1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

14-боб. Ота-онасини сўкмайди

10:30 / 05.12.2018 5375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

27. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир кишининг ўз ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир», дедилар.

«Қандай қилиб (ўз ота-онасини) сўкади?» дейишди.

«Бир одамни сўкади. У эса унинг ота-онасини сўкади», дедилар».

Шарҳ: Албатта, ҳар қандай ёмон одам ҳам ўз ота-онасини сўкмайди. Саҳобалар ҳам шу мулоҳазани қилиб, «Киши қандай қилиб ўз ота-онасини сўкади?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг қандай ҳосил бўлишини тушунтириб бердилар.

Биров бир одамни сўкади, сўкиш эшитган одам «Отангга фалон, онангга фалон», деб унинг ота-онасини сўкади.

Демак, бошқа одамнинг ўз ота-онасини сўкишига сабабчи бўлган кимса ўз ота-онасини сўккан бўлар экан ва бу иш гуноҳи кабиралардан экан. Шунинг учун фарзанд ота-онасига лаънат келтиришга эмас, балки уларга атрофдагилардан, халқдан раҳмат, ташаккур олиб беришга ҳаракат қилмоғи керак экан.

Фарзанд бирор ёмон ишни қилса, бировга ёмон муомала қилса, «отанг фалон бўлсин», «онанг фалон бўлсин» каби сўкишларга сабаб бўлса, бу нарса ота-онаси учун ниҳоятда ёмон бир иш ва ушбу ҳадиси шарифнинг таъбири билан айтганда, ота-онасини сўккан, гуноҳи кабира содир қилган кишиларнинг қаторида бўлар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онани сўкиш гуноҳи кабиралардан экани.

2. Олим одам айтган гапни тушунмаган кишилар қайтадан сўраб, тушуниб олиши кераклиги.

3. Ота-онасининг бировлар томонидан сўкилишига сабаб бўлиш уларни сўкиш билан баробар экани.

4. Ота-онанинг сўкилишига сабаб бўлиш гуноҳи кабиралардан экани.

28. Урва ибн Иёздан хабар берилади:

«У Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг «Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта гуноҳлардан бири – киши ота-онасига сўкиш олиб беришидир», деганини эшитган экан».

Шарҳ: Бир киши ўз ота-онасига сўкиш келтирадиган бўлса, ана ўша одам гуноҳи кабиралардан бирини қилган бўлади. Бу аввалги ҳадиснинг бироз бошқачароқ маънода айтилганидир. Зотан, аввалги ҳадисни ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўзлари ривоят қилган эдилар.

Демак, фарзанд доимо ота-онасига раҳмат, ташаккур олиб берадиган бўлишга ҳаракат қилиши зарур экан. Мусулмон фарзанд зинҳор ота-онасига сўкиш, танқид келтирадиган бўлмаслиги керак экан.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Шифокор йигит бир қизга совчи қўйди. Қиз йигитнинг оилавий аҳволидан хабардор бўлгач, никоҳ маросимига онасини олиб келмаслик шарти билан турмушга чиқишини давоми...

4197 11:00 / 10.07.2022
Опасинглингизни узатганмисизБошқа хонадоннинг эшигини очиб ўтирибдимиВақт топиб, тезтез йўқлаб туринг. Нимадир олиб бориш эмас, асосийси, эътибор. Барибир, қуруқ давоми...

9214 11:37 / 16.01.2022
. Яҳё ибн Убайдуллоҳ Маданийдан, у отасидан ривоят қилади.Мен Абу Ҳурайранинг худди шу гапларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганини давоми...

2058 14:35 / 17.05.2024
Абу Заррдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга.Амалларнинг қай бири яхши, дейишди..Аллоҳга иймон, У Зотнинг йўлида жидду жаҳд қилиш,, давоми...

4371 17:00 / 08.05.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021