1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Вирдларнинг тафсилоти ва ҳужжатлари (давоми)

15:00 / 04.12.2018 3206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуёш чиққандан кейин икки ракъат ишроқ намози ўқилади.

Муъоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунича ўтирса. Фақат яхшиликдан бошқа(нарса)ни гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинур», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз салотуш-шуруқ (ишроқ намози) ҳам дейилади. «Шуруқ» ёки «ишроқ» сўзи қуёш чиқишини билдиради. Саҳар чоғи ниҳоятда фазилатли чоғ экани ҳақида кўплаб ҳадислар бор. Жумладан, ушбу ҳадиси шарифда ҳам бомдод намози билан қуёш чиққунча бўлган вақтни Аллоҳ таолонинг зикри ила ўтказишга тарғиб қилинмоқда, шу билан бирга, ишроқ намози ўқишга ҳам қизиқтирилмоқда.

Аввал айтилганидек, ишроқ намози чошгоҳнинг энг аввалги вақтидаги намоздир. Ҳадисда бомдод намозини жамоат билан ўқишга тарғиб борлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Ушбу ҳадисга амал қилишимиз жуда ҳам зарур. Саҳар чоғи Аллоҳ таолонинг ибодати, зикри билан машғул бўлиш ўта фазилатли ишдир.

Чошгоҳ вақти кирганда эса зуҳо – чошгоҳ намози ўқилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссаллам: «Ким зуҳо (чошгоҳ) намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари, гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадисдан чошгоҳ намози ўқиш жуда ҳам савобли амал экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу намоз кўплаб ажру савоб, хайр-барака ва файзу футуҳга сабаб бўлиши таъкидланмоқда. Бу намознинг вақти қуёш чиқиб бўлгандан заволгача давом этиб, энг афзал вақти қуёш ерни қиздирган вақтидир. Ривоятларда чошгоҳ намози икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлиши зикр қилинади. Демак, ҳолат ва имкониятга қараб ушбу икки рақам орасидаги ададда чошгоҳ намозини ўқиса бўлаверади. Вақти оз одам икки ракъат ўқиса ҳам, чошгоҳ намози ўқиган бўлади. Имкони кенг одам кўпроқ ўқиса, яна ҳам яхши. Энг муҳими, ўқиш керак.

Аср намозидан кейин Набаъ сураси қироат қилинади.

Бу суранинг фазли ҳақида саҳиҳ ҳадис йўқ. Баъзи тафсирларда келтирилган ривоятларни муҳаддислар рад қилганлар. Эҳтимол, бу сурани вирдга киритганлар мазкур ривоятларни эътиборга олган бўлсалар керак дейилади. Аммо суранинг маъноси ҳам уни ҳар куни қироат қилиб туриш яхшилигига далолат қилади.

Шом намозидан кейин икки ракъат «Аввобин» намози ўқилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида бу намоз айнан шундай ном ила зикр қилинган.

Ибн Наср Ибн Мункадирдан қилган мурсал ривоятда: «Ким шом билан хуфтоннинг орасида намоз ўқиса, албатта, ўша аввобийн намозидир», дейилган.

Мурид шом намозини ўқиганидан кейин хуфтонгача бўлган вақтни ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилади.

Анас розияллоҳу анҳудан Аллоҳ таолонинг «Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар», деган (Сажда сураси, 16-оят) қавли ҳақида «Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шом ва хуфтон орасида намоз ўқийдиган саҳобалари ҳақида нозил бўлган», деганлари ривоят қилинган.  

Шом ёки хуфтон намозидан кейин Мулк – Таборак сураси қироат қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳнинг китобида бир сура бор. Унинг оятлари ўттизта. У ўз соҳибини то у мағфират қилингунича шафоат қилади. «Табаарокаллазии биядиҳил Мулку», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби, бу сура ҳам ақийда мавзусининг аслини муолажа қилади.

Мулк сураси учта асосий мақсадни ўз ичига олган:

1. Аллоҳнинг азамати, тирилтириш ва ўлдиришга қодирлиги.

2. Тангрининг ягоналигига далил ва ҳужжатлар келтириш.

3. Қиёматга ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмайдиганларнинг оқибати нима бўлиши.

Шунинг учун ҳам бу суранинг фазли улуғ бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни мақтаганлар ва уни қироат қиладиганларга ушбу ҳадисдагига ўхшаб кўп нарсаларни ваъда қилганлар.

Ўз соҳибини то у мағфират қилингунича шафоат қилгани учун ҳам бу сураи карима «Шафоатчи» деб аталади. Шунинг учун ҳам бизнинг диёрларимизда уни дафндан кейин қабр устида ўқиш одатга айланган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Алиф лаам мийм» ва «Табарокаллази биядиҳил Мулку»ни қироат қилмасдан ухламас эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳозиргача кўпчилик мусулмонлар Мулк сурасини ўқимасдан ухламаслик ҳақидаги ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келадилар.

(давоми бор)

“Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандаларни Ўзи яратган барча нарсалардан, ҳаттоки осмонда учиб юрган қушлардан ҳам ибрат олишга буюради .Устиларида қанот ёйиб ва йиғиб давоми...

1429 19:00 / 26.07.2025
Арабчада .хирқа,, ўзбекчада .жанда, деб аталган ўзига хос кийим кийиш бир вақтлар сўфийлар орасида кенг тарқалган эди. Сўфийларнинг турли рангдаги ямоқлар солинган давоми...

6497 15:10 / 18.08.2019
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири бахилликдир. Бахиллик шариат истилоҳида бериш лозим бўлган нафақани давоми...

7654 05:00 / 28.02.2017
Руҳий тарбия соҳасида бу икки сифат деярли доимо бирга зикр қилиб келинган. Баъзи ҳолатларда иккисини бир нарса деб тушунилгани ҳам мулоҳаза қилинади. Биз ўзимиз давоми...

3176 19:00 / 06.08.2023
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021