1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Анкабут сураси, 45-оят

11:23 / 13.10.2018 8881 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни билур. Анкабут, 45.

«Эй Пайғамбар,

«Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил…»

Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий Китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлмоғи лозим.

«...ва намозни тўкис адо эт…»

Биз «намозни тўкис адо эт» деб таржима қилган жумлани тўғридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ўгирадиган бўлсак, «Намозни тик турғиз» бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Намоз ўқи», деб эмас, «Намозни тўкис адо эт», деб хитоб қилмоқда. Ҳа, тўкис адо қилинганда,

«…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур».

Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фаҳш ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фаҳш ва мункар ишлардан қайтади.

Имом ибн Жарир Тобарий Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир намоз ўқиса-ю, намози уни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, у кишининг ўз намози ила Аллоҳдан узоқ бўлиши зиёда бўлади, холос», – деганлар.

Чунки намоз Аллоҳнинг зикридир.

«Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир».

Дунёда Аллоҳни зикр этишдан буюкроқ амал йўқдир. Ушбу буюк ишни тарк этган одам ҳар қандай жазога лойиқдир. Бундай буюк ишни тўкис адо этмаган одам Аллоҳдан узоқлашмай, ким узоқлашсин?!

«Аллоҳ нима қилаётганингизни билур».

Жумладан, намозни тўла-тўкис адо этсангиз ҳам билур, чала-ноқис ўқисангиз ҳам билур. Ундан ҳеч бир иш махфий бўлиб қолмас.

Ушбу ишда ҳам иймон синови, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиш омили яққол кўриниб турибди. Ҳақиқий мўмин синовларга бардош бериб, намозини тўкис адо қилади. Мунофиқ эса намозда номига ўтириб-туради, холос.

Иймон аҳли китоблар билан бўлган алоқада ҳам синалади. Бу масалада алоҳида ёндашув, эҳтиёткорлик керак бўлади. Чунки аҳли китобларда мусулмонларга ўхшаш белгилар учрайди. Улар ҳам Аллоҳга, Пайғамбарга, илоҳий Китобга, қиёмат кунига ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларга иймон келтиришларини даъво қиладилар. Улар ҳам Аллоҳга ибодат қилишларини айтадилар. Албатта, улар билан бўладиган алоқа ўзига хос тайёргарликни тақозо этади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Эй иймон келтирганлар Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас, Моида давоми...

1560 19:00 / 02.04.2025
Аллоҳ таоло Тавба сурасида шундай марҳамат қилади Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис давоми...

3089 14:04 / 20.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга бир китоб чиқарамизки, у унга давоми...

3409 19:00 / 08.01.2024
Аллоҳ таоло жамиятга хавфхатар солувчиларнинг ҳукми ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши уруш давоми...

2149 19:00 / 12.09.2023
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021