1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Биродарига сўрамаса ҳам маслаҳат бериш

09:48 / 11.12.2018 4787 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ وَهْبِ بْنَ كَيْسَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ ابْنَ عُمَرَ رَأَى رَاعِيًا وَغَنَمًا فِي مَكَانٍ نَشْحٍ وَرَأَى مَكَانًا أَمْثَلَ مِنْهُ، فَقَالَ لَهُ: وَيْحَكَ، يَا رَاعِي، حَوِّلْهَا، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «كُلُّ رَاعٍ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ».

Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади:

«Ибн Умар чўпон ва қўйларни қақроқ ерда кўрди. Ундан яхши жойни кўриб:

«Эй шўринг қурғур, ҳой чўпон! Уларни бу томонга ўтказ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсада масъулдир», деганларини эшитганман», – деди».

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар қўй боқиб юрган бир чўпонни кўрибдилар. Қарасалар, қўй боқиб юрган жойлари серўт бўлмаган, суви ҳам кам ерлар экан. Абдуллоҳ ибн Умар бошқа бир жойда яхши яйловни кўрган эканлар, шунинг учун чўпонга қараб:

«Эй шўринг қурғур, бу ёққа кел, қўйларни мана бу томонга ҳайдаб ўт. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсага масъулдир», деганларини эшитганман», – деган эканлар.

Зиммасига масъулият юкланган ҳар бир одам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўша нарса учун жавоб беради.

Масалан, бепарво чўпондан «Нима учун яхши яйлов бўла туриб, қўйларингни мана бу яйловда боқдинг?» деб сўралади.

Ушбу ривоятда айтилганидек, чўпон келиб, Абдуллоҳ ибн Умардан «Қўйимни қаерда боқай, маслаҳат беринг», деб сўрамаган. Ҳар бир ҳадисга амал қиладиган, ҳатто қўйларга ҳам яхшиликни раво кўрадиган, оқил киши Абдуллоҳ ибн Умар чўпон сўрамаса ҳам, яхши маслаҳат берган эканлар.

Шундан келиб чиқиб, баъзан тажрибасизроқ, эътиборсизроқ кишилар бир ишни нотўғри қилаётган бўлсалар, ўзлари сўрамаса ҳам, ақлли, тажрибали кишиларнинг уларга фойдалироқ бир ишни маслаҳат бериб, тавсия қилишлари савобли иш бўлар экан. Аксинча, «Сўрамади-ку, менга нима», деб кетаверишлари дуруст бўлмас экан.

“Одоблар хазинаси” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
. . .Анас розияллоҳу анҳу .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эскириб қолган хурмо келтирилди. Бас, у зот уни текшириб, ундан қуртни чиқара бошладилар,, давоми...

873 12:20 / 29.10.2025
. .Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қишлоқдами, саҳродами, уч киши бўлсаю, улар ичида жамоат давоми...

3090 18:30 / 24.10.2021
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Оламдан ўтганларни ҳақоратламанглар. Чунки улар ўзлари тақдим қилган давоми...

1538 11:50 / 29.09.2024
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ўз биродарини кафанласа, унинг кафанини яхшиласин,, давоми...

1627 09:02 / 14.09.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021