1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зиммасида?

05:00 / 15.02.2017 3722 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зиммасида?

Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасидаэканлигини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто мусулмон бўлмаган халқларда ҳам тўйни эр тараф қилади. Агар «Никоҳ тўйини келин тараф қилиши керак» деган гап айтилса, уларнинг ҳуши бошидан учиб кетиши турган гап. Айниқса, «Ош қиз тарафда бўлади. Куёв тараф, ҳолига қараб, келин тараф қилган тўй ошига икки юз элликтагача, баъзида ундан ҳам кўпроқ одам олиб келади. Агар келин тараф уларни яхшироқ кутиб олмаса, балога қолади», дейилса, мутлақо ишонишмайди. Ҳа, шариат кўрсатмасига амал қилмаслик оқибатда инсон табиатига тўғри келмайдиган ана шундай нарсаларни қилишгача олиб боради.

Аслида, никоҳ тўйини қилиш эр тарафнинг вазифаси. Бунга ҳужжат ҳам бор, далил ҳам бор.

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида барча ҳолатларда, ўша вақтнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзлари никоҳ тўйи қилганлар. Бирорта онамизга: «Отангга айт, тўй қилиб берсин», демаганлар. Зотан, ўзини эр билган одамга бу гапни айтиш ордир.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган эркак саҳобаларга никоҳ тўйи қилишни буюрганлар. Бунга юқорида ўтган Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу хусусидаги ҳадис мисол бўлади.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ тўйи қилишни, камбағал бўлса ҳам, ўз куёвлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга топширганлар.

«…Эртасига Али ибн Абу Толиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ жойга турди ва у зот эшитадиган қилиб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлувдим. Ўзимнинг бирор нарсам ҳам йўқ эди. Аммо яқинлик ва меҳрларидан умидвор бўлиб сўраган эдим», – деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дар¬ҳол буни мулоҳаза қилдилар ва у кишига оғир ботмайдиган қилиб:

«(Маҳрга) бирор нарсанг борми?» – дедилар.

«Йўқ, ё Расулаллоҳ», – деб жавоб берди Али.

«Ҳутамийя совутинг қани?» – дедилар.

«Ўзимда, ё Расулаллоҳ», – деди.

«Бўлмаса ўшани бер», – дедилар.

Али ибн Абу Толиб совутни олиб келди.

Тўй кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:

«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», – дедилар.

Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:

«Менда бир қўчқор бор!» – деди.

Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди...».

4. Ислом уммати ва уламолар жумҳурининг ижмоъи.

Нима учун никоҳ тўйи қилиш эркакка юклатилган?

Аввало, эркакка эркак бўлганлиги учун никоҳ тўйи қилиш юклатилган. Зотан, янги қурилган оила унинг номидаги оила бўлади. Мазкур оиланинг бошлиғи айнан эркак бўлади. Хотини қилиб берган тўй эркакка шараф эмас, ор-номус бўлади.

Иккинчидан, бир қиз ота-онадан туғилиб, уларнинг тарбиясини кўриб, энди вояга етганда уларни ва бошқа оила аъзоларини ташлаб, бошқа тарафга ёлғиз ўзи бориб, янги оилага аъзо бўлишга рози бўлишининг ўзи куёв ва унинг оиласи учун шарафдир. Бу билан, куёв ва унинг оиласининг жамиятдаги обрўси ошади. Бунга эса, айнан келин сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам, куёв тараф келиннинг шарафига тўй беради.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф («Бахтиёр оила» китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эркак ва аёлнинг фикрлашлари орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган, мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар ўзлари эришган янги давоми...

13339 18:35 / 19.04.2018
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир аёл .Эй, Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, давоми...

4506 17:04 / 08.01.2017
Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканлигига иттифоқ қилганлар. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшашлари учун давоми...

9088 05:00 / 15.02.2017
Барча уламои киромлар никоҳ суннат амаллардан эканлигига ихтилоф этишмайди, балки унга тарғиб этишади. Никоҳнинг фазилат ва фойдалари кўпдир. Улардан бири давоми...

4865 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021