1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

“Аллоҳ мени энг яхши жондан қилди”

14:24 / 08.12.2018 4408 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Восила ибн ал-Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ Исмоилнинг авлодидан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бану Ҳошимни танлаб олди. Бану Ҳошимдан мени танлаб олди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда аввал ўтган ривоятда айтилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши тоифалар сулбидан ўтиб-ўтиб, ўзлари юборилган авлодга етиб келганлари ҳақидаги маълумотнинг бошқача кўриниши бор. Аниқроғи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг арабларнинг отаси бўлмиш Исмоил алайҳиссаломдан бошлаб, қандай тарзда сулбдан-сулбга ўтиб, энг яхши оиладан туғилганларига ишора бор.

Арабларнинг янги сулоласининг барчаси Исмоил алайҳиссаломдан тарқалганлиги маълум ва машҳур. Исмоил алайҳиссалом эса Иброҳим алайҳиссаломнинг фарзандлари эканлиги ҳам маълум. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ Исмоилнинг авлодидан Кинонани танлаб олди», дейишларидан Кинона халқи Исмоил алайҳиссаломдан тарқалган авлодлар ичидан энг афзали эканлиги келиб чиқади. Чунки айни шу халқ сулоласидан кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлар.

«Кинонадан Қурайшни танлаб олди». 

Демак, Кинонадан тарқалган қабилалар ичида энг афзали Қурайш қабиласи экан.

«Қурайшдан Бану Ҳошимни танлаб олди». 

Қурайш қабиласидан тарқалган уруғлар ичида энг афзали Бану Ҳошим уруғи экан.

«Бану Ҳошимдан мени танлаб олди».

Ана шу тарзда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни халойиқни яратгандан бошлаб, то дунёга келгунларича энг яхши тоифадан қилиб келди.

Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда бу маъно яна ҳам ўзига хос равишда баён қилинган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устида туриб:

«Мен кимман?» дедилар.

«Сиз Аллоҳнинг Расулисиз, сизга салом бўлсин», дейишди. Шунда у зот:

«Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибман. Албатта, Аллоҳ халойиқни халқ қилди. Сўнгра уларни икки гуруҳга бўлди. Мени улардан яхши гуруҳ ичида қилди. Сўнгра уларни қабилалар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши қабиладан қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши хонадондан, энг яхши жондан қилди», дедилар».

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
112. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. У зот ҳожатга кетдилар. Биз ҳумарра давоми...

7741 13:45 / 11.01.2019
Ҳазрати Абу Бакр, биринчи халифа.1 У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ2 ибн Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир алҚураший атТаймий. У кишининг насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

6154 16:53 / 25.05.2018
467. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Ҳамза ибн Амр Асламий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга .Сафарда рўза тутайми, деди. У кўп рўза тутарди. .Истасанг, давоми...

2799 19:00 / 26.07.2024
. . .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қавмларга нима бўлганки, намозда кўзларини осмонга қараб давоми...

6167 13:00 / 13.12.2020
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар