1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Вақф қилинган мол – фойда берувчи мол

08:30 / 14.12.2018 3326 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Вақф» сўзи луғатда «тутиб туриш» маъносини англатади.

Шариатда эса бир молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади.

Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун абадийлаштирилади. Мазкур нарсанинг ўзи ушлаб турилади, ундан келадиган фойда эса бардавом бўлиб туради.

Вақф икки хил бўлади:

1. Аҳлий вақф. 

Унда вақф қилувчи ўзи вақф қилган нарсадан ўзининг аҳли, қариндошлари фойда олишларини шарт қилади.

2. Хайрий вақф. 

Унда вақф қилувчи кўпчилик фойдаланишини шарт қилиб қўяди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одам боласи вафот этганда, унинг амаллари кесилади. Фақат уч нарсадан: садақаи жориядан, манфаатланадиган илмдан ва унинг ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ердаги вақфга тегишли гап «садақаи жория»дадир.

Жорий садақа давомли садақа бўлиб, асосан вақфдан иборат бўлади. Мусулмон киши кўпчилик фойда оладиган бир иш қилиб кетган бўлади, ана шундан кишилар фойда олиб турсалар, ўлганидан кейин ҳам унинг эгасига савоб етиб туради. Шунинг учун ҳам мусулмонлар Ислом таълимотларини яхши тушуниб, уларга яхши амал қилган пайтларида бардавом савобдан умидвор бўлиб, кўплаб вақфлар қилганлар ва бева-бечора, фақир камбағалларни ана шу вақфлар ҳисобидан таъминлаб турганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Абу Толҳа Мадинада ансорийларнинг энг моли кўпи эди. Унинг молларининг энг маҳбуби «Байруҳо» бўлиб, у масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кирар ва ундаги яхши сувдан ичар эдилар. «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганида Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:

«Аллоҳ таоло Ўз Китобида «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» демоқда, менинг учун молларимнинг энг маҳбуби «Байруҳо»дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин! Аллоҳнинг ҳузурида унинг яхшилигини ва (савоб) захирасини умид қилурман. Эй Аллоҳнинг Расули, уни нимага хоҳласангиз, шунга (сарф) қилинг!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жуда яхши. Бу фойда келтирувчи молдир! Бу фойда келтирувчи молдир! Унинг ҳақида айтган нарсангни эшитдим. Менга қолса, уни қариндошларга қил», дедилар.

Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакиваччаларига тақсим қилди». 

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиснинг ровийси Анас розияллоҳу анҳунинг ўгай отаси бўлганлар.

«Байруҳо» Абу Толҳанинг боғларининг номидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг ансорийлар ичида энг бой киши бўлганликлари.

2. Боққа ном қўйиш борлиги. Абу Толҳанинг боғлари «Байруҳо» деб номланиши шуни кўрсатади.

3. Саҳобаи киромларнинг Қуръони каримга амал қилишга иштиёқлари кучли эканлиги. Матнда зикр қилинган ояти каримага амал қилиб, Абу Толҳа ўзлари энг яхши кўрган моллари – «Байруҳо»ни Аллоҳнинг йўлига аташлари шуни кўрсатади.

4. Савобли ишни қилишдан олдин бундай ишларни яхши биладиган киши билан маслаҳат қилиш кераклиги.

5. Абу Толҳанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари. «Боғни нима қилсангиз, ўзингиз биласиз», дейишлари шуни кўрсатади.

6. «Садақа» сўзи билан ҳам вақф бўлиши.

Бу «киноя билан вақф қилиш» дейилади. Бир киши «Садақа қилдим», деса-ю, вақфнинг аломати сезилиб турса, ундан «Садақа деганингда нимани ирода қиляпсан?» деб сўралади. Вақфни ирода қилган бўлса, вақф бўлади.

7. Вақф қилинган мол – фойда берувчи мол эканлиги.

8. Қариндошларга вақф қилиш жоизлиги.

Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Абу Толҳа мазкур боғни Ҳассон ибн Собит ва Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум каби камбағал қариндошларига вақф қилган эканлар.


“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳайсам ибн Моликдан ривоят қилинади .Айфаъ ибн Абднинг олдида бир неча киши суҳбатлашиб ўтирган эдик. Орамизда Абу Атийя ҳам бор эди. Суҳбатимиз Аллоҳнинг давоми...

2279 08:00 / 21.11.2019
Зайд ибн Аслам айтади .Бир киши қабрларни маскан қилиб олган эди, одамлардан танбеҳга учради. Шунда у киши .Булар ростгўй қўшнилар, мен улардан ибрат оламан,, деди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2149 06:54 / 21.07.2019
Одамлар қуёш нурига қарши кўзларига махсус кўзойнак тақишса, туяда бу нарса азалдан бор. Чунки туянинг кўзида учинчи шаффоф қовоқ парда бўлиб, у қуёш нури ва давоми...

6032 07:10 / 11.05.2019
Швециялик 75 ёшли роҳиб мусулмон бўлди. Исмини Аҳмад деб ўзгартирди. Кейинчалик Марокашга кўчиб ўтди. Черков уни ўз ишига қайтариш учун кўп ҳаракат қилди, лекин уни давоми...

3674 11:01 / 16.09.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021