаверса, ўзига хос услубларини очиб беришдан иборат эди.

Мен ана шу жараёнга илмий нуқтаи назардан ёндашишни, тафсир қилишнинг нозик жиҳатларини, нуқталарини тадқиқ этишни лозим топдим. Албатта, бу жуда катта масъулият, оғир юк. Бу ишни ўз маромига етказиб бажара олдим, деб айта олмайман. Чунки, улуғ муфассирнинг ҳаёти ва ёзиб қолдирган диний-илмий мерослари, бу йўлдаги хизматлари кенг қамровли ва ғоятда улкандир. Ўйлайманки, ҳазратнинг илмий мерослари асосида ҳали юзлаб диссертациялар ёзилади,  минглаб китоблар нашр қилинади.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.

Фурсатдан фойдаланиб, мазкур диссертацияни ёзиш, унинг устида ишлаш давомида менга яқиндан кўмак берган, маънан ва фикран қўллаб-қувватлаган фазилатли шайхимизнинг фарзандлари Исмоилжон Муҳаммад Юсуф ва Одинахон Муҳаммад Юсуфларга, «Hilol-nashr» нашриёт матбааси ҳайъатига,  Одилхон Ҳамидов, Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид ва Абдулҳодий Ғиёсов каби устозларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Барчаларига Аллоҳдан барокатли ва саодатли умр тилайман!

Islom.uz портали таҳририяти

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Масжидул Ҳаромга имконияти чекланган зиёратчиларнинг ҳаракатланиши учун 8000 та оддий ва электр аравачалар келтирилди.Ташриф буюрувчи зиёратчилар аравачаларни давоми...

2298 13:59 / 17.12.2021
Ушбу Қуръон мусобақаси ҳақиқатан ҳам Қуръондан дарс берувчи ўқитувчилар ўртасида бўлиб ўтмоқда. Абдуллоҳ алАли алМутавваrdquo мукофоти учун ташкил этилган Қувайт давоми...

2436 15:11 / 13.03.2019
Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжидул Ҳарам ичида .Haram Emergency Center 1, деб номланган тез тиббий ёрдам хизмати маркази очилди. Бу ҳақда theislamicinformation.com манбаси давоми...

2446 08:00 / 26.02.2021
Бугунги кунда юртимиздаги масжидларни обод этиш, уларни қайта бунёд қилиш ва жомеъларни гўзал ҳолатга келтириш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.Шу давоми...

2470 11:24 / 01.03.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021