1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳар бир бидъат залолатдир

18:00 / 25.01.2019 6576 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида бир неча ҳақиқатни баён қилмоқдалар:

1. «Энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир».

Шундай бўлганидан кейин Аллоҳнинг Китобини ўқиш-ўрганиш ва унга амал қилиш керак. Ким Қуръондан бошқани ундан устун қўйса, катта хато қилган бўлади. Ҳадисдаги бу жумла Китобни маҳкам тутиш зарурлигини кўрсатади.

2. «Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир».

«Ҳидоят» сўзи луғатда бир нарсага лутф билан йўллаб қўйишни ифода этади. Дунёда одамларни ҳидоят қилишни даъво қиладиганлар кўп. Лекин энг яхши ҳидоят – охирги ва энг афзал Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари ўзларининг Суннатларида баён қилинган. Ким ҳақиқий ҳидоятни топаман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини маҳкам тутсин! Ким ҳақиқий тўғри йўлда юраман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юрсин!

3. «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир».

Аввал айтганимиздек, бу гап Ислом янгиликка қарши деган маънони билдирмайди. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Дарҳақиқат, Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш энг ёмон ишдир. Ана шундай шароитда пайдо бўлган

«Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир». 

«Бидъат» сўзи луғатда янгидан ўйлаб чиқарилган нарсани англатади. Шариатда эса бидъат деб Қуръон ва Суннатда зикри келмаган нарсаларнинг янгидан пайдо бўлишига айтилади. Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъатдир.

«Ҳар бир бидъат залолатдир».

Қуръон ва Суннатга хилоф нарса залолат бўлмай, нима ҳам залолат бўлар эди.

«Барча залолат дўзахдадир».

Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган иш ҳам, унинг қилувчиси ҳам дўзахга тушади. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиш лозим. Бунинг учун эса аввало уларни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳақиқий исломий иш нима, ҳақиқий бидъат нима эканлигини яхши ажрата билиш керак. Ушбу ҳадиси шарифни суистеъмол қилиб, ҳамма нарсани бидъатга чиқариб, ҳаммани дўзахга маҳкум қилиб юбормаслик ҳам зарур.

Биз мусулмонлар бугунги кунда ушбу ҳадисни ҳаётга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Аллоҳнинг каломини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари – Суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз керак. Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушламоғимиз, уларга хилоф бўлган барча бидъатлардан халос бўлмоғимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
IХ бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Баъзи инсонлар мавъиза учун йиғилиб ўтиришни ёмон кўришди. Баъзилар, агар бу билан Аллоҳ таолонинг давоми...

2136 15:40 / 02.05.2019
Амр ибн Қайс айтади .Умар ибн Абдулазизнинг ўлими яқинлашгач, .Эй мўминларнинг амири, бизга нима васият қиласиз, дейишди. .Менинг ушбу ҳалокатимдан огоҳ бўлинглар. давоми...

2122 08:23 / 14.04.2020
Бу шундай динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳршафқат, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, давоми...

4681 19:30 / 12.08.2020
Бир гўзал мўмина аёлдан қандай пардоз қилиши ҳақида сўрашди. У шундай жавоб берди .Лабларимни ростгўйлик билан бўяйман. Кўзларимни раҳмат, меҳршафқат билан давоми...

3673 07:06 / 25.12.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021