1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Танамизни Рамазонга тайёрлаймиз

19:10 / 01.05.2019 3245 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазонга саноқли кунлар қолганида, энг аввало танамизни рўзага тайёрлаш керак бўлади. Бу йил насиб этса Рамазон баҳор ойига тўғри келмоқда. Кунлар узайиб, ҳаво исиши билан иқлим ўзгарадиган паллаларда тўғри келаётган рўза кунларида тўғри ва соғлом овқатланиш, таомланиш вақти ва озуқалар ўзгариши, очлик ҳисси ортиши билан кечади. Бу ҳолатларга танамизни аввалдан ўргатиб боришга эришсак, муборак Рамазон ойида соғлиқ билан боғлиқ муаммоларсиз ибодатларимизни бажаришга муваффақ бўламиз, иншааллоҳ.

Муборак Рамазон ойига киришдан аввал энг муҳим ҳозирликлардан бири егулик миқдорини камайтиришдир. Албатта, бу борада Шаъбон ойида рўза тутиш энг асосий ёрдамчи бўлади. Бироқ, Шаъбон ойида рўза тутолмаганлар Рамазон учун тайёргарликни овқатланишни камайтиришдан бошлаганлари маъқул. Дастурхонга фойдали ва тўйимли озуқалар, мева-сабзавот, сут маҳсулотлари ва дуккакли маҳсулотлар тортамиз. Бу егуликларга Рамазондан аввал вужудни кўниктириш, рўза кунларида ошқозон-ичак тизими билан боғлиқ муаммолардан узоқ бўлишни кафолатлайди. Бугундан бошлаб енгил салатлар, қайнатилган ёки буғда пиширилган сабзавотларни тановул қилишни бошласак, Рамазонда бу егуликларни истеъмол қилишга танамиз кўникма ҳосил қилган бўлади.

Ёғли, шўр, дудланган маҳсулотларни оддий кунларда ҳазм қилиш қийин бўлгани учун Рамазонда бемалол хавфли егуликлар гуруҳига қўшишимиз мумкин. Бу егуликлар ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқиш хавфи юқори бўлгани учун ҳам Рамазон ойида улардан кескин тийилган маъқул. Мол ва қўй гўшти, товуқ, балиқ маҳсулотларини печда тоблаб ёки қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш фойдали. Аввало, тановул қилаётган егуликлар саломатлигимиз, ибодатлар учун куч-қувват бўлишини ҳисобга олиш керак. Узоқ очликдан кейин ширинликлар истеъмол қилиш қонда шакар миқдорини ошириш билан бирга, саломатликка жиддий хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун ҳозирдан ширинликлар истеъмол қилишда меъёрдан ошмаслик, имкони бўлса шакар ва шакар маҳсулотларини қуруқ мевалар, шакарсиз қоқи қайнатмалари, тоза мева ва сабзавот шарбатлари (уй шароитида тайёрланган) ҳамда асал билан алмаштирган мақсадга мувофиқ. Рамазондан аввал, Рамазонда ва ундан кейин истеъмол қилишдан тийилиш керак бўлган газли ичимликлар, тайёр мева шарбатлари ва юқори калорияли ширин сувлардан парҳез қилишнинг ҳозир айни вақти. Турли дамламалар, гиёҳли, доривор ўтлар қайнатмаларини ичиш билан ҳам кундалик қабул қилинадиган суюқликлар билан ортиқча вазндан қутулиш, ҳам Рамазондан аввал вужуддаги ортиқча токсинлардан халос бўлиш мумкин. Айни кунларда Рамазон ойига тайёргарлик кўришнинг вақти. Кеч қолманг ва шайтонлар кишанланиб, бандалар руҳан покланадиган ойга аввал танангизни поклаб киришсангиз, хотиржам, ҳаловатли ибодатга мушарраф бўласиз.

Рамазондан аввал токсинлардан қутулиш учун махсус парҳез олди ичимлик тайёрлаш:

2 литр сув;

2 дона кўк олма;

1 дона лимон;

1 чой қошиқда қалампирмунчоқ доналари;

1 чой қошиқда донали қора мурч;

1 дона долчин пўчоғи (корица).

Олма ва лимон паррак-паррак қилиб тўғралади ва икки литр сувга солинади. Ортидан қалампирмунчоқ, қора мурч ва долчин ҳам солнади  ва 15 дақиқа давомида қайнатилади. Тайёр бўлган дамлама кун давомида ичилади. Бу доривор дамлама заҳарли токсинлардан халос бўлишга ва Рамазонга тетик, соғлом киришга ёрдам беради.

Аллоҳ барчамизни Рамазонга соғ-саломат, хотиржам ва ҳамжиҳатликда етказсин!

 

Таржимон
Умида Адизова
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзларининг Муснад номли китобларида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар .Ансорлардан бир киши Набий соллаллоҳу давоми...

5651 19:05 / 25.06.2020
Нега шундай Нега инсониятнинг бир қисми исрофгарчиликда, иккинчи бир қисми оч ва ночор Нега баъзиларнинг бир кунлик эҳтиёжи бошқаларнинг бир йиллик эҳтиёжига давоми...

4956 15:30 / 18.04.2019
Мавлоно Муҳаммад Шамшод Надавий ҳазратлари айтадиларМусулмонларнинг бир гуруҳи сепни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканлигини исбот давоми...

5237 11:05 / 27.07.2019
Хут ибн Рофеъдан ривоят қилинади .Амр ибн Атаба шериклари билан уларнинг ходими бўлишга шартлашиб олган эди. Иссиқ кунлардан бирида у чорва боққани чиқди. давоми...

2358 09:10 / 15.09.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021