1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг зикрига шошилинг

11:48 / 04.01.2019 5290 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир» (9-оят).

Жума куни ҳафта кунлари ичида энг фазилатлиси ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: «Қуёш чиқиб турган кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. Ўша куни Одам яратилган, жаннатга киритилган, жаннатдан чиқарилган. Қиёмат ҳам жума куни қоим бўлади», – деганлар.

Оятдаги «намозга чорланган пайтда»дан мурод имом минбарга чиққандан сўнг айтиладиган иккинчи азондир. Набий алайҳиссалом вақтларида, Абу Бакр Сиддиқ билан Умар Форуқ даврларида жумага фақат бир марта азон айтилган. Ҳазрати Усмон халифа бўлганларидан сўнг шаҳар кенгайиб, одам кўпайганда, у киши бозордаги ўзларининг Завро номли ҳовлиларида ҳам яна бир марта азон айтишни ташкил қилганлар. Уни эшитиб, кишилар масжидга юзланганлар. Кейин имом минбарга чиққанда жуманинг ҳақиқий азони айтилган. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқлидир.

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг».

Худди шу оят билан мусулмонларга жамоат билан ўқиладиган икки ракъатли жума намози фарз қилинди. Унинг вақти – пешин намозининг вақти. Яъни жума куни пешин намози ўрнига жамоат билан жума намози ўқилади.

Аллоҳнинг оятдаги

«…ва савдони қўйинг…» деган фармонига асосан жума куни иккинчи азондан бошлаб, намоз ўқиб бўлингунча вақтда савдо-сотиқ билан шуғулланиш ҳаром қилинган.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло жума намозида мусулмонлар учун катта фойдалар борлигига кафолат беряпти.

«Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир».

Ўша фойдалар қуйидагилар:

1. Жамоат намози вақтида мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, ораларидаги фарқлар йўқолади. Давлат бошлиғи оддий фуқаро билан, бой камбағал билан, оқ танли қора танли билан бир сафда туриб, бошини ерга қўйиб, сажда қилади, яъни жамоат намозида ўзаро тенглик ғояси ҳаётга татбиқ қилинади.

2. Озода кийинган, хушбўй атирлар сепган катта-кичик барчанинг бир сафда туриб, катта жамоат билан намоз ўқиши Исломнинг фазлини кўз-кўз қилади. Кишиларга ўз таъсирини ўтказади.

3. Жума намозида доимо хутба – ваъз, насиҳат бўлади. Кишилар яхшиликка даъват қилинадилар ва ёмонликдан қайтариладилар. Умуман, мусулмонларга керакли барча мавзулар баёни бўлади.

4. Кўпнинг дуоси кўл, деганларидек, жума куни кўпчилик биргаликда хайр-барака тилаб, дуолар қилади. Бунинг устига, Аллоҳ таоло жума кунига дуолар қабул бўладиган соатни жойлаган. Набий алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида жумага ғусл қилиб, ювиниб, хушбўй нарсаларни сепиб бориш тавсия қилинган. Жума намозини узрсиз қолдириш эса жуда катта гуноҳ ҳисобланади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Тавба сурасида шундай марҳамат қилади Аллоҳ мунофиқларга, мунофиқаларга ва кофирларга жаҳаннам оташини унда мангу қолувчилар қилиб ваъда давоми...

4290 15:06 / 21.11.2018
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади Сен .Эй яҳудий бўлганлар, албатта, сиз бошқа одамлардан фарқли ўлароқ, .Аллоҳнинг авлиёларимиз,, деб давоми...

5451 15:47 / 14.12.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон давоми...

2296 17:00 / 07.12.2021
.Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни ўзларига дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, у Аллоҳдўстлигидан ҳеч нарсада йўқдир. Магар улардан қўрқиб, давоми...

4726 17:00 / 28.01.2021
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021