1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

20-боб. Отаси силаи раҳм қилиб юрадиган одамга яхшилик қилиш

08:30 / 12.01.2019 3890 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

40. Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Сафарда бир аъробий олдимиздан ўтди. Ўша аъробийнинг отаси Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган эди. Аъробий:

«Фалончининг ўғлимисан?» деди.

«Ҳа», деди Ибн Умар ва орқасидан эргаштириб юрадиган эшакни беришга амр қилди ва бошидаги салласини ечиб, унга берди. Шунда у билан бирга турганлардан бири:

«Унга икки дирҳам кифоя қилмасмиди?!» деди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Яна Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин», деганлар», деди Ибн Умар».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу сафарда кетаётиб, бир аъробий – саҳролик арабни учратиб қолибдилар.

Аъробийлар саводсизлиги, соддалиги, муомалалари бир оз қўполроқ бўлиши билан танилганлар. Ана шу аъробийнинг отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган экан.

Аъробий Ибн Умарга қараб: «Сен Умарнинг ўғлимисан?» дебди.

«Ҳа, мен Умарнинг ўғлиман», дебдилар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ва унга бир эшак совға қилишга амр қилибдилар. Сўнгра бошларидаги саллаларини ҳам ечиб, унга кийдириб қўйибдилар.

Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳамсафарларидан баъзилари: «Бунга бир-икки дирҳам бериб қўйсангиз ҳам бўларди», дейишибди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Отангнинг дўстлигини муҳофаза қилгин, сақлагин, уни кесмагин, кессанг, Аллоҳ таоло нурингни сўндириб қўяди», деганларини эшитганман. Шунинг учун бу одам икки дирҳамга лойиқ бўлса ҳам, эшак миндириб, салламни кийдирдим», дебдилар.

Бошқа ривоятларда ҳамсафарлари: «Бу киши оз нарса билан ҳам хурсанд бўлаверарди», дейишгани, шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг «Унинг отаси отамнинг дўсти эди, шунинг учун эҳтиром қиляпман, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга амр қилганлар», деганлари айтилган.

Демак, фарзанд ота-онасига улар вафот этиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилишни истаса, ота-онаси дўст тутган кишиларни дўст тутиб, уларга яхшилик қилиб, Ибн Умар розияллоҳу анҳу улов миндириб, кийим берганлари каби ишларни қилиб бориши керак бўлади.

41. Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликларнинг яхшиси кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилишидир», дедилар».

Шарҳ: Бу ривоят ҳам ўзидан олдинги ривоятни таъкидлаб келади. Ушбу ҳадисдан ўғил ёки қиз фарзанд ота-онаси вафот этиб кетгандан кейин ҳам уларнинг ҳурматини қилмоқчи бўлса, улар дўст тутган кишиларни ота-онасини ҳурмат қилгандек ҳурмат қилиб, уларга моддий ёрдам, хайр-эҳсонлар ва бошқа яхшиликлар қилиб туриши кераклигини билиб оламиз.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаси вафот этганидан кейин мусулмон фарзанд отасининг акаукаларини худди отасини эъзозлагандек эъзозлаши, уларни ота ўрнида кўриши лозимлиги шариатимизнинг давоми...

3139 11:06 / 14.01.2020
80. Мусо ибн Улай отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқа ибн Жуъшумга.Сени энг улуғ садақага ёки энг улуғ садақалардан бирига йўллаб давоми...

2733 21:10 / 01.06.2019
Ибн Умардан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Барчангиз масъулдирсиз ва раъиятингиздан сўралурсиз. Имом масъулдир. У ўз раъиятидан сўралур. давоми...

3208 16:00 / 19.04.2021
Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан яна бири ndash фарзанд отаона хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам, уларнинг розилигини топиши давоми...

3988 12:55 / 02.01.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021