1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуонинг одоблари

10:00 / 09.04.2019 3145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан ўтдилар. Мен икки бармоғим ила дуо қилаётган эдим. Бас, у зот «Битта қил, битта қил», деб кўрсаткич бармоқлари ила ишора қилдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ривоятда зикр қилинаётган тарздаги дуо арабларда бор. Уларда дуо қила туриб, «Ё Аллоҳ!» каби иборалар нутқ қилинганда кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш одати бўлган.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу дуо қилаётиб, бир эмас, бир неча бармоқлари билан ишора қилган эканлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолни кўриб, хато эканини англатган ва нима қилишни кўрсатган эканлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Деворларни (парда билан) тўсманглар. Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, албатта, оловга назар солган бўлади. Аллоҳдан кафтларингизнинг ичи билан сўранглар, сирти билан сўраманглар. Қачон фориғ бўлсангиз, уларни юзингизга суртинг», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига бир неча тавсияларни бермоқдалар:

«Деворларни (парда билан) тўсманглар».

Чунки бундай қилишда исроф, беҳуда сарф-харажат бор ва ўша вақтларда бу маъносиз нарса бўлиб, такаббурликнинг белгиси ҳисобланган.

«Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, албатта, оловга назар солган бўлади».

Чунки мактубда ёзилган нарсалар мактуб эгасининг маънавий мулки ҳисобланади. Бировнинг мулкига эгасининг рухсатисиз қараб ёки кириб бўлмайди. Кўпинча мактубда бошқа мулклардагидан кўра ҳассосроқ ва хафвлироқ нарсалар бўлади. Шунинг учун ҳам бировнинг мактубига унинг изнисиз назар солган киши оловга назар солган бўлади. Олов кўзга зарар қилганидек, хиёнат қилаётган кўзга ҳам у ўқиётган мактуб зарар қилади.

Баъзи уламолар «Бу ердаги оловдан мурод дўзах олови бўлиши ҳам мумкин», деганлар.

«Аллоҳдан кафтларингизнинг ичи билан сўранглар, сирти билан сўраманглар».

Сўровчи одам боласидан сўраганда ҳам ўз эҳтиёжини билдириш учун кафтини очади. Аллоҳ таолодан сўраганда ҳам бунинг тескарисини қилса, мутакаббирлик қилган бўлади.

«Қачон фориғ бўлсангиз, уларни юзингизга суртинг».

Чунки кафтларга Аллоҳ таолонинг раҳмати нозил бўлган бўлади.

Дуонинг одобларидан бири икки қўлни кўтариб, кафтнинг ичини ўзига қаратиб дуо қилиш, сўнгра эса уларни юзга суртишдир. Ҳадиси шарифнинг ушбу қисмига бизнинг диёримизда жуда ҳам яхши амал қилинади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган Эй одамлар Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, давоми...

2650 16:21 / 12.10.2020
Илк .Иқро, ояти нозил бўлганидан бошлаб то бугунги кунгача дин душманларининг Исломга қарши хуружи бир соат ҳам тўхтамаган. Исломга, унинг муқаддасотларига қарши давоми...

5715 19:40 / 03.11.2019
Абдуллоҳ ибн Робиъадан ривоят қилинади .Атаба ибн Фарқад Абдуллоҳга .Эй Абдуллоҳ, биродарингнинг ўғлига гапириб қўймайсанми, менинг ишимга ёрдам берсин,, деди ўз давоми...

2318 07:10 / 14.09.2019
Расули карим қабрлари олдида ҳаёдан бошимни эгган кўйи туриб қолдим. Ичимдан қуйидаги сўзлар қочиб чиқа бошлади .Сиз Раббингиздан етказишни дўндирдингиз, биз давоми...

3657 11:00 / 02.08.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021