1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Оламларга раҳмат пайғамбар

17:04 / 24.11.2018 3040 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Роҳибнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом рисолатлари ҳақида

башорат бергани)

Тарихчиларимиз, муҳаддислар ва сийратчиларимиз Буҳайро исмли роҳиб билан Абу Толиб бошлиқ тижорат карвони аъзолари орасидаги учрашув ҳақидаги қиссани келтирадилар.

Бу қиссанинг Имом Термизий келтирган матнини бошқа кучли ривоятлар қувватлаб келган. Шунинг учун Имом Термизийнинг ривоятини мухтасар ҳолда келтирамиз.

2722. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳиб(нинг маскани)га яқинлашганларида тўхтадилар. Юкларини туширдилар. Роҳиб уларнинг ҳузурига чиқди. Бундан олдин ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Аммо у уларнинг ҳузурига чиқмас, бурилиб қарамас ҳам эди. Улар юкларини тушираётганларида роҳиб келиб, ораларида айланиб юра бошлади. Охири келиб, Набий алайҳиссаломнинг қўлларидан тутди ва:

«Бу оламларнинг саййидидир! Бу Роббул оламийннинг Расулидир! Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборадир!» деди. 

Қурайш шайхлари унга қараб:

«Буни сен қаердан биласан?» дедилар.

«Сизлар довондан ўтиб кела бошлаганларингизда бирорта ҳам дарахту тош қолмай, барчаси унга таъзим қилди. Улар набийдан бошқага таъзим қилмаслар. Мен уни курак суяги пастидаги олмага ўхшаш нубуввати муҳридан биламан», деди у. 

Сўнгра қайтиб бориб, уларга таом тайёрлаб келтирди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларни ўтлатгани кетган эдилар. 

«Уни чақириб келинглар», деди у.

У зот келаётганларида устиларида бир булут соя солиб келди. У зот қавм олдига яқинлашганларида улар соя жойларни эгаллаб олишган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида дарахтнинг сояси устиларига мойил бўлди. 

«Дарахт соясига қаранглар! Унинг устига мойил бўлди!» деди роҳиб.

У ўша ерда туриб, уларга «Уни Рум тарафга олиб борманглар. Агар улар уни кўрсалар, сифатидан таниб қолиб, ўлдиришади», деб ёлворар эди. 

Қараса, Рум томондан етти киши келмоқда. У уларни кутиб олди ва: 

«Йўл бўлсин?» деб сўради.

«Анави набий шу ойда бу томон чиқар эмиш, деб келдик. Ҳеч бир йўл қолмай, ҳаммасига одам юборилди. Бизга унинг хабари келди. Бизни сенинг йўлингга юбордилар», дейишди.

«Ортингиздан сиздан кўра яхшироқлар борми?» деб сўради у.

«Яхшилигимиз учун бизларни сенинг йўлингга танлашди», дейишди.

«Айтинглар-чи, Аллоҳ қилишни ирода қилган ишни биров қайтара оладими?» деди.

«Йўқ», дедилар. Бас, улар у зотга байъат қилдилар ва бирга турдилар. Сўнгра роҳиб қурайшликларга:

«Аллоҳнинг номи билан сўрайман. Кимингиз унинг валийсисиз?» деди. Улар:

«Абу Толиб», дейишди. Унинг тинмай қилган ёлворишларидан кейин Абу Толиб у зотни қайтариб юборди. Роҳиб (йўл учун) нон ва ёғ берди».

Бу ҳодиса у зот ўн икки ёшга тўлганларида бўлиб ўтди.

Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Карвондагилар Бусро номли жойга етганларида Буҳайро исмли роҳибнинг олдидан ўтдилар. У Инжилни жуда яхши билар ва насронийликдан хабардор эди. Шунда Буҳайро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиб, синчиклаб қаради ва сўзлашиб кўрди. Сўнгра Абу Толибга:

«Бу бола киминг бўлади?» деди.

«Ўғлим», деди у. Буҳайро унга:

«Бу ўғлинг эмас. Бу боланинг отаси тирик бўлиши мумкин эмас», деди.

«У укамнинг ўғли», деди.

«Отасига нима бўлган?» деди Буҳайро.

«Онаси бунга ҳомиладорлигида ўлган», деди.

«Тўғри айтдинг. Уни юртига қайтариб олиб кет. Буни яҳудийлардан эҳтиёт қил. Аллоҳга қасамки, улар буни бу ерда кўрсалар, албатта, ёмонлик етказадилар. Шубҳасиз, бу жиянингнинг шаъни улуғ бўлур», деди Буҳайро. Абу Толиб у кишини олиб, тезда Маккага қайтди».

Худди шунга ўхшаш маълумотлар жуда ҳам кўп. Бунга Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг қиссалари ҳам мисол бўла олади. Лекин биз юқоридаги ривоят ила кифояланамиз.


“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримни бандалари учун қиёматгача дастурул амал қилиб қўйди. Унда амал қилувчиларни икки дунё саодатига эриштирувчи насиҳатлар мавжуд. давоми...

6788 20:00 / 13.05.2019
Араб тилига қизиқиб,чуқур ўрганишга бошлаган илм толиблари ичида Ибн Манзурнинг .Лисонул араб, ини билмайдигани бўлмаса керак. Жамолиддин Абул Фазл Муҳаммад давоми...

2703 15:05 / 07.11.2020
Иброҳим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади .Аммамнинг уйига бордим. Аммаваччаларим билан кўришмоқчи эдим, қаергадир кетишган экан. Аммамдан сўрасам, .Абдуллоҳ ибн давоми...

2239 08:02 / 04.12.2020
Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Махзумий айтади .Бир киши Ибн Оиша Таймийни тушида кўриб, .Роббингиз сизга қандай муомала қилди, деб сўради. Ибн Оиша .Фақат Уни, яхши давоми...

1948 09:05 / 21.01.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021