1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эрнинг хотини олдидаги муомалавий бурчлари

08:55 / 02.07.2019 4648 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Биринчи мақола)

 Эр ўз хотини олдидаги молиявий бурчларини адо этиш билан бирга, муомалавий бурчларини ҳам шараф билан адо этиш пайидан бўлиши лозим.

Эр хотинига яхши муомалада бўлиши ва унинг озорларига чидаши керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ва улар ила яхшиликда яшанг» («Нисо» сураси, 19‑оят).

Ислом таълимотларига биноан, эр‑хотин орасидаги муносабат севги-муҳаббат, раҳм-шафқат ва унсу улфат алоқаси бўлиши лозим.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолганлиги учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми, ахир?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» – деганлар.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида яна шундай дейди:

«Ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» (21‑оят).

Никоҳ туфайли эр‑хотин нафақат жисман, балки руҳан ҳам қўшилади. Уларнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, виждонлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахт-саодатлари – барча-барчаси қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳ таолонинг исми ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِي جَارَهُ، وَاسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا، فَإِنَّهُنَّ خُلِقْنَ مِنْ ضِلَعٍ، وَإِنَّ أَعْوَجَ شَيْءٍ فِي الضِّلَعِ أَعْلَاهُ، فَإِنْ ذَهَبْتَ تُقِيمُهُ كَسَرْتَهُ وَإِنْ تَرَكْتَهُ لَمْ يَزَلْ أَعْوَجَ، فَاسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ وَفِي رِوَايَةٍ: إِنَّ الْمَرْأَةَ خُلِقَتْ مِنْ ضِلَعٍ لَنْ تَسْتَقِيمَ لَكَ عَلَى طَرِيقَةٍ، فَإِنِ اسْتَمْتَعْتَ بِهَا اسْتَمْتَعْتَ بِهَا وَبِهَا عِوَجٌ، وَإِنْ ذَهَبْتَ تُقِيمُهَا كَسَرْتَهَا وَكَسْرُهَا طَلَاقُهَا.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!» дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Албатта, аёл киши қовурғадан яратилгандир. У сен учун бир йўлда мустақим турмас. Агар сен ундан эгрилигича ҳузурлансанг, ҳузурланиб қолдинг. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Унинг синиши талоғидир», дейилган.

Айбсиз инсон, жумладан, хато қилмайдиган аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи. Аёл кишини Аллоҳ таоло ўзига хос табиат билан яратган. У хотин бўлиши, она бўлиши ва бу вазифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Шунинг учун ҳам аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур. Бунинг акси ўлароқ, унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага келган. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан эркак киши кўтара олмайдиган юз ва ундан ҳам ортиқ нарсани кўтариши мумкин, аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги аниқ. Эр киши, ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда, хотинига яхши муомалада бўлиши лозим.

Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда:

«Аёлларга доимо яхшилик қилинг!» – демоқдалар.

Халқимизда ушбу маъно «аёл киши яхши сўзнинг гадоси» деган ҳикматли ибора билан ифода қилинган. Бундан аёл кишига нисбатан унинг муомаласига қараб эмас, балки доимо яхши муносабатда бўлиш кераклиги келиб чиқади. Чунки аёл кишининг яратилиш фитрати шуни тақозо қилади. Аллоҳ таоло аёл кишини, аввал айтиб ўтилган ҳикматларга биноан, шундай қилиб яратган.

Шу боисдан, аёлдан содир бўладиган ҳар бир нарсани тафтиш қилиб, унинг бошқача бўлиши учун уриниш маслаҳат берилмайди. Балки, аёл табиатига хос бўлган нарсаларни ўз ҳолида қолдириб, сабр қилиш афзал бўлади. Ана ўшанда уриш-жанжаллар озаяди, оиланинг бузилиш хавфи йўқолади. Акс ҳолда, «уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан». Аёл кишидан содир бўлган ҳар бир эгриликни тўғрилашга уриниш яхши натижага эмас, балки оила бузилишига олиб келиши мумкин.

Демак, аёл кишидан содир бўладиган камчиликларга сабр қилиб, у билан яхши яшашга уриниш эрнинг вазифасидир.

Аёл кишининг эридаги ҳақларидан энг муҳими бўлмиш – яхши яшаш, унга гўзал муомала қилиш ҳақида шариатимизнинг тавсиялари жуда ҳам кўпдир.

(Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш отаонанинг бурчи, боланинг ҳаққидир.Азон илоҳий мадҳия экани барчага маълум. Бу ишнинг фазли қанчалар давоми...

9795 12:30 / 19.11.2019
Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади.Бобом .Ё Расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай, ndash деди..Онангга, отангга, опасинглингга, акаукангга ва улардан кейин келадиган давоми...

4109 15:20 / 16.09.2021
Валийлик отаона ва қариндошларнинг бурчи ва ёш болаларнинг ҳаққидир.Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. давоми...

2501 11:05 / 07.02.2020
Оилада аёлларнинг ўз эрлари олдида бир неча бурчлари борлиги шариатда Қуръони rарим ва Суннат асосида баён қилинган. Аёлларнинг бу бурчларини эркаклар эмас, балки давоми...

4769 17:40 / 22.05.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021