1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Қаффол Шоший

18:45 / 24.01.2019 4155 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом, аллома, фақиҳ, усули фиқҳ илмининг олими, луғат билимдони, Хуросон аҳлининг пешвоси Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший Шофеъий. «Қаффоли Кабир» номи билан машҳур бўлганлар. Мовароуннаҳрда ўз замоналарининг пешво имоми, қатор китоблар муаллифи.

Ҳоким айтдилар: «Мовароуннаҳрда усул илмининг билағони, ҳадис талабида кўп юрт кезган олим».

Абу Бакр ибн Хузайма, Ибн Жарир Табарий, Абдуллоҳ ибн Исҳоқ Мадоиний, Муҳаммад ибн Муҳаммад Боғандий, Абул Қосим Бағавий, Абу Аруба Ҳарроний ва уларнинг табақасидагилардан ҳадис эшитганлар.

Шайх Абу Исҳоқ «Табақот» китобларида Шошийнинг 336 йилда оламдан ўтганликларини қайд этадилар. Бу нотўғри маълумот. Абу Абдуллоҳ Ҳоким бу кишининг вафотлари тарихини аниқроқ қилиб, 365 йил деб кўрсатадилар. Айнан шу санани Абу Саъд Самъоний ҳам таъкидлаганлар ва 291 йилда таваллуд топганликларини ҳам қўшиб қўйганлар. Қабрлари Шошда.

Абу Исҳоқ айтадилар: «У киши Ибн Сурайждан фиқҳни ўрганганлар».

Бу ҳам хато. Қаффол келишларидан уч йил олдин Ибн Сурайж вафот этганлар.

Самъоний айтадилар: «У киши шунчалик кўп китоб ёзганларки, бунчалик китоб ёзганлар кам. Фуқаҳолар ўртасида бўладиган баҳс-мунозара аҳком ва қоидалари тўғрисида китоб ёзиб, бу соҳанинг тамал тошини қўйдилар. У кишининг усули фиқҳга бағишланган асарлари ҳам бор. «Шарҳур-рисола» номли китоб ҳам битганлар. Мовароуннаҳрда шофеъий мазҳаби у киши орқали тарқалди».

Шошийнинг қарашларида бошқаларда бўлмаган жиҳатлар мавжуд. «Ар-Равза» китобларида: «Касал одам икки намоз орасини жамлаши (яъни аср билан пешинни, шом билан хуфтонни биргаликда ўқиши) мумкин, – деганлар. Яна: «Катта ёшдаги одам ҳам ўз номидан ақиқа қилса, мустаҳаб», – деб айтганлар. Аммо Имом Шофеъий: «Ёш ўтгандан кейин ақиқа қилинмайди», – деганлар.

Бу кишидан Ибн Манда, Ҳоким, Суламий, Абу Абдуллоҳ Ҳалимий, Абу Наср ибн Қатода ва у кишининг ўғиллари «Ат-Тақриб» китобининг муаллифи Қосим ҳадис ривоят қилганлар. Бу китоб ниҳоятда фойдали, лекин топилиши қийин. Ундан «Ан-Ниҳоя» асарининг муаллифи Имомул Ҳарамайн кўп фойдаланганлар. «Ал-Васит» китоби муаллифи «Ар-Раҳн» асарларида ҳам зикр этилган китобдан кўп фойдаланганлар. Унда «Абул Қосимдан» дейилган. «Қосим» дейиш тўғрироқ.

Самъоний айтадилар: «Абу Бакр Қаффол Шошийнинг «Далоилун-нубувва», «Маҳосину шарийъа» номли китоблари бор».

Ҳалимий айтадилар: «Устозим Қаффол ўз асримда учрашган олимларнинг энг олимидирлар».

Шайх Муҳйиддин Нававий айтадилар: «Агар Қаффол Шоший дейилса, Абу Бакр Қаффол Шоший, агар Қаффол Марвазий дейилса, тўрт юзинчи йилдан кейин дунёга келган «Кичик Қаффол» тушунилади. Шошийнинг номлари тафсир, ҳадис, усул, калом китобларида кўп зикр қилинади. Аммо Қаффол Марвазийнинг номлари фиқҳий китоблардагина келади».

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом бизнинг ичимизда бир мақомда турдилар. У зот ўша мақомларида қиёмат қоим бўлгунча бўладиган давоми...

6448 05:00 / 06.01.2017
11. Фан олимлари билан шариат олимлари ўртасини айириш динсизликдан қолган сарқит. Бошқача қилиб айтганда, бу ёндашув Ғарбдаги дин ва дунё илмлари ўртасидаги давоми...

1645 16:02 / 15.09.2023
Сулаймон алайҳиссалом Бану Исроилга юборилган набийлардан бири бўлиб, Довуд алайҳиссаломнинг ўғилларидир. Сулаймон алайҳиссаломга ҳам, худди оталарига давоми...

43580 16:12 / 06.04.2019
.Шарқий жабҳа, деганда Мовароуннаҳр юртлари, Синд юрти, Ҳиндистон кўзда тутилади. Икки дарё ndash Сайҳун ва Жайҳун дарёлари орасидаги ва унинг атрофидаги ерлар давоми...

1477 10:21 / 02.04.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021