1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

У зот сенга маърифатни етказувчидир

11:00 / 28.07.2019 2045 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

إِذَا فَتَحَ لَكَ وِجْهَةً مِنَ التَّعَرُّفِ فَلَا تُبَالِ مَعَهَا أَنْ قَلَّ عَمَلُكَ، فَإِنَّهُ مَا فَتَحَهَا لَكَ إِلَّا وَهُوَ يُرِيدُ أَنْ يَتَعرَّفَ إِلَيْكَ، أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ التَّعَرُّفَ هُوَ مُورِدُهُ عَلَيْكَ، وَالْأَعْمَالَ أَنْتَ مُهْدِيهَا إِلَيْهِ، وَأَيْنَ مَا تُهْدِيهِ إِلَيْهِ مِمَّا هُوَ مُورِدُهُ عَلَيْكَ؟

Қачон У Зот сенга маърифат йўналишини очса, бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма. Чунки, албатта, уни сенга Ўзини танишингни ирода қилиб очди. Билмадингми, албатта, У Зот сенга маърифатни етказувчидир. Амалларни эса сен Унга тортиқ қилувчисан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У Зот сенга етказган нарса қаерда?

– Амаллар – фарз, вожибни бажариш учун, суннатга амал қилиш учун, шунингдек, фазлини ошириб, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида бажариладиган нафл тоат, ибодат ва фаолиятлар.

– Маърифат йўналиши – банданинг қалб кўзи очилишига йўлловчи беморлик, таъсирли ҳодиса, ҳайратга солувчи воқеа, кўрилган туш каби қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний маърифатлар ва раҳмоний латофатларга сабаб бўлади.

– Маърифат – маъруфни билиш ҳақиқатининг ҳар қандай ҳолатда ҳам чиқмайдиган тарзда қалбда жойлашиши.

Ушбу ҳикматда Аллоҳ таоло турли сабабларга кўра банданинг қалбида Ўзини танитиш учун йўл очиб қўйиши ҳақида сўз кетмоқда.

«Қачон У Зот сенга маърифат йўналишини очса, бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма».

Бу нарса, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таолонинг бандага илҳом бериши орқали ёки беморлик, оғриқ, мусибат, даҳшатли ҳодисалар ёхуд нафсга оғир ботадиган, алам берадиган камағаллик, хорлик ва одамларнинг озори каби нарсалар бўлиши мумкин.

Ана ўша пайтда банда хурсанд бўлиши, дарҳол Аллоҳ таолога таслим бўлиши ва ўша маърифат йўлидан манфаат олишга шошилиши лозим. Бунда у амалининг озлигига парво қилмаслиги керак. Аллоҳ таолонинг инояти ва лутфу карами тажаллий қилиб турганда амалнинг аҳамияти йўқ.

«Чунки, албатта, уни сенга Ўзини танишингни ирода қилиб очди».

Зотан, бандага амал қилишни буюрган Зотнинг Ўзи бевосита Ўзига маърифат ҳосил қилиш эшигини очиб турибди. Бу ҳолат ҳар бир бандага, маърифати борга ҳам, маърифатдан йироқ, қалб кўзи кўрга нисбатан ҳам бўлиши мумкин. Аввал таниган банданинг маърифати яна ҳам зиёда бўлади. Аввал танимаган эса маърифат ҳосил қилади. Бу йўл билан маърифат ҳосил қилиш амал воситаси ила маърифат ҳосил қилишдан кўра жуда ҳам устундир.

«Билмадингми, албатта, У Зот сенга маърифатни етказувчидир. Амалларни эса сен Унга тортиқ қилувчисан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У Зот сенга етказган нарса қаерда?»

Албатта, иккисининг орасидаги фарқ беқиёсдир. Шунинг учун банда Аллоҳ таоло ўзига нисбатан маърифат йўлини очганда хурсанд бўлиши, шукр қилиши лозим бўлади.

Баъзи уламолар, жумладан, шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий айтадиларки, банданинг Аллоҳ таолога маърифати ва қурбат ҳосил қилиши икки йўл билан бўлади:

Биринчиси – банданинг ўзи ҳаракат қилиб, таълим олиб, ўқиб-ўрганиб, зикр, тоат-ибодат ва турли савобли амаллар йўли билан маърифат ҳосил қилади.

Иккинчиси – Аллоҳ таоло бандага Ўзини танитиш йўлини очиб қўяди. Бунда амалнинг оз бўлиши аҳамият касб этмайди. Дарҳақиқат, ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам бу маънони таъкидловчи ҳодисалар тез-тез бўлиб турибди.

Дунёга берилиб, охиратни унутиб юрган, ибодатни бир четга қўйиб, ўзини маъсиятга урган бандалардан баъзилари бирор ҳодиса таъсири остида ҳидоят топиб, тўғри йўлга тушиб, ибодатга бериладилар ва саодатга эришадилар.

 «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Беморлик соғликнинг зиддидир. Беморликни баъзи уламо .Жисмнинг мўътадиллик чегарасидан чиқиши, деб таърифлашган. Яъни беморлик тананинг ўз вазифаларини давоми...

3255 15:00 / 02.07.2020
Имом Аҳмад доим қизига Имом Шофеъийнинг фазли, илми ва тақвоси ҳақида кўп гапирарди. Бир куни уни уйига таклиф қилди. Кечки овқатни тановул қилишгач, Имом Шофеъий давоми...

5605 21:00 / 20.03.2021
Бугунги кунда мусулмон одам гирифтор бўлаётган ҳар қандай балоофат, қийинчиликлар ndash улар умумий бўлсин, хос бўлсин ndash инсонларнинг зулми туфайли берилган давоми...

8147 12:11 / 18.06.2020
Абу Саъид ривоят қилади .Зоҳидлардан бири шундай ҳикоя қилади .Абулҳорис Улосий мендан .Менинг тавбам қандай бошланганини биласанми, деб сўради. .Йўқ, дедим. У давоми...

3323 08:00 / 27.11.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021