1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жума

Дуо ижобат бўладиган соат

04:30 / 19.07.2024 14356 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қилдилар ва: «Унда бир соат борки, қайси бир мусулмон банда ўша соатда намоз ўқиб туриб, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса, У Зот унга ўшани албатта бергай», – дедилар ва қўллари билан у (соат)нинг озлигини кўрсатдилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўша (соат) имом (минбарга) ўтирганидан бошлаб намоз ўқиб бўлингунича», – деганларини эшитдим».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Жумада бир соат бордир. Банда унда Аллоҳдан нимани сўраса, Аллоҳ уни албатта берур», – дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у қайси соат?» – дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга иқомат айтилганидан бошлаб, уни тугатгунича», – дедилар».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни икки соатдир. Қайси мусулмон ўша соатлардан бирида Аллоҳдан бирор нарсани сўраган ҳолда топилса, Аллоҳ азза ва жалла унга ўша нарсани берур. Уни асрдан кейинги охирги соатдан изланглар, – дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир. Одам шу куни яратилган. У шу куни жаннатга  киритилган, шу куни жаннатдан туширилган. Унда бир соат борки, қайси бир мусулмон банда ўша соатда намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини албатта берур», – дедилар».

Абу Ҳурайра айтади: «Абдуллоҳ ибн Саломни учратиб, унга ушбу ҳадисни зикр қилдим. У менга: «Мен ўша соатни биламан», – деди.

«Менга унинг хабарини бер. У ҳақда менга бахиллик қилма», – дедим.

«У (соат) асрдан сўнг қуёш ботгунча», – деди.

«Қандай қилиб асрдан кейин  бўлиши мумкин? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон банда ўша (соат)ни намоз ўқиган ҳолида топса», – деганлар-ку? Мазкур соатда намоз ўқилмайди-ку?!», – дедим.

Абдуллоҳ ибн Салом: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозга интизор бўлиб ўтирса, намозда бўлади, демаганларми?» – деди. «Ҳа», – дедим. «У худди шунинг ўзи», – деди».

Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Икковлари:

«У қуёш ботишидан олдинги охирги соатдир», – деганлар.

 

«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан

Муаллиф
Азизхўжа Хайруллоҳ ўғли
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . , . ,. . .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Афзал кунларингиздан бири жума кунидир. давоми...

19629 04:00 / 25.04.2025
Язид ибн Абу Марям розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абоя ибн Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳу орқамдан келиб, менга етишиб олдилар. Мен жума намозига кетаётган давоми...

4592 04:06 / 24.05.2024
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон минбарга чиқсалар, салом берар эдилар,. Ибн Можа ва Шофеъий ривоят давоми...

1708 08:54 / 01.11.2024
Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жамоат ила жума намози ўқиш ҳар бир мусулмон учун ҳақдир, вожибдир. Фақат давоми...

3585 04:00 / 18.08.2023