1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг фазллари: Набавий лутф

12:07 / 11.11.2018 4630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога ўша пайтда ўзларига хос шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар. Кўпинча у зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ёшлари кичиклигини эътиборга олиб, у кишининг даражаларига тушар эдилар. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога набавий лутф кўрсатар эдилар.

3077. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келар эдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб қолар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар».

Имом Аҳмад ва ‎имом Абу Довуд Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва «Ҳалиги билан биру бир», дедилар».

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда у зотнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган кейинги югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлади.

Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Абу Бакр кирганида, олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмас эдилар. Шунда Абу Бакр:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?!» деди. Ўша куни ийд куни эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганида унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса кийимларига бурканиб, ухлаб ётар эдилар. Абу Бакр иккови (қиз)ни сўкиб, тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб:

«Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар ийд кунлари», дедилар», дейилган.

Бу ривоятда зикр қилинган икки қизчанинг бири Ҳумома, иккинчиси Ҳассон ибн Собитнинг қизи эди.

Буос Мадина яқинадиги бир жойнинг номи бўлиб, у ерда Авс ва Хазраж қабилалари орасида уруш чиқиб, бир юз йигирма йил давом этган. Бу урушда Авс қабиласи ғолиб келган бўлса ҳам, адоват узоқ давом этган.

Фақат Ислом келганидан кейингина адоват кўтарилган. Арабларнинг одати бўйича, ўша Буос урушида икки тараф фахр учун мақтаниб, байтлар айтган. Мазкур байтлар халқ орасида кенг тарқалган. Ривоятда зикри келган икки қизча ҳам ўша байтларни ёд айтишган.

Иккинчи ривоятда «Мино кунлари» дейилишидан ҳодисанинг қурбон ийди кунлари бўлиб ўтгани билинади.

Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим ёки у зот:

«Томоша қилишни хоҳлайсанми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

У киши мени орқаларига турғиздилар. Юзим у кишининг юзларига тегиб турарди. У зот бўлсалар:

«Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», дер эдилар.

Бу ҳол то мен малол олгунимча давом этди. Кейин:

«Бўлдингми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

«Кетавер», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ҳабашийлар келиб, ийд куни масжидда сакраб, рақс туша бошладилар. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар. Мен бошимни у зотнинг елкаларига қўйиб, уларнинг ўйинларига назар сола бошладим. Бу ҳол ўзим назар солишдан қайтгунимча давом этди», дейилган.

Бани Арфида – ҳабашийларнинг номи. Уларнинг катта боболарининг исми Арфида бўлган.

Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Шовқин ва болаларнинг овозини эшитдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар. Қарасак, бир ҳабашия чилдирма чалиб, ўйин тушмоқда. Атрофида болалар.

«Эй Оиша, бу ёққа кел, қарагин», дедилар у зот.

Бориб, жағимни Расулуллоҳнинг елкаларига қўйиб, у(ҳабашия)га назар сола бошладим. У зот «Тўймадингми? Тўймадингми?» дер эдилар.

Мен у зотнинг ҳузурларидаги мавқеимни билиш учун «Йўқ», дер эдим.

Бирдан Умар пайдо бўлди. Одамлар у(ҳабашия)нинг атрофидан қочиб кетишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен инсу жиннинг шайтонлари Умардан қочганларини кўрмоқдаман», дедилар.

Мен қайтдим».

Бу ҳодисаларнинг барчасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳолларини эътиборга олганлари ва у кишига набавий лутф кўрсатганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.


“Ҳадис ва ҳаёт” 25-жуз

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бегона аёлни эмиш туфайли ҳалолҳаромга боғлиқ ўта аҳамиятли ҳукмлар келиб чиқишини эмикдошлик туфайли никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар ҳақидаги ўта нозик ва давоми...

2668 11:00 / 08.04.2020
Абул Ажфаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Умар розияллоҳу анҳу бизга хутба қилиб.Огоҳ бўлинглар Аёлларнинг маҳрини ошириб юборманглар Чунки у нарса бу давоми...

2896 17:07 / 01.07.2020
Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо қандай хонадондан эканликларини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. У кишининг оталари иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб давоми...

4814 20:10 / 06.03.2019
Кун, ҳафта, ой ва йил биз қайси даврдамиз Масалан, ўтган эллик ва кейинги эллик йил билан қиёслаганда бизнинг вақтимиз қандай белгиланади Ийсо алайҳиссалом давоми...

2558 11:00 / 16.11.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021